Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жумодус соний - луғатда "кейинги-иккинчи совуқ" маъносида. Ҳижрий-қамарий тақвимга кўра йилнинг олтинчи ойи шу номни олган. Бу ой "жумодул-охир" ҳам дейилади.
Ҳижрий 2 йил, жумодус соний ойи (мил. 623 йил декабрь) |
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир 150-200 муҳожир билан Қурайшнинг Маккадан Шомга йўл олган карвонига қарши ғазотга отландилар. Зул Ушайра деган жойга етганларида карвон бир неча кун олдин ўтиб кетгани маълум бўлди. Бу Ислом тарихида «Зул ушайра» ғазоти деб аталади; – ушбу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мудлиж қабиласи билан урушмаслик ҳақида битим туздилар. |
Ҳижрий 3 йил, жумодус соний ойи (мил. 624 йил ноябрь-декабрь) |
– Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу сарияси бўлди. |
Ҳижрий 6 йил, жумодус соний ойи (мил. 627 йил октябрь-ноябрь) |
– Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу сарияси бўлди. |
Ҳижрий 7 йил, жумодус соний ойи (мил. 628 йил октябрь) |
– Ҳисмо сарияси бўлди. |
Ҳижрий 8 йил, жумодус соний ойи (мил. 629 йил сентябрь-октябрь) |
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бошчилигида 300 кишилик сарияни Қуро водийи ортидаги Зотус Салосил диёрига юбориб, уларнинг кетидан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида 200 кишилик мадад кучларини жўнатдилар. |
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.