Юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, таълим, илм-фан, маънавият ва маърифат, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва бағрикенглик тамойиллари ўзининг янги тарихий саҳифаларини очди. Яқин қўшни давлатлар билан олий ва юқори даражадаги алоқаларимиз сезиларли даражада фаоллашди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида нутқ сўзлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Президентимизнинг муҳим таклифи асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлш лозимки, мазкур резолюцияни Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ мамлакатлар якдил қўллаб-қувватлашди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябрдаги 78-сессиясида илгари сурган ташаббуслари асосида жорий йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция юқори савияда ўтказилди.
Унда дунёнинг 22 та мамлакатидан 70 дан ортиқ хорижий меҳмонлар – уламолар, муфтийлар, исломшунос олимлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этди.
Ушбу тадбир якуни бўйича мусулмон мамлакатларининг олим ва мутахассислари иштирокида экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши кураш самарадорлигини янада ошириш, илмий раддиялар бериш методологиясини такомиллаштириш масалалари бўйича Хива декларацияси қабул қилинди.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни эса пойтахтимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Дин ишлари қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик омилларидан бири бўлган диний бағрикенглик, динлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўрганиш, истиқболдаги вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Корея, Туркия, Малайзия, Португалия, Арманистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан мутахассислар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, диншунос экспертлар, исломшунослар, миллий маданий марказлар, турли диний конфессия вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Анжуманнинг хорижий иштирокчилари бугунги таҳликали замонда Ўзбекистондаги динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар хорижий давлатлар учун ўрнак бўлаётгани, бу ислоҳотлар ва ташаббуслар бошида Ўзбекистон Президенти турганини юқори баҳоладилар. Қуйида диний конфессия раҳбарлари ва диншунос мутахассисларнинг анжуман ҳақидаги таассуротларини келтирамиз:

Мустафа ДЕМИРЖИ, Туркиянинг Салжуқ университети Салжуқ тадқиқотлари институти мудири, профессор:
– Мазкур конференция Ўзбекистондаги 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакилларини бир мақсад йўлида бирлаштирди, деб айтиш мумкин.
Ушбу нуфузли анжуман орқали турли миллат вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини изҳор қилмоқдалар.
Тарихан ушбу макон Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, турли миллат ва халқлар бир ерда жамланган юрт ҳисобланади. Бу эса ўлканинг цивилизациялар туташган манзилига айлантирган. Бундай юрт дунёнинг бошқа жойида топилмайди.
Сергей КРЕТОВ, Новоапостол черкови Марказий Осиё округи раҳбари:
– Ҳозирда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари истиқомат қиладиган мултиконфессионал Ўзбекистон жамиятида бағрикенгликни тарғиб қилиш юрт ривожининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Биз Ўзбекистонда динлараро бағрикенгликни таъминлашнинг ўзига хос модели шаклланганининг гувоҳи бўлдик. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар бир дин вакилига тенг ҳуқуқ ва эркинлик берилгани ва эмин-эркин ибодатларини амалга оширишга шароит яратилганидир.
Шуни айтиш муҳимки, кейинги йилларда янги Ўзбекистонда динлараро мулоқот соҳасида кўплаб ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз ва бу бизни мамнун қилади. Бугунги ўтказилаётган конференция ҳам фикримизнинг яққол мисоли бўлади.
Епископ Хосе Луис Мумбиела СЕРРА, Марказий Осиё католик епископлари конференцияси раиси, Қозоғистон:
– Ўзбекистонга аввал ҳам бир неча бор келганман. Бу ерда турли дин ва миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечираётгани, умуман, диний бағрикенгликнинг юксак маданияти шакллангани мени ғоятда ҳайратлантиради.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугун мамлакатингизнинг тез суръатлар билан ривожланиб, халқаро миқёсдаги нуфузи тобора юксалиб боришида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити муҳим роль ўйнамоқда.
Бугунги турли низолар кузатилаётган вазиятда турли миллат, дин вакилларини бир жойга жамлаб, тинчлик, фаровонликни кўзда тутган муштарак мақсадлар илгари сурилаётгани жуда катта жасорат ва дунё ҳамжамиятига намунадир.
Митрополит ВИКЕНТИЙ, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари:
– Президент Шавкат Мирзиёев барча одамлар тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашларини таъминлашини қўллаб-қувватлаб, тарғиб қилиб келмоқда. Бу эса диний бағрикенгликнинг муваффақият калитидир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга тобора очилиб бормоқда. Турли миллатлар ўртасида эзгулик, тинчлик ва тотувлик, бағрикенглик ва дўстлик сиёсатини тараннум этаётган мамлакат сифатида дунёда тан олинмоқда. Ушбу конференция эса диний бағрикенгликнинг ўзбекона модели сифатида эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг тинчлик ва ҳамжиҳатлик ташаббусини барчамиз қўллаб-қувватлашимиз керак. Шундай экан, бугунги байрам билан барчани табриклайман. Бундай қувончли кунлар ҳар доим ҳамроҳимиз бўлсин.
Владимир ПРОВОРОВ, Россия Евангел-Лютеран черкови архиепископи:
– Ўйлайманки, мазкур конференция Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув, умумжамият ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатларига ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон Президентининг миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига асосланган сиёсати мамлакатдаги турли миллат вакилларини бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Бу янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ислоҳотларидан бири сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Абд Раҳман Моҳд РОСМИЗИ, Малайзия Ислом илмлари университети профессори:
– “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусидаги конференция сабаб Ўзбекистонда бўлганимдан жуда ҳам мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу нуфузли анжуман ташкилотчиси ва ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдириб қоламан. Бу каби тадбирларнинг бардавом бўлаётгани жуда қувонарлидир. Зеро, яхши биламизки, ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло инсонларни турли халқ ва миллатларга бўлиб яратган ва уларнинг асосий мақсади ер юзида ҳамжиҳатликда ва ҳамкорликда яшашдан иборат.
Бироқ бугун ер юзининг айрим ҳудудларида содир бўлаётган низолар, тўқнашувлар тинчлик-тотувликнинг қадрини янада оширмоқда. Шу нуқтаи назардан бугунги конференция долзарб аҳамиятга эга.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртингиздаги диний конфессия вакилларининг фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсатини жаҳон ҳамжамиятига намуна сифатида кўрсатиш анжуман қатнашчиларининг муҳим мақсади бўлиши керак. Ўз юртимизга қайтганимизда ҳам конференцияда кўтарилган инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини етказишни кўзда тутганмиз.
Санжит ДЖХА, МДҲ Ҳинд форуми раиси, Россия Ҳинд Кенгаши раиси:
– Бугунги ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” конференциясини ўз йўналишига кўра, дунёда ноёб ҳодиса деб ҳисоблайман.
Мен бир неча дин ва миллат вакиллари яшайдиган давлатларни биламан, лекин бугунгидек давлат раҳбари даражасида эътибор бериладиган бирорта мамлакатни билмайман.
Ўзим шахсан Кришна жамияти вакили ҳисобланаман. Қадимги санскрит тилида ёзилган ҳиндуийлик дини манбаларида “Бу дунё унда яшаётган дин ва миллат вакилларидан қатъий назар катта оиладир”. Мен айнан Ўзбекистонда бир нечта миллат ва элатларнинг аҳил ва иноқ оиладек яшаётганига гувоҳ бўлдим. Бундай нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан ғоятда мамнунман.

Фариде КАМАЛОВА, Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети кафедра мудири:
– Инсоний қадриятларга асосланган динлараро мулоқотнинг асосий пойдевори бағрикенгликдир. Бағрикенглик турли фикрлар, эътиқодлар ва маданиятларни ҳурмат қилиш сифатида таърифланади ҳамда кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятларда тинч-тотув яшашнинг зарур шарти сифатида кўрилади.
Модомики шундай экан, ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф-одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Хорижий эксперт ва мутахассисларнинг фикрларидан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мазкур жабҳада “ўзбек модели” ўзига хос намуна ўлароқ шаклланаётганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг бир маконда эзгу ниятлар йўлида ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, меҳнат қилиши бағрикенгликнинг энг ёрқин намунасидир. Дунёдаги вазият кескин ва мураккаб бўлиб бораётган бугунги кунда юртимизнинг тинчлиги ва равнақини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
ЎзА
Яхши ниятда сафар килиш кўплаб ажру-савобларга ноил этади. Қолаверса, сафар қилиш соғлиққа фойда, ризқни кенг қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар қилинглар. Соғлом бўласиз. Ризқингиз кенг бўлади”, деганлар.
1. Сафарга отланаётган киши унинг одобларини ўрганмоғи лозим.
Дастлаб, сафарда ишлатиладиган зарур буюмлар тайёрланади. Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам етти нарсани олиб юрардилар. Улар: шиша идиш, тароқ, сурмадон, қайчи, мисвок, игна ва ип”, дедилар.
Бошқа бир ривоятда: Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам беш нарсани олиб юрардилар. Улар: тароқ, сурмадон, ойна, мисвок ва узун дастали илгак[1]”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
2. Сафарга тонгда йўлга чиқиш сафарни баракали ҳамда хайрли бўлишига сабаб бўлади.
Сохр ибн Вадоъа Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бергин”, деб дуо қилардилар” (Имом Термизий ривояти).
Сохр розияллоҳу анҳу савдогар бўлганлар ва савдоларини доимо тонгда жўнатар эдилар. У зот бой, давлатманд бўлганлар.
3. Илмли, солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуоларини олиш лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафар қилмоқчи бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, деди. У зот: “Аллоҳга тақво қилишингни ва ҳар бир тепаликка кўтарилганингда такбир айтишингни буюраман” дедилар. У орқасига бурилаётган эди “Аллоҳим, ерни унга яқин ва сафарини осон қилгин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
4. Хайрлашаётганда ҳам дуо қилиш хайрли амаллардандир.
Қузъа ибн Яҳё Басрий айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу менга: Кел, сен билан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан хайрлашганларидек хайрлашаман: “Динингни, омонатингни ва амалинг хотимасини Аллоҳга топширдим”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
5. Уловга минаётганда дуо ўқиш.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқаётганда туяларига минсалар уч марта такбир айтиб, сўнгра: “Бизга буни бўй сундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Албатта, Роббимизга қайтгувчиларданмиз. Аллоҳим, ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлигини яқин қилгин. Аллоҳим, сафардаги йўлдош ҳам, хонадонда қолувчи ўринбосар ҳам Ўзингдирсан. Аллоҳим, Сендан сафар қийинчиликлари ва қайғулари, аҳлда ва молда ёмон оқибатлардан паноҳ сўрайман”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
6. Сафар давомида кўпроқ ўзи ва бошқалар ҳаққига дуо қилиш.
Мусофирнинг дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси шубҳасиз ижобатдир. Улар мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Мусофирлар ораларидан бир кишини ишларни бошқариб турувчи қилиб тайинлашлари керак.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар уч киши сафарга чиқадиган бўлса, улардан бир амир бўлсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мусофирлар жамоада ўзларига энг зийрак, энг афзал кишини йўлбошчи қилиб таъйинлашлари мустаҳабдир”, деганлар.
Мусофир тепаликка чиқаётганида такбир (“Аллоҳу акбар”) ва ҳамд айтиши (“Алҳамдулиллаҳ”), пастга тушаётганда тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”) айтади. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда сафарга чиқардик. Агар тепаликка кўтарилсак такбир айтардик. Тушганда эса тасбеҳ айтардик” (Имом Аҳмад ривояти).
8. Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла бахра ололмайди. Агар сизлардан бирингизнинг (сафарда) истаги ҳосил бўлса, бас, у оила-аҳлига шошилсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Бу илгак ёғоч ёки темирдан ясалган бўлиб, сочни текислаш ва бошка нарсаларда ишлатилади.