Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада, жумладан, Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани "Султонхон" жоме масжидида имом-хатиб вазифасида фаолият юритган Салоҳиддин домла Нурматовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум домлани Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин! Дин ривожи, халқ маърифати ва ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, домламизни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Салоҳиддин домла Нурматовнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Жаноза намози эртага, 20 ноябр, соат 12:00 да Ғаллаорол тумани, Қўйтош шаҳарчасида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Илмсиз тараққиёт бўлмайди – жаҳолат саодатманд этмайди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Жаҳолатга қарши – маърифат”ни қурол қилган аждодларимиздан бизгача етиб келган бой маънавий мерос ўзига хос нажот қалъаси, ҳимоя қўрғони вазифасини ўтайди. Шу боис ушбу улуғвор қадрият барча олиму фузалолар томонидан улуғланган, муқаддас ва мўътабар китобларда юксак неъмат сифатида эътироф этилган.
Бугун, 30 январь куни Фарғона шаҳридаги "Лабиҳовуз" мажмуасида аҳоли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда ҳам ана шундай эзгу мақсадлар анъанаси давом эттирилди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев қатнашиб, халқ билан самимий мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, кўплаб масжидлар ҳавас қиладиган даражада обод бўлаётгани, Қуръони карим курсларида бир неча минглаб мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни мутолаа қилишни ўрганаётгани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли даражада ортгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги таъкидланди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Шунингдек, риё-хўжакўрсинлик иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш, ёшларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, замонавий технология ва ахборот воситаларидан илм ва яхшилик йўлида фойдаланиш ҳамда бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам алоҳида тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди. Бир сўз билан айтганда учрашув самимий ва юқори кайфиятда ўтди.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати