Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади: «Ўрта мактабда ўқиган пайтимда ниҳоятда асабий эдим, бир кунда бир неча марталаб йиғлар эдим. Ғам, қайғу тинимсиз мени таъқиб қилар, шу ёшимдаёқ ҳаётдан совиб бўлган эдим. Умидсизлик, тушкунлик ботқоғига ботиб, ҳаётнинг ёқимли таъмини унутаёзгандим. Бундай қаттиқ тушкунлик қаршисида онам не қиларини билмай, мени руҳий беморлар шифокорига олиб боришга мажбур бўлди. Шифокор аёл ўз ишининг устаси, ҳамманинг ишончини қозонган аёл экан. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. У мени синчковлик билан текшириб кўриб, ҳаётда азият чекиб яшашимнинг сабабларини тушунтириб берди. Сўнгра шундай деди: «Сенга тинчлантирувчи дорилар ёзиб бериш мен учун жуда осон! Лекин ундан ҳам самарали йўл бор. Бу – намоз! Бу муолажани сенга ўхшаган жуда кўп беморларимда синаб кўрганман, натижа жуда яхши бўлган. Қиладиган ишинг – қачон салгина бўлса-да, ғам-ташвиш чексанг, таҳорат қилиб, икки ракъатгина намоз ўқийсан. Лекин намоз ўқиётганда Аллоҳ таолонинг «Улар – иймон келтирган, қалби Аллоҳнинг зикри билан ором топганлардир. Билингки, қалблар Аллоҳнинг зикри ила ором топур!» деган оятига ишонишинг керак (Раъд сураси, 28-оят). Лекин намоз ўқиганда Аллоҳ ғамларингни кетказишига, қалбинг Аллоҳнинг зикри билан ором топишига тўлиқ ишонган ҳолингда ўқишинг керак. Чунки иймон келтирган одам қалби Аллоҳга доимо боғлиқ эканини ҳис қилади. Бундай қалб дунёда ҳамма нарса Аллоҳдан эканини яхши билади. Бундан ташқари, намознинг ҳар бир қисми зикрдир. Буни Аллоҳнинг «Мен – Аллоҳман, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қилгин, Мени зикр қилиш учун намозни қоим қилгин» деган сўзи ҳам тасдиқлайди (Тоҳо сураси, 14-оят)».
Шифокор аёл сўзида давом этди: «Биринчи навбатда фарз намозларга маҳкам бўласан, лекин ғам-қайғуга қарши дорини ҳам тўхтатмайсан – икки ракъат нафл намозни ҳам кунига камида уч марта, икки ҳафта ўқийсан. Икки ҳафтадан кейин яна келасан».
Мен унинг тавсияларидан қаноат ҳосил қилдим. Тўғриси, аслида фарз намозларга ҳам бепарво эдим. Шунинг учун биринчи навбатда уларга қатъий риоя қила бошладим. Бундан ташқари, қайғуга тушган вақтимда ҳам кунига уч маҳал нафл намоз ўқишга бел боғладим. Аввалига у қадар катта ўзгариш сезилмади. Кейинги учрашувимизда шифокорга ҳолатимни айтган эдим, кулиб, «Демак, сен сифатсиз ёки қалбаки дори ичяпсан экан», деди. Мен ҳайрон бўлиб, беихтиёр «Қанақасига?» деб юбордим. Шифокор сал жиддийлашди: «Намозингни шоша-пиша, хушуъсиз ўқиётган бўлсанг, оятларнинг маъносини тафаккур қилмаётган бўлсанг, намознинг таъсири ҳам шунга яраша бўлади. Худди дорига ўхшаб, намоз таркибида ҳам фаол моддалар бор – хушуъ ва тадаббур. Майли, бошида шунақа бўлади. Бу дорини яна икки ҳафта синаб кўрайлик. Лекин бу сафар хушуъ билан ўқишга ҳаракат қилгин! Ҳар доим ўқийдиган сураларингни эмас, янгиларини ўқигин. Иншааллоҳ, албатта фойдасини кўриб, хурсанд бўласан».
Мен унинг сўзларидан таъсирланиб, чуқур ўйга толганча уйга қайтдим. Намозларни сокинлик билан, хушуъ билан ўқий бошладим. Ростдан ҳам, авваллари намозни худди шифокор айтганидек, қуш дон чўқигандек шошилиб, тез ўқир эдим, мақсадим гўё намозни тезроқ тугатиш бўлар эди, холос. Ундан ташқари, бу сафар янги суралар, янги оятларни ўқий бошладим. Авваллари эса, шифокор айтганидек, ҳар намозда Фотиҳадан кейин фақат Ихлос билан Фалақ сураларини ўқийверардим. Намознинг ҳаловатини мана энди ҳис қила бошладим. Унинг ғам-аламларимга ҳам таъсир қилаётгани ич-ичимдан сеза бошладим. Икки ҳафта ўтгач, шифокорнинг олдига аввалгидан бутунлай бошқа кайфиятда, шаҳдам қадамлар билан кириб бордим. Бу сафар мутлақо хотиржам эдим, ҳаётга ишонч билан, очиқ юз билан қараётган эдим. Шифокор ҳам мени табассум билан қарши олиб, «Ҳаётимда учратган энг яхши бемор сен бўлдинг! Жудаям қатъиятли қиз экансан. Ўзингга ишончинг кучли экан, шунинг учун ҳам Аллоҳ сенга тезда шифо берди. Иншааллоҳ, бугундан бошлаб энди ҳеч қачон психологга ишинг тушмайди. Шарти шуки, фарз ва суннат намозларга маҳкам бўл! Зарурат туғилганда эса кунига уч марта қайғу дори ичасан, яъни намоз ўқийсан», деди. У мени мақтаб-мақтаб, намозга, ибодатга янада шижоатлантириб юборди.
Бу воқеага анча йиллар бўлди. Парвардигорга ҳамдлар бўлсинки, ўшандан бери руҳий ҳолатим аъло даражада. Энди мен фақат намозларга бепарво бўлиб қолсам ёки намозни хушуъсиз ўқисамгина қайғуга тушаман. Қайғуларимнинг сабаби дарҳол юзага чиқади, шунда хушуъ билан, хузуъ билан намоз ўқишга тураман. Қарабсизки, қайғуларим чекиниб, қалбимга хотиржамлик инади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайх Миёнжи Нур Муҳаммад Жанжонвий раҳимаҳуллоҳ зокир (Аллоҳни кўп зикр қилувчи) сифатида танилган буюк олимлардан эди. Ҳар сафар бозорга борганида харидларга тўлов қилиш учун ҳамёнини сотувчига берар, у керакли пулни санаб оларди. Шайх Миёнжи шу қадар зикр қилишга берилганидан ҳатто пулни санашга ортиқча вақтни ўтказишни истамасди.
Кунларнинг бирида ўғри унинг ҳамёнини ўғирлаб кетди. Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ ўғрини тутиш у ёқда турсин, ҳатто ортига ҳам қарамади. Зикрнинг савобини ўғрини қувиб вақтини кетказишга, бу дунёнинг арзимас матоҳига алмаштиришни истамади.
Шайх Миёнжи: “Аллоҳим, мен ўғрини кечирдим ва олган нарсасини ҳадя қилдим” деб дуо қилди ва бўлган воқеани унутиб, яна зикрга берилди.
Ўғри қочиб кетди, Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ уни кечирди, аслида воқеа шу ерда тугаши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло ўғрига сабоқ беришни ирода қилди.
Ўғри уйига қайтиш йўлини жуда яхши билса ҳам, Аллоҳ уни адаштириб қўйди. У маҳаллани айланаверар, лекин йўлни топа олмасди. Охир-оқибат, унинг бу ҳолатига қилган ўғрилиги сабаб бўлганини тушунди.
Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳнинг уйини топиб борди. Шайх Миёнжи уни танимади. Ўғри кимлигини ошкор қилиб, бундай деди: “Мен сизнинг ҳамёнингизни ўғирладим. Хато иш қилдим, мени кечиринг, мана ҳамёнингиз”.
Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ: “Бу пуллар сенга, улар энди меники эмас. Мен уларни қайтариб ололмайман”, деб жавоб берди.
Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни зикр қилишни афзал билгани учун одамлар билан кераксиз суҳбатларга қизиқмасди. Унинг учун бу воқеа аллақачон унутилган эди. Аммо ўғри кетишдан бош тортди ва пулни олишни қайта-қайта илтимос қилиб: “Аллоҳ розилиги учун уларни мендан қайтариб олинг!” деди.
Шайх Миёнжи ўғридан нега ўзи ўғирлаган пулни энди қайтариб беришни хоҳлаётганини сўради.
Ўғри: “Уйимга кетмоқчи эдим, лекин йўлни топа олмаяпман. Бир неча соатдан бери шу кўчаларда айланиб юрибман”, деб жавоб берди.
Шайх Миёнжи: “Аллоҳ сени тўғри йўлга ҳидоят қилишини ва ўз йўлингни топишингда ёрдам беришини сўрайман”, дедилар. У зот унинг ҳаққига дуо қилдилар ва ўғри эсон-омон уйига қайтишга муваффақ бўлди.
Даврон НУРМУҲАММАД