Язид ибн Муовиянинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 60–64; милодий 680–683)
Тўлиқ исми: Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён. Муовия ибн Абу Суфённинг бу эрка фарзанди ёшлигидан роҳат-фароғатда ўсди. Овга, ўйин-кулгига қизиқиши катта эди. Аввал айтилганидек, халифалик унга отасининг амри билан ўтди. Муовия ибн Абу Суфён тириклик пайтида ҳамма Язид ибн Муовияга байъат қилди. Мадинаи мунавварада бир канча одамлар унга байъат қилишдан бош тортганда, Язид уларни ҳам байъат қилишга мажбурлашга уриниб кўрди.
Шундан кейин Ибн Умар, Ибн Абу Бакр, Ибн Аббослар байъат қилдилар. Аммо халифаликдан умидвор бўлиб юрган имом Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо байъат қилмай, Маккага кетиб қолишди.
Язид ибн Муовия давридаги фатҳлар
Бу даврда фақат Африкадагина баъзи бир фатҳлар бўлди. Бошқа тарафларда ички фитналар ва бошқа ҳодисалар сабабли фатҳ ишлари тўхтаб қолди. Африкада Уқба ибн Нофеъ ўзининг фатҳларини ғарб томон кенгайтириб борди. У Мағриб юртларининг барчасини фатҳ қилиб, Атлантика океанигача етиб борди. Ривоят қилинишича, Уқба ибн Нофеъ мазкур океан соҳилидаги бир тепалик устига чиқиб: «Роббим, агар ушбу денгиз бўлмаганида, Сенинг йўлингда жиҳодни давом эттирар эдим, агар ундан кейин яна ер келишини ва у ерда ҳам одамлар борлигини билсам, шу денгизга шўнғирдим», деган экан.
ИЧКИ ҲОДИСАЛАР
Шийъаларнинг қўзғалонлари
Мавзуга киришишдан аввал шийъалар тарихига оид айрим маълумотлар билан танишиб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади.
«Шийъа» сўзи луғатда «тарафкаш» маъносини англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алийга тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади. Аслида шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган.
Учинчи халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу вафотларидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бўлдилар. У кишига тарафдор бўлганлардан баъзилари кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар. Ҳазрати Алийнинг ўзлари бу гаплардан бехабар ўтганлар.
Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки сиёсий тарафкашлик оқибатида мухолиф тарафга зид ўлароқ аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.
Тарихчилардан баъзилари бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур «Сиффин» урушига тўғри келади, дейдилар. Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетган. Ҳозирги кунда Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил ва яқин саналадиган, энг асосий шийъа мазҳаби «имомия» ёки «исна ашария» деб номланади, яъни улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар.
Уларни фиқҳий эътибордан имом Жаъфар Содиқнинг эргашувчилари бўлганлари учун «жаъфарийлар» ҳам дейилади.
Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйидагилар:
Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми, Муҳаммад Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида «Сорра ман раъо» деган жойда отасининг ҳовлисида бир ғорга ўхшаш жойга кириб кетган-у, бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қилинади. Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича, имомлик ягона диний раҳбарлик бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади. Мисол учун, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алийга васият қилганлар, ўз навбатида ҳазрати Алий имом Ҳасан ва Ҳусайнга ва ҳоказо.
Шийъа мазҳабидаги мусулмонларнинг эътиқоди бўйича, имом гуноҳлардан пок бўлади ва тўлиқ илм соҳиби бўлади. Уларнинг пайғамбардан фарқи ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар. Улар ҳар куни шом намозидан кейин имом Маҳдий кириб кетган деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра эртага қайтиб келамиз, деб тарқалишади. Улар имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.
Баъзи ҳаддан ошган шийъа тоифалари фаришта Жаброил алайҳиссаломни ҳам сўкадилар. Улар у зотни ваҳийни адашиб Алийга эмас, Муҳаммадга олиб тушган деб айблайдилар.
Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳидсобланади. Улар ўша кунлари имом Ҳасан, имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар. Улардан баъзи бир ҳаддидан ошган тоифадагиларининг эътиқоди бўйича ўша кунлари ким ўзини кўпрок қийнаса, шунча кўп савоб олади.
Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Эрондан уйланишлари бўлган дейдилар. Шу туфайли сиёсий жанжалларда эронликлар имом Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади. Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўладилар. Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Қувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.
Озарбойжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир. Шунингдек, Шимолий Қофқознинг Озарбойжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир. Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрондан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшашади. Уларнинг маҳаллий аҳолиси асли Эрондан бўлгани учун эронийлар ҳам деб атайдилар. Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.
Охирги пайтларда сунний ва шийъий мазҳаблари орасида яқинлашиш ишлари бўйича фаолият олиб борилмоқда. Ҳар мазҳаб ўзининг таълимотларини тутиши билан ўзгани ҳурмат қилиш ва муштарак манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилиш ҳаракатлари йўлга қўйилмоқда. Эронда «Исломий мазҳабларни яқинлаштириш» деб аталган катта муассаса ишлаб турибди. Ҳар йили илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Ҳозирги пайтда имомия шийъалари билан аҳли сунналар орасида муносабатларни яхшилашга ҳаракатлар бўлиб турибди. Имомия мазҳабидаги шийъаларни кофир дейилмайди.
Асосий бахсимизга қайтсак, умавийлар даврида шийъалар томонидан доимий равишда қўзғалонлар уюштириб турилган. Бундай қўзғалонларнинг боиси шийъаларда умавийларга нисбатан адоват кучли бўлиб, уларнинг нияти умавийларни бутунлай йўқотиш ва бу билан барча мусулмонларни заифлаштиришга эришиш эди.
КАРБАЛО ФОЖИАСИ
(ҳижрий 61 йил 10 муҳаррам; милодий 680 йил 10 октябрь)
Ҳижрий 60 йилда халифа Муовия ибн Абу Суфён вафот этиб, ўрнига унинг амрига биноан ўғли Язид халифа бўлиб қолгач, Шом аҳли унга байъат қилди. Сўнг Язид ўзига байъат олиш учун Мадинага одам юборди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишдан бош тортдилар ва ўша кечаси Мадинаи мунавварадан чиўиб, Маккаи мукаррама томон йўл олдилар.
Муовиянинг замонидаёқ Ироқ аҳли имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, у кишини ўзлари томон чорлашар, халифаликни талаб қилишга ундар эдилар. Язид ибн Муовияга байъат қилинганидан кейин имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бир тўхтамга келолмай, узоқ ўйладилар: бир томондан ўз жойларида қолишни, яна бир томондан Ироқ аҳли томон юришни афзал кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу У кишининг Ироққа боришлари тарафдори бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бунга қарши бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса: «Сен кетма, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини берганида у зот охиратни ихтиёр қилганлар. Сен у зотнинг бир бўлагисан, дунёга ноил бўлмайсан», дедилар. Лекин имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Ироқ сари йўлга чиқишга қарор қилиб бўлган эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қучоқлаб, йиғлаб хайрлашдилар. Кейинчалик Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳусайн бизнинг гапимизга кўнмай, чиқиб кетган эди», деб юрар эдилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томонга отланиб турганларида ҳузурларига Амр ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом келиб: «Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Амирлари, омиллари ва байтулмоллари бор юртга боришинг мени хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Сенга ёрдам беришни ваъда қилганлар сенга қарши жангу жадал қилиб қолишларидан қўрқаман», деди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб, қайтариб юбордилар.
Сўнг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб: «Ироққа бормоқчи эканинг одамларни хавотирга соляпти. Нима қилмокчисан ўзи?» деди. «Шу икки кун ичида йўлга чиқишга қарор қилдим», дедилар имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу. «Ундай қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, менга айт-чи, амирларини ўлдириб, душманларини йўқ қилган, юртига эга чиқиб олган қавмнинг олдига бормоқчимисан?! Улар сени алдашидан, ёлғончига чиқаришидан, сенга хилоф қилишидан, сени ташлаб қочишидан, сенга қарши чиқишидан, ашаддий душман бўлиб қолишидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан: «Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига қарайман», дедилар.
Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос яна қайтиб келиб: «Эй амакиваччам! Шунча уринсам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу кетишда кетаверсанг, ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқяпман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Шу ерда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек, сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, аввал омилларини ва душманларини қувишсин, кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқишинг керак бўлса, Яманга бор. У ерда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг тарафдорлари бор. Ўзинг оммадан четроқда бўласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, чорловчиларингни шу йўл орқали ёясан. Менимча, ана шунда офиятда турган ҳолингда ўзинг хоҳлаган нарсага эришасан», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу У кишининг бу гапларини ҳам қабул қилмадилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни, ёш болаларингни олиб борма. Усмон қатл қилинганидек, сен ҳам аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.
У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар. Йўлда у кишига машҳур шоир Фараздак дуч келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ундан: «Одамлар қандай?» деб сўрадилар. «Одамларнинг қалби сен билан, қиличлари Бану Умайя билан. Қазо осмондан нозил бўлур, Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деди Фараздак.
Сўнг имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан мактуб келди. У киши Аллоҳ иоми билан қасам ичиб, зинҳор юртдан чиқмасликни сўраган эдилар. У кишининг мактуби билан бирга Мадинанинг амири Амр ибн Саъиднинг омонлик хати ҳам бўлиб, ортга қайтишни сўраган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу йўлларида давом этавердилар.
Йўлда у кишига Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёққа кетаётганларини билгач, «Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй Расулуллоҳ қизининг ўғли! Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Аллоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, бундай қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бану Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар сени албатта ўлдиришади. Сендан кейин эса ҳеч кимдан тап тортмай қўйишади. Аллоҳга қасамки, Ислом ҳурмати, Қурайш ҳурмати, араб халқи ҳурмати, бундай қилма! Ўзингни Бану Умайяга тутиб берма!» деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай, йўлларида давом этдилар. У киши ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганларида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилингани ҳақида хабар келди. Баъзи кишилари: «Аллоҳ номи ила илтимос қиламиз, шу ердан ортингизга қайтинг!» дейишди. Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб «Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим тотган нарсани биз ҳам тотамиз!» дейишди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу одамлари билан юриб бориб, Батни Ақаба номли ерга тушдилар. Ўша ерда у кишига араблардан бир киши учраб: «Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, ортингга қайт! Аллоҳга қасамки, найзаларнинг учига, қиличлар тиғига қараб кетяпсан! Анави сени чақирганлар сени жангга керакли нарсалар билан таъминлаганларида, ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганларида, борсанг бўлар эди. Аммо ҳозир сен васф қилган ҳолатда зинҳор бориб бўлмайди! Ортингга қайт!» деди.
У кетганидан кейин Ҳар ибн Язид Тамимий бошлиқ минг нафар отлиқ келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларга: «Эй одамлар, Аллоҳга ҳам, сизга ҳам узр! Мен сизлардан кўплаб мактублар олганим, элчилар кўрганим учун, улар «Бизнинг олдимизга кел, бизнинг имомимиз йўқ, шояд, Аллоҳ сен ила бизни ҳидоятга бошласа», деганлари учун келдим. Агар сизлар менга кўнглимни тўлдирадиган ваъда берсангиз, шаҳрингизга бораман, бўлмаса, келган еримга қайтиб кетаман», дедилар. Улар индашмади.
Бироздан кейин Ҳар: «Бизга агар сени учратсак, Куфага – Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига олиб боргунимизча сизлардан ажрамаслик амр қилинган», деди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга: «Бундан кўра ўлганинг яхши эмасми?!» дедилар. Сўнгра у киши ўз одамларини отланиб ортга қайтишга амр қилдилар. Ҳар эса уларнинг йўлини тўсди. Шунда имом
Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Онанг кўкингни кийгур, биздан нима истайсан?!» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, бу гапни сендан бошқа араб айтганида, ким бўлишидан қатъи назар, онасини (ёмон сўз билан) зикр қилмай қўймас эдим. Аллоҳга қасамки, сенинг онангни яхшиликдан бошқа билан зикр қила олмайман», деди ва у кишининг Мадинага қайтиб кетмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб, Найнавога бордилар. Ўша ерда Ибн Зиёд уларга қарши юборган лашкар етиб келди. Ўша лашкарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб: «Нима учун келдинг?» деб сўради. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб, келишимни сўрашди. Агар хоҳлашмаса, қайтиб кетаман», дедилар.
Умар бу ҳақда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда «Чангалимизга тушганда нажот топмоқчи, энди иложи бормикан?» деган маъно бор эди.
Ибн Зиёд: «Ҳусайнга Язидга байъат қилишни таклиф қил. Агар қабул қилса, ўйлаб кўрамиз, ундан ва одамларидан сувни тўсиб қўй», деб буйруқ берди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман», дедилар. Улар: «Ибн Зиёднинг ҳукмига туш», дейишди. У киши бу гапни қабул қилишлари мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга келган эркаклар саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг барча яқинлари қатл қилинди. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу нобакорлик Карбалода содир бўлди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирган эди. У от устида туриб, ўз одамларидан Хавлий деган кишига: «Унинг калласини уз», деди. Хавлий имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини таналаридан узмоқчи бўлиб ҳаракат қилган эди, холсиз бўлиб, уза олмади. Синан ўзи отдан тушиб, каллани танадан узди. Бу мислсиз жиноят хижрий 61 йил жума куни бўлди. Ўша куни Ашуро кунига тўғри келган эди.
Жиноятчилар гуруҳи қолган шаҳидларнинг ҳам бошларини таналаридан ажратиб олишди. Сўнг каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб, Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Алий ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эди.
Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб, кўтариб боришарди.
Уларнинг раҳбарлари Шимр ибн Зилжувшан, Қайс ибн Ашъас, Амр ибн Ҳажжож ва Урва ибн Қайслар эди. Улар ана шундай ҳолда ўз бошлиқлари Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига кириб боришди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Зиёднинг олдида эдим. Бир пайт Ҳусайннинг бошини келтиришди. У қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб: «Бунингдек чиройни кўрмаганман», деди. «У ўшаларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим».
Имомлар Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Ўша ерда бошқа бир саҳоба – Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга: «Ол чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойдан ўпганларини кўрганман!» деб бақириб, сўнг бор овозлари билан ҳўнграб йиғлаб юбордилар.
Ибн Зиёд у кишига: «Аллоҳ кўзингни йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб, ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда, бўйнингни чопардим», деди.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар: «Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда, уни ўлдирар эди», дейишди.
«Нима деди?» деб сўради бирови.
«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қул бўлдиларинг! Фотиманинг ўғлини ўлдирдиларинг! Маржонанинг ўғлини ўзингизга амир қилдиларинг! У бўлса сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмоқда. Йўқолсин хорликка, орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.
Ҳар қандай золим жазосини тортмай қолмайди. Кўп ўтмай, золим ва фосиқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам қилмишига яраша жазосини тортди. Ҳижрий 66 йилнинг зулҳижжа ойида Мухтор Сақафийнинг амрига биноан Иброҳим исмли лашкарбоши Жозир деган жойда Ибн Зиёд ва унинг одамларини ўлдириб, каллаларини узди ва товоққа солиб, бошлиғининг олдига олиб борди. Уларнинг бошлари Мухтор Сақафийнинг олдига ташланди. Шунда бир кичик илон келиб, Ибн Зиёднинг оғзига кириб кетди ва бир оз ўтиб, бурнидан чиқди. Кейин бурнидан кириб, оғзидан чиқди. Илон тинмай унинг ҳали оғзидан, ҳали бурнидан кириб-чиқаверди. Сўнг жиноятчиларнинг бошлари Маккага, Ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга юборилди ва улар ўша ерда кўчага осиб қўйилди. Ибн Зиёд ва унинг шерикларининг мурдаларини эса Аштар куйдириб ташлади.
Шунингдек, имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатлларида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бу дунёдан хору зор бўлиб ўтишган. Ҳатто уларнинг зурриётлари ҳам доимий равишда хорликда ўтганини тасдиқловчи ривоятлар тарих китобларимизда кўп учрайди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у зотнинг яқинларининг вахшиёна ўлдирилиши бутун Ислом оламини дахшатга солди. Бану умайяликлардан нафратланиш, ироқликларни сўкиш оддий бир холга айланиб қолди. Ҳатто рахбарлар ўзларини оқлаш учун гумашталарини жазолашга ҳам ўтишди. Мусулмон оламининг имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бўлган чексиз муҳаббати уларни хавф-хатар остида қолдирган эди.
Бу улкан жиноят содир бўлганда дунё мусулмонларнинг кўзига бошқача кўриниб қолди. Бу ҳақда ҳар хил ривоятлар жуда кўп. Айниқса, имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди.
Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи хулафо» номли китобларида: «Унинг (имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиш баёни узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.
Ушбу фитна энг оз деганда одамларнинг ўртасида тафриқа бобини кенг очди ва минглаб, миллионлаб мусулмонларнинг бошига офат келтирди. Мана шу фитнанинг эшиги ҳозиргача очиқ турибди. Мусулмонлар бундан катта зарар кўрдилар ва зарар кўришда давом этмоқдалар.
ҲАРРА ВОҚЕАСИ ВА МАДИНАНИ МУБОҲ САНАШ
(ҳижрий 63 йил зулҳижжа; милодий 683 йил август)
Карбалонинг хабари Мадинага етиб борди. Шунда Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Язидни халифа эмас деб эълон қилди ва одамлардан ўзига байъат қилишларини сўради. Мадина аҳли у кишига байъат қилди.
Шундан кейин Язид Ҳижозга бошқа волий тайинлади. Мадинада Язид ҳақида гап кўпайди. Язид уларга Нўъмон ибн Баширни юбориб, огоҳлантирди, итоатга чақирди. Улар бундан бош тортиб, Язидни ишдан бўшатганларини эълон қилдилар ва Абдуллоҳ ибн Ҳанзалага байъат қилишди. Улар Язид тайинлаган янги волий Усмон ибн Муҳаммад ибн Абу Суфёнга қарши чиқишди. Бану Умайяни Марвон ибн Ҳакамнинг ҳовлисида қамал қилишди.
Язидга бу хақда хабар етиб келгач, Муслим ибн Уқба раҳбарлигида Мадинага лашкар юборди. У ўз лашкари билан Мадина шаҳрининг шарқий тарафидаги Дарра – қора тошлар минтақасига келиб, Мадина аҳлига уч кун муҳлат берди. Сўнг Мадинага кириб бориб, у ернинг муқаддаслигини, ҳарамлигини ўзларича бекор қилишди. Юзлаб саҳобаларни, уларнинг фарзандларини қатл қилишди. Бу машъум ҳодиса ҳижрий 63 йил зулҳижжа ойининг охирларида юз берди.
Сўнг Муслим ибн Уқбанинг лашкари Макка сари йўл олди. Йўлда Муслим ибн Уқба вафот этди. Унинг ўрнига Язид Ҳусайн ибн Нумайрни тайинлади.
Макка ва Ҳижознинг барча аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат қилишган эди. У киши ўз одамлари билан шомликларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Яқинларидан кўпчилик ҳалок бўлди. Язиднинг одамлари Маккаи мукаррамани қамал қилишди. Ҳижрий 64 йил рабиъул аввал ойида Байтуллоҳни манжаниқ билан тошга тутишди ва ўт қўйишди.
Макканинг қамали давом этиб турган пайтда, 14 рабиъул аввалда Язиднинг ўлгани ҳақида хабар келди. Умавийларнинг лашкарбошиси Ҳусайн ибн Нумайр Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат қилди. У кишини Шомга бориб раҳбарлик қилишга чорлади. Лекин Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу таклифни қабул қилмади. Умавийларнинг қўшини Шомга қайтиб кетди.
Язиднинг вафоти
Язид ҳижрий 64 (милодий 683) йил рабиъул аввал ойида вафот этди. Унинг халифалиги тўрт йил давом этди.
ИККИНЧИ МУОВИЯ ИБН ЯЗИД
(ҳижрий 64 йил; милодий 683 йил)
Язид ибн Муовиянинг ўлимидан кейин халифаликни унинг ўғли – Иккинчи Муовия ибн Язид эгаллади. Унинг халифалиги фақат 40 кун давом этди, холос. Сўнг беморлиги, заифлиги сабабли халифаликдан воз кечди. Уйида узлат қилиб ўтириб олди ва уч ойдан кейин вафот этди. Мана шу ерда умавийлар халифалиги вақтинчалик узилиб қолди.
Кейинги мавзулар:
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги;
Мухтор Сақафий ҳаракати;
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши;
Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Милодий XV асрнинг ярмига қадар ер юзида инсонларни ҳидоятга бошловчи, уларга илм ўргатиб, руҳий тарбия берувчи, ички оламига гўзал нақшлар солувчи, ҳидоят маёқлари бўлган уламолар, тариқат ва тасаввуф муршидлари кўп эди. Лекин вақт ўтиши билан улар бирин-кетин боқий дунёга риҳлат қилдилар. Уларнинг вафотларидан сўнг инсонларни нур юзли зотларни кўрмаслик қўрқуви чулғаб олди.
Аллоҳ таолонинг ваъдаси – ҳақ, бунга асло шак-шубҳа йўқ. Буюк Роббимиз ҳеч қачон ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматини ёрдамсиз қолдирмайди. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Мусулмон олами Ғарбий Панжобдаги Жҳанг шаҳридан уфққа ҳидоят маёғи бўлиб кўтарилган ойни кўрди. Унинг нури жуда тезлик билан бутун уфқни ёритди. Қақраб ётган диллар раҳмат булутининг ёмғиридан қониб-қониб ича бошлади. Қўрқув ва ноумидлик ўрнини ишонч ва умид эгаллади. У улуғ зот уламолар ва солиҳлар суюклиси, шариат ва тариқат пири ҳазрат Мавлоно Пир Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий Мужаддидий эди.
Таваллуд топишлари ва ёшлик йиллари
Ҳазрат 1953 йил 1 апрелда Ҳиндистоннинг Панжоб вилояти Жҳанг шаҳрида туғилган. Отасининг исми Аллоҳ Деета ҳофизи Қуръон бўлиб, Аллоҳ розилиги учун Қуръондан дарс берарди. Ҳар куни таҳажжуддан кейин Қуръони каримдан 3-4 пора тиловат қилиш одати бор эди. Ҳазратнинг волидаси ҳам обида, солиҳа, тақводор аёл эди. У зот оналарини бунлай хотирлайди: “Мен уч ёшимгача онам билан бирга ухлардим. Кечалари уйғониб қолсам, волидам олдимда бўлмас эди. Ҳар гал онамни жойнамоз устида таҳажжуд намозини ўқиётганини кўрардим. Онам намозини тугатишини анча кутардим. Намоздан сўнг йиғлаб узоқ дуо қиларди. Онамнинг таҳажжуд намозида йиғлаганидек бировнинг бунчалик кўп йиғлаганини кўрмаганман. Баъзан менинг исмимни тилга олиб, дуо қиларди, бундан жуда хурсанд бўлиб ухлар қолар эдим.
Бошланғич таълим ва тарбия
Ҳазратнинг таълим ва тарбиясида у зотнинг акаси Малик Аҳмад Алининг ҳиссаси катта бўлган. У киши қаттиққўл ва меҳрибон эди. Ҳамиша укаларини ёмон хулқли болалар билан дўстлашиш ва суҳбатлашишдан узоқ қилган.
Мавлоно Зулфиқор Аҳмад мактаб ва коллеж дарсларидан ташқари, Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, Қуръон ҳофизи бўлди. Форс ва араб тилидаги асарларни, сарф-наҳв (араб тили грамматикаси)ни, айниқса, ҳадиси шарифга доир бир қанча китобларни қунт билан ўқиди.
Илоҳий муҳаббат оташи
Бу даврга келиб ҳазрат “Ғунятут толибийн”, “Кашфул маҳжуб” ва шу каби китобларни ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланади. Қалбида муҳаббат учқунлари аланга ола бошлайди.
Ҳазратга Шайхул Ҳадис Мавлоно Закариё раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фазоили зикр” номли китобида келган бир воқеа жуда қаттиқ таъсир қилади. Ушбу ҳикояда Сирри Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен Журжоний ҳазратларини қуруқ талқонни чайнамасдан тановул қилаётганини кўрдим. Шунда мен “Ахир, бу қувват бўмайди. Нон есангиз-чи”, дедим. Шунда у зот: “Нонни чайнаш ва талқон ейиш учун сарфланадиган вақтни ҳисоблаб чиқиб, жуда кўп вақт исроф бўлишини билдим. Бу вақтда етмиш марта “Субҳаналлоҳ” деб зикр қилиш мумкин. Шу боис, етмиш йилдан бери нон емайман”, деб жавоб беради.
Бу воқеа ҳазратнинг ҳассос табиатига шу даражада таъсир этадики, у зот эртаю кеч, ҳар ҳолатда “Субҳаналлоҳ” зикрини тилидан туширмайди. Бунинг натижасида ҳазрат ўзига камгаплик, оз ейиш, кам ухлашни одат қилди. Ҳазрат икки ярим йил “Субҳаналлоҳ” зикрини тилидан қўймади. Икки йил давомида ҳар кун ҳожат намозини ўқиб Аллоҳдан: “Ё Илоҳий, бирор-бир комил пири муршидга учраштиргин, унинг суҳбатини менга насиб этгин”, деб дуолар қилди.
Илоҳий раҳмат жилваси
Аллоҳ таоло ҳеч қачон холис дуони рад қилмаган, қилмайди ҳам. 18 ёшида ҳазрат билан боғлиқ ажойиб воқеа юз берди. Мавлоно Зулфиқор Аҳмад масжидда эътикофда эди, таҳажжуд намозидан сўнг зикрлардан фориғ бўлгач, тонг отишига чамаси бир соатча вақт қолганда, жойнамоз устида ухлаб қолади ва тушида ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўради. У зот бармоқларини ҳазратнинг қалбга қўйиб, “Аллоҳ…”, “Аллоҳ…” “Аллоҳ…”, дейдилар. Ҳазрат уйғониб кетади, бутун бадани эса титрар эди.
Устоз тутишлари
Бу воқеадан сўнг ҳазрат намоз, зикр, тиловатларида ажиб бир лаззат туя бошлайди. Қалби қаттиқроқ, лекин ёқимли тарзда ура бошлайди. Ҳатто бир неча кун кўксларини боғлаб юради. Охири университетдаги дўстлари Жаноб Муҳаммад Аминга бўлиб ўтган воқеани айтиб беради. У киши Лоҳурга бориб, Шайх Важиҳуддиндан маслаҳат олади. Унга пири комил Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳга хат ёзишни тавсия қилишади. Хатга бир неча кундан кейин бундай мазмундаги жавоб келади: “Маълум бўлган нарса шуки, сизнинг қалбингиз равшан бўлибди. Дарҳол бир устоздан таълим олинг, Аллоҳ таоло сиз билан юз минглаб инсонларни ҳидоятга бошлайди. Агар устоз тутмасангиз, лаънатланган шайтон сизни фитнага солиши мумкин”.
Бу хатни ўқигач, ҳазрат Зулфиқор Аҳмад ўша даврнинг машҳур нақшбандия тариқатининг Шайхи Мавлоно Саййид Заввор Ҳусайн Шоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига бориб, у зотни устоз тутиб, таълим олади. Устозлари вафотидан сўнг, ўша давр нақшбандия тариқатининг етук муршиди ҳазрат Хожа Ғулом Ҳабибдан таълим олишни давом эттиради.
1983 йил устозидан халфалик мақомини олади ва нақшбандия тариқати асосида инсонларга таълим бера бошлайди. Натижада нақшбандия тариқатининг етук шайхларидан бирига айланади.
Албатта, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Бундан бир неча йил олдин Хожа Мавлоно Абдуллоҳ: “Аллоҳ сизни сабабчи қилиб юз минглаб инсонларни ҳидоятга бошлайди”, деган эди. Ҳозирги кунда Шайх Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратнинг шогирдлари ва издошлари миллион нафардан ошиб кетди.
Ҳазрат замонамиз муаммоларини нақшбандия тариқатининг таълимотига кўра, моҳирона ва замонавий мисоллар билан тушунтириб беради. Шайх ҳазратнинг нутқ ва маърузалари дилтортар бўлиб, руҳий тарбияни ислоҳ қилишга қаратилган. Ҳазратнинг маъруза ва суҳбатларини инсонлар кўзда ёш билан тинглаб, гуноҳларига чин кўнгилдан тавба қилишади. Энг муҳими, ҳаётда суннатга амал қилишни одат тусига киритишади.
Шайх Зулфиқор Аҳмад ҳазратнинг асарлари китобхонлар орасида қўлма-қўл, севиб мутолаа қилинади. У зот диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллагани, бир неча хорижий тилларда бемалол маъруза қилиши туфайли XXI асрда нақшбандия тариқати таълимотларини нафақат Осиё, балки Европа ва АҚШда ҳам кенг тарғиб қилмоқда. Ҳазрат етмишдан ортиқ мамлакатларга, хусусан, бир неча марта Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган. У зот сафарларини хотирлаб “Лоҳур се то хаке Самарқанду Бухоро” (Лоҳурдан Самарқанд ва Бухоро тупроқларигача) номли китоб ёзган.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазрат Хожа Муҳаммад Абдулмолик Сиддийқийнинг Қуръон ҳофизи бўлган кичик қизларига уйланган. Улардан икки ўғил: Мавлоно Пир Ҳабибуллоҳ Нақшбандий ва Мавлоно Сайфуллоҳ Нақшбандий дунёга келган.
Таълим олган жойлари
– 1967 йил – ўрта мактаб
– 1971 йил – Панжобда ўрта махсус таълим (коллеж)
– 1976 йил – Лоҳурда электр муҳандислиги ихтисослиги
– 1990 йил – Швецияда ўз соҳаси бўйича малака оширган
Диний таълим йўли
– Отасидан Қуръонни тўлиқ ёд олган.
– Жомия Реҳмания Жаҳания Манди университетида ҳадис фанидан тўлиқ ҳадис даврасида билим олди.
– Жомиа Қасим ул-улум Мултан университетида ҳам ҳадис фанидан тўлиқ ҳадис даврасида иштирок этди.
– 1971 йил Нақшбандия тариқати ва тасаввуф таълимотидан Шайх Мавлоно Саййид Заввор Ҳусайн Шоҳ раҳматуллоҳи алайҳдан сабоқ олади.
– 1983 йил Нақшбандия тариқати ва тасаввуфдан ҳазрат Хожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳдан таълим олади.
Ёзган китоблари
“Илоҳий ишқ”, “Ишқи Расул”, “Ҳабибимиз ҳаётлари”, “Сулук даражалари”, “Сулук мақомотлари”, “Нақшбандия тариқатининг зикрлари”, “Нақшбандия шайхлари силсиласи”, “Дил давоси”, “Қалб хотиржамлиги”, “Фойдали илм”, “Намунали аёл”, “Гуноҳлардан қандай сақланамиз?”, “Эркак камолотида аёлнинг ўрни”, “Ноумид бўлманг”, “Имоннинг аҳамияти”, “Қалбни поклаш усуллари”, Мағфират қилиниш шартлари”, “Аёллар учун ислоҳий тарбиялар”, “Турмушнинг намунали кўриниши”, “Муслима аёллар учун йўриқнома”, “Тасаввуф ва сулук”, “Одобли насибалидир”, “Ўлимга тайёрланиш”, “Лаҳурдан Бухоро ва Самарқанд тупроқларигача”, “Исломнинг аёлларга меҳрибонлиги”.
Хулоса ўрнида шундай дейиш мумкин, инсоният тараққиёти тарихида шундай шахслар бўлганки, уларнинг фаолияти маҳаллий, маданий ҳудуд чегарасидан ташқарига чиқибгина қолмай, балки даврлар чегарасини ёриб ўтиб, ғоялар ривожланишида умумжаҳон жараёнининг бир қисмига ҳам айланган. Уларнинг асарлари барча нодир ҳодисалар сингари аввал ўтганлар тажрибаларни энг қимматли томонларини ўзида гавдалантиради, жамият илмий фикри ҳамда маънавий маданиятнинг кейинги кўп асрларда содир бўладиган олға ҳаракатини белгилаб беради. Мана шундай буюк сиймо бу сўзсиз шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийдир.
Нодир Одинаев