Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Январ, 2026   |   16 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:27
Шом
17:12
Хуфтон
18:30
Bismillah
05 Январ, 2026, 16 Ражаб, 1447
Мақолалар

Эй Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўл!

04.12.2024   5788   13 min.
Эй Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўл!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

"Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас", деб айтган (Аъроф, 31).

Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.

Исроф нематлар билан боғлик экан, демак ўз-ўзидан у бир неча турларга бўлинади:


Сувни исроф қилиш

Аллоҳ таоло  Қуръони каримда бутун инсониятга қарата бундай марҳамат қилади:

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاءَ الَّذِي تَشْرَبُونَ (68) أَأَنْتُمْ أَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ (69) لَوْ نَشَاءُ جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلاَ تَشْكُرُونَ

“Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (Воқеа, 68-70).

Дарҳақиқат, ўтаётган ҳар бир кунимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Маълумотларга қараганда, Ер юзасининг 70 фоизидан кўпроқ қисми сув билан қопланган бўлса, унинг бор йўғи 3 фоизигина ичимлик (чучук) сув ҳисобланар экан. Инсон танасининг ҳам 3/2 қисми, яъни 60-70 фоизи сувдан иборат. Сув нафақат инсоният, балки бутун махлуқот, ҳайвонот олами, ўсимликларнинг  ҳаёти ва тириклик манбаидир.

Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло  Анфол сурасининг 11-оятида:

وَيُنَزِّلُ عَلَيْكُمْ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لِيُطَهِّرَكُمْ بِهِ

“Сизлар покланишингиз учун У осмондан сув туширур”, дея хабар берган.

Сувни исроф қилишнинг ҳар хил кўринишлари бор. Аксарият кишилар тарвуз-қовун, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун жуда кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатадилар. Бу исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўқ билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш ҳам мумкин-ку, ахир.

Сув бизларга Аллоҳ берган буюк неъматлардан биридир. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш дунёвий (глобал) муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, Охиратда эса Аллоҳнинг розилига сазовор бўламиз.


Таҳоратдиги исроф

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея  унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда эса, махсус труба ва кранлар орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда жуда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.

Аслида водопровод жўмрагини бир оз жилдиратиб таҳорат қилса бўлади. Лекин, афсуски кўпчилигимиз сувни шариллатиб оқизиб қўйган ҳолда таҳорат қиламиз. Ахир, бу исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас-ку! Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу соҳада қилган насиҳатларига қулоқ тутилса, аҳолини сув билан таъминлашдаги кўпгина муаммолар ўз ечимини топган бўлар эди.


Озиқ-овқатдаги исроф

Аллоҳ таоло  айтади: "Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).

Баъзи салаф уламолар, Аллоҳ ушбу оятда табобат илмининг ярмини жамлаган, дейишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Таом ва ичимликни исроф қилмаган ҳолда истеъмол қилсанг, Аллоҳ сенга ҳалол қилади”.

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда е, ич, кийин ва садақа қил”, деганлар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳофиз Абу Яъло “Муснад”да келтиришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нафсинг хоҳлаган ҳар нарсани еяверишинг ҳам исрофдир”, деб айтганлар.

Киндий розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқбордаги таом кифоя қилади, ёки  бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти).

Зайд ибн Аслам: “Исроф қилманглар” оятини “Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни еманглар, бу исрофдир”, дея тафсир қилган.


Ноннинг қадрига етиш

Ота-боболаримиз қадимдан нонни эъзозлашга, уни исроф қилмасликка чақириб келганлар, бир дона увоқни ҳам териб ейишга даъват қилганлар. Бунинг асосида ҳам динимиз таълимотлари муҳим ўрин тутади.

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра: “Карим (сифатли Аллоҳ таоло берган неъматлар)ни қадрлагин! Зеро, у (неъматлар) бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган ҳадисда: “Эй Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади”, деб келтирилган.

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг катта-кичиги бўлмайди. Барчаси У Зотнинг яхшилиги, лутфу карамидир. Ким мана шу нарсага амал қилса, неъматларни катта-кичикка ажратмай, барчасини бирдек қадрласа, Аллоҳнинг неъматларини тан олган ва У Зотга шукр қилган бўлади. Ўз навбатида Аллоҳ таоло бундай бандага неъматларни бардавом ва зиёда қилади.

Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир, холос. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганишимиз керак. У зот бу борада ҳам бизга ўрнакдирлар.

Умуман олганда, нон бандаларнинг энг асосий ризқи ҳисобланади. Ҳадисларнинг бирида нонни эъзозлаш, уни увол қилмаслик лозимлиги таъкидланган. Мусо ат-Тоифий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Нонни ҳурматланглар (яъни, қадрига етинглар). Чунки Аллоҳ уни осмоннинг баракотидан туширган ва Ернинг баракотидан чиқарган” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Бизда ортиб қолган овқатларни ташлаб юбориш исроф, деган тушунча бор. Бу тўғри. Аммо қорин тўйгандан кейин ортиқча таом ейиш ҳам исроф эканини биламизми?!


Кийимдаги исроф

Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.


 Садақа, инфоқ-эҳсондаги исроф.

Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандаги улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.

وَلاَ تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلاَ تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا (سورة الإسراء ، 29)

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان ، 67)

Саховат яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.


Табиий ресурслар (газ, электр токи ва шу каби)ларни исроф қилиш.

Бу неъматларни исроф қилиш бизда нисбатан олиб қараганда озроқ. Сабабини билсизми? Бизда бир тушунча бор. Қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин. Нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғридир. Сабаби Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди. Бизда газ ва шу каби неъматлар, одатда тежаб ишлатилади. Сабаби эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларни қадрига етайлик.

Бир юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга асосан қуйидаги икки нарса киради:


Умрни исроф қилиш

Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Ўтган кун бошқа қайтиб келмайди. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлишмиз лозим.

 

Илм ва истеъдодни исроф қилиш

Илм эгаллаш улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга тадбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда ўзгаларга ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.

Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, Аллоҳга маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик, Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан қадрига етайлик. Шунда Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Улар фажр аҳлидир

03.09.2025   10174   5 min.
Улар фажр аҳлидир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир жамоа борки, Аллоҳ таоло уларни Ўз тавфиқи ила қўллаган ва уларни дунёнинг ўзидаёқ иззат-икром қилган. Уларнинг юзлари нурли, пешоналари ялтираган ва вақтлари баракалидир. Сиз ҳам ана ўша жамоанинг бир аъзоси бўлинг ва Аллоҳга кўп ҳамд айтинг. Аллоҳдан сизни ҳам ўша жамоанинг бир вакилига айлантиришини сўраб дуою илтижолар қилинг.

Улар фажр аҳлидир... Улар бомдод намозини масжидда жамоат билан адо этишга иштиёқлари баланд бўлганлардир. Уларнинг тонг-саҳарлаб қиладиган амаллари қандай ҳам гўзал! Уларга фаришталар гувоҳ бўлади. Бомдодни жамоат билан ўқиган киши гўё туннинг барини ибодат билан ўтказган ҳисобидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, тунниг ярмида ибодат қилгандай бўлади. Бомдодни ҳам жамоат билан адо этса, туннинг барини ибодат билан ўтказган кабидир”[1], деганлар. 

Бу ишга шошилиш, ҳаракатда бўлиш жаннат сари етак­лайди. Бомдоддан кейинги вақтга барака ёғилади. Набий алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ! Умматимнинг саҳарги вақтига барака бер”[2], дея дуо қилганлар.

Фажр аҳли – улар Аллоҳ томон чорлаётган жарчининг: “Намозга келинг... Нажотга келинг...” деган чақириғига “Лаб­бай” деяётган кишилардир. “Намоз уйқудан яхшироқдир...” деган иборани эшитганлари замон ҳушёр тортган ва бандалик ҳиссини англаб етганларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоронғу пайтлари масжид томон юриб борадиган кишиларга қиёмат кунидаги мукаммал нурнинг хушхабарини беринглар”[3], деганлар.

Эй фажр аҳли! Улкан ажр ила мусобақада ўзиб кетдингиз. Дунё матоҳларига, нафсига эргашганларга ҳавас кўзи билан боқманг. Чунки уларда ҳавас қилинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ундан кўра сизларга бериладиган Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан суюнинглар, хурсанд бўлинглар.

Эй фажр аҳли! Жаннатда Аллоҳнинг жамолини кўриш бахти муборак бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яқинда сизлар шу ойни кўрганларингиз каби Роббингизни тиқилинчсиз кўрасизлар. Қуёш чиқишидан олдинги ва ботганидан кейинги намозни қўлдан бой бермасликни уддалай олсангиз, шундай қилинглар!” дедилар. Кейин эса: “Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамд билан (Унга) тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!..»[4] оятини ўқидилар[5].

Эй фажр аҳли! Одамлар мол-дунё, хотинлар билан чалғиганда, сиз вақтда барака, тетиклик ҳамда жаннат мукофоти ила уйга қайтишга рози бўласизми?!

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуёш чиқиши ва ботишидан аввал намоз ўқиган киши ҳеч қачон жаҳаннамга кирмайди”[6], деганлар. Бу ҳадисда айтилган вақтлардаги намоз бомдод ва асрдир.

Эй фажр аҳли! Сизлар Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясидасиз. Жонларингиз хуш, жасадларингиз бардам... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясидадир”[7].

Бошқа бир ҳадисда эса ушбу маънолар мужассам: “Ким ғафлат уйқусида бўлса, шайтон унинг гарданига учта тугун тугади ва ҳар бир тугунга: “Ҳали тун узоқ, ётавер!” дея дам уради. Киши уйқудан турса ва Аллоҳни ёдга олса, битта тугун ечилади. Таҳорат олганида яна битта тугун ечилади. Намоз ўқиса, охирги тугун ҳам ечилади. Кейин бояги одам тетик бўлиб қолади. Тугунлар ечилмай шу ҳолда қолса, одам тубан бўлиб, дангасага айланади”[8].

Фажр аҳлининг сафига қўшилинг! Аллоҳнинг зиммасида бўласиз. Яхши кишилар дафтарига номингиз битиб қў­йилади. Саодатни қўлга киритасиз ва мунофиқликдан омонда бўласиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқ кимсаларга хуфтон ва бомдоддан-да оғирроқ намоз йўқ. Агар улар бу намозлар ўз ичига нималарни яширганини билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишган бўлишарди”[9],  деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Муслим ривояти.
[2]  Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти.
[3]  Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[4]  Тоҳо сураси, 130-оят.
[5]  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[6]  Имом Муслим ривояти.
[7]  Имом Муслим ривояти.
[8]  Муттафақун алайҳ.
[9]  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

 

 

Мақолалар