Cавол: Савол беришдан мақсад суннатни инкор қилиш эмас. Фақат ҳозирги кунда кимлардир ҳижома, яна кимлардир донорлик қилдирадилар. Автоҳалокат ва бошқа турли касалликлар туфайли беморларга қон зарур бўлиб қолади. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги даврда ҳижома қилдирган яхшими ёки донорликми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз сўраган нарса қон олдирувчи беморнинг ҳолати ва шифокорнинг унга берган тавсиясига қараб белгиланади. Ўзи соғлом, лекин қон олдирмоқчи бўлган инсонга сиз айтган мулоҳазалар туфайли донорлик афзал ҳисобланади. Чунки бунда инсонларга ёрдам бериш, ҳаётини қутқариш каби яхшиликлар бор. Аммо мазкур донорлик беғараз бўлиши, яъни маблағ эвазига бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам этиб яратгани учун, ҳур одамни ва унинг тана аъзоларини сотиш асло мумкин эмас. “Фатҳи бобил иноя” китобида бу ҳақда бундай дейилган:
وَلاَ بيع أَجْزَاءِ آدَمِيِ لكرامته
“Инсон мукаррам бўлганлиги учун унинг аъзоларини сотиш мумкин эмас”.
Лекин қон қуйиш зарурати туғилганда холис ёрдам берувчи топилмай қолса, бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун қон сотиб олишга рухсат берилади.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Тошкент ислом институтининг 1-курс талабаси Билолиддин Иброҳимжонов 30 пора Қуръони каримни бир кунда ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини "Қуръон илмлари" кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Ҳабибулло қори Олимжонов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.
Ушбу натижани тақдирлаш учун 5 декабр куни тадбир ташкил қилинди. Тадбирда Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, проректор Ёқубжон домла Бухорбоев, кафедра мудирлари Соатмурод домла Примов ва Жаҳонгир қори Неъматов ҳамда институтнинг бошқа устоз ва талабалари иштирок этишди.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати