Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада, жумладан, Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани "Султонхон" жоме масжидида имом-хатиб вазифасида фаолият юритган Салоҳиддин домла Нурматовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум домлани Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин! Дин ривожи, халқ маърифати ва ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, домламизни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Салоҳиддин домла Нурматовнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Жаноза намози эртага, 20 ноябр, соат 12:00 да Ғаллаорол тумани, Қўйтош шаҳарчасида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Қайси инсон энг кучли?
Жавоб берди: - Ўз нафсини жиловлай оладиган киши.
- Қайси инсон энг заиф?
Жавоб берди: - Овози баланд янграйдиган киши.
- Қайси инсон даҳо?
Жавоб берди: - У ҳақида икки киши ихтилоф қиладиган одам.
- Қайси инсон энг оддий?
Жавоб берди: - У ҳақида икки киши иттифоқ бўладиган одам.
- Қайси инсон энг оқил?
Жавоб берди: - Ҳис-туйғуларга мойил бўладиган одам.
- Қайси инсон девона?
Жавоб: берди: - Ўзини оқил деб даъво қиладиган одам.
- Қайси инсон ахмоқ?
Жавоб берди: - Ўзини ҳамма инсонлардан заковатли деб ҳисоблайдиган одам.
- Қайси инсон сергап?
Жавоб берди: - Бемаъни гапирадиган одам.
- Қайси инсон фасоҳатли?
Жавоб берди: - Сўзларини ихчам ва мазмунли қилиб гапирадиган одам.
- Қайси инсон олим?
Жавоб берди: - Маърифат тарқатадиган одам.
- Қайси инсон жоҳил?
Жавоб берди: - Билимсиз ҳолда маърифатни даъво қиладиган одам.
- Қайси инсон сахий?
Жавоб берди: - Ҳеч қандай миннат ва исрофсиз саховат қиладиган одам.
- Қайси инсон бахил?
Жавоб берди: - Бошқаларнинг ҳисобига яшайдиган одам.
- Қайси инсон ёзувчи?
Жавоб берди: - Қалби билан ёзадиган одам.
- Қайси инсон ростгўй?
Жавоб берди: - Аввало, ўзига нисбатан ростгўй бўлган одам.
- Қайси инсон ёлғончи?
Жавоб берди: - Шайтон ўзи билан ўзини алдаб қўйган одам.
- Қайси инсон нуқсонли?
Жавоб берди: - Ҳар қандай инсон.
- Қайси инсон комил?
Жавоб берди: - Комил зот фақатгина якка ва ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ