Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ҳозирги замонда мен ўқиган китобларни ўқиган бирон одамни кўрмаганман”
Ушбу жумлаларни ҳижрий ўнинчи асрда яшаб ўтган машҳур олим Абул Мавоҳиб Шаъроний ўзларининг "Латоифул минан" китобларида ёзганлар. У Зот буни фахр учун эмас, балки Аллоҳ таоло берган неъматлар қаторида зикр қилганлар. Имом Шаъроний сўзларининг давомида қарийб мингга яқин китобларни номини санаб ўтиб, ўқиган китоблари ичида энг асосийлари мана шулар эканини, ҳамма китобларнинг номини бирма-бир ёзиши вақт ва китобдан жойни эгаллашини айтадилар. Дарвоқеъ, ушбу олим мутолаа қилиб чиққан китоблари орасида, биргина китоб қирқ беш жилдни ташкил қилувчи тафсирга оид манбалар ҳам бор.
Имом Шаъроний ўз даврининг 50 дан ортиқ энг машҳур шайх ва олимларидан таълим олган. Аллоҳ таоло илмига барака бериб, диний фанларга доир 300 дан ортиқ китоблар ёзиб қолдирган.
Хуллас, тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларда замонасининг энг билимдони бўлган ушбу олим мазҳабда Имом Шофеъийга тақлид қилган! Ақидада аҳли сунна вал жамоа — Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий манҳажида, тасаввуфда эса Шозилийя тариқатида бўлган.
Энди ҳозирги кунимизда бир нечта ҳадисни ўқиб, уни ўзича тушуниб олиб “Мен Қуръон ва суннатдан ўзим ҳукм оламан” дейдиган ёшлар инсоф қилсалар бўларди...
Абдуллатиф Турсунов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида бошингиздан оғир дамлар кечади. Шу пайтларда сиз “бўлди, кучим етмайди, чарчадим” деб ўйлайсиз. Курашиш, сабр қилиш ва доимий маҳкам туришга тоқатингиз етмайдигандай кўринади. Бундай пайтда асло таслим бўлманг! Чунки ҳар жоннинг иқболию инқирози бўлади. Бу инқироз ўз ортидан иқболни эргаштириб келса, ажаб эмас...
Баъзи пайтларда шуурингизда қулаш ҳиссини туясиз, ишончсизлик ҳамда камчиликни ҳис этасиз. “Мен ҳеч ишга ярамай қолдим”, деб ўйлаб қоласиз. Бунда ҳам сира таслим бўлманг! Доимо ёдингизда бўлсинки, ихлос ила тинимсиз ҳаракатда бўлар экансиз, йиқилиш уят ҳисобланмайди. Киши мағлубиятини тан олмагунича ва қайта уриниб кўришдан воз кечмагунича муваффақиятсизликка учраган, деб ҳисобланмайди. Буни ҳам ёдингизда сақланг! Қайта-қайта уриниб кўраверинг, ҳужумни, зарбани яна ва яна амалга оширинг. Аллоҳ насиб этса, тез орада кўзлаган мақсадингизга эришасиз.
Гоҳида сизни манманлик ва “қойил, ўзимдан жуда ажабланяпман” деган ҳислар ҳам чулғаб олади. Бунинг ортидан сиз ўзингизни “ягона” эканлигингизни ўйлаб қоласиз. “Насиҳатгўй, маслаҳат берувчининг менга нима кераги бор” деган хулосага келасиз. Мабодо, ўзингизда шундай туйғуларни сеза бошласангиз, унга таслим бўлманг!
Мағрурликдан эҳтиёт бўлинг, у сизнинг қотилингиздир. Иблис сиздан аввалгиларни ҳам йўлдан оздирган ва унинг ўзи-да, Аллоҳнинг даргоҳидан қувиб-солинган. Ўзингиздаги камчилигу нуқсонларни, заифлигингизни эсдан чиқарманг. Тавфиқ фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолодандир.
Баъзи вақтларда ғам-ташвишлар сизни таъқиб қилади. “Бутун умр мана шу ғам-ташвишлар ичра яшасам керак” деган хаёл билан, олдиндаги кунларингизнинг барчасини нурсиз қаро тундек бўлишига гумонда бўласиз. Буларнинг ортида ҳеч бир хайр йўқ деб ҳам ўйламанг ва бу каби ўйларга ҳеч ҳам таслим бўлманг! Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.
Доим тўғриликка интиласиз, бировнинг ҳаққида хатога йўл қўймасликнинг пайида бўласиз. Чоҳга тушишдан қўрқасиз. Феълингиздаги бу каби ҳолатлар сизни камолот зинапоялари сари етаклайди.
Лекин гоҳида бирор гуноҳ ишга ҳам қўл урасиз. Шунда шайтон: “Ҳайр-барака сендан узоқда, сен бахтсизликка маҳкумсан”, дея ичингизга ғулғула солади. Сиз бу шайтоний васвасаларга таслим бўлманг! Одам боласи хатокор эканини ҳамда хатокорларнинг энг яхшилари тавба қилувчилар эканини эсланг. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 201-оятида: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар”, дея марҳамат қилади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.