Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу ҳолда эр киши учун баъзи бир аёлга уйланиш бирор сабабга кЎра вақтинчалик ҳаром бўлади. Агар ўша сабаб йўқ бўлса, у аёлга уйланиш мумкин. Никоҳи вақтинчалик ҳаром бўлган аёллар қуйидагилар:
1. Ўзи уч талоқ қилган аёл.
Эр киши ўз аёлини бир талоқ ёки икки талоқ қилса, қайтадан ярашиши мумкин. Аммо уч талоқ қилгандан кейин ўша эр учун у аёл вақтинчалик ҳаромга айланади. Қуръони каримнинг ҳукмига биноан, у аёл бошқа эрга тегиб, бу эри билан табиий ҳолатда ўлим ёки талоқ туфайли ажрашгандан кейингина биринчи эрга никоҳи ҳалол бўлади. Бунинг учун, албатта, у аёл иккинчи эр билан эр-хотин бўлиб яшаши шарт. Иккинчи эр жинсий алоқага қодир эмас киши бўлса, аёл қайтадан биринчи эрга ҳалол бўлмайди. Никоҳ тўғри никоҳ бўлиши ҳам шарт қилинган.
2. Эри бор аёл.
Эри бор аёл ҳам, модомики эри билан никоҳ алоқаси бор экан, бошқа эркак учун никоҳи ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло эрлик аёлларга уйланиш мумкин эмаслигини Қуръони каримда баён қилган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади: «Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)» (24‑оят).
Жоҳилият даври арабларида бир аёлнинг бир неча эркак билан жинсий яқинликда бўлиши, яъни фоҳишабозлик оддий бир ҳол эди. Баъзи қавмларда эса бир аёлнинг бир неча эркак билан расман никоҳлангани ҳақида ҳам тарихий маълумотлар бор.
Ислом ана шу бемаъни одатни, соғлом инсон табиати кўтара олмайдиган бундай хунук ҳолатларни муолажа қилиб, бир аёл фақат бир эркак билан никоҳда бўлишини жорий қилди. Бинобарин, эри бор аёлга никоҳ маъносида, ҳатто, кўз тикиш ҳам жоиз эмас. У бировнинг ҳаққи ҳисобланади. Бу иш бировнинг ҳаққига нисбатан тажовуздир.
Шу маънода баъзи тоифаларнинг, хусусан, бугунги тараққиётнинг чўққисига чиққан, аммо Исломдан бехабар жамиятларнинг ҳаётига назар ташласак, юқоридаги оят карима бекорга нозил бўлмаганини тушуниб етамиз. «Инсон ҳуқуқлари» шиори остида турли адабиётларда, маза-матрасиз телесериалларда тарғиб қилинаётган «эркин муҳаббат» ғояси, бировнинг жуфти ҳалолига шаҳват, ҳирс билан ёки ўзларининг таъбири билан айтганда, «муҳаббат» билан қарашлар, дўстининг хотинига севги изҳор қилишлар Ислом ҳукмларига кўра мутлақо жоиз эмас. Агар ушбу ҳукм бўлмаса, оилаларнинг тинчи қолмайди, насаблар аралашиб кетади.
3. Идда ўтирган аёл.
Эридан талоқ ёки вафот туфайли ажрашиб, идда ўтирган аёлга уйланиш ҳам ҳаром. Совчи қўйиш бобида ундай аёлга, ҳатто совчи қўйиш ҳам ҳаром эканини айтганмиз. Бу ҳолда аввалги эрнинг ҳурматидан ўтирилаётган идда чиққунча кутиб туриш керак бўлади.
Идда ўтирган аёлга уйланувчи одам, аввало ўша ҳурматни оёқости қилган бўлади. Қолаверса, бу пайтда аёл аввалги эридан ҳомила бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун ҳам идда ўтирган бўлади. Бинобарин, иддадаги аёлга уйланган одам наслу насабнинг бузилишига ҳам сабабчи бўлиши мумкин.
4. Самовий динга эътиқод қилмайдиган аёл.
Бу ҳукм мусулмон киши учун муслима, масиҳия ва яҳудия аёлдан бошқа аёлга уйланиб бўлмаслигини билдиради. «Самовий дин» деганда Ислом, масиҳий ва яҳудий динлари тушунилади. Булардан бошқа ҳар қандай динга эътиқод қилувчи ёки умуман, динсиз, эътиқодсиз хотинга уйланиш мусулмон кишига жоиз эмас.
Шунингдек, Исломдан юз ўгирган, муртад аёлга ҳам уйланиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мушрика аёлларга, то улар иймонга келмагунларича, уйланмаслик лозимлигини қаттиқ тайинлаган. Албатта, бу ҳукм ҳам беҳикмат эмас.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мушриклар билан никоҳ алоқаси ўрнатмаслик ҳақидаги амрини билдирган оятнинг давомида «Ана ўшалар дўзахга чақирурлар», – деган.
Демак, мушрикага никоҳланган мусулмон эркак дўзахга бўлган даъватга яқинлашган бўлади. Шунинг учун «мусулмонман» деган одам бу ишни хаёлига ҳам келтирмаслиги керак.
Аллоҳ таоло мусулмонларга ғайридин аёллардан фақат масиҳий ва яҳудий динига эътиқод қиладиганларига уйланишга рухсат берган, холос.
Бу ҳақда У Зот бундай деб марҳамат қилади: «Бугунги кунда сизларга (барча) пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Мўминаларнинг афийфалари ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам» («Моида» сураси, 5‑оят).
Шу оятнинг ҳукмига кўра баъзи саҳобаи киромлар ҳам аҳли китоб – масиҳий ва яҳудий аёлларга уйланганлар. Усмон розияллоҳу анҳу Ноила бинти Фироза ал-Калбия исмли масиҳия аёлга уйланганлар. У аёл кейин, Ҳазрати Усмон билан яшаб туриб, мусулмон бўлган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳам мадоинлик яҳудия аёлга уйланганлар. Чунки масиҳий ва яҳудий динидаги аёллар ҳам Аллоҳга, илоҳий китобга, Пайғамбарларга, Қиёматга, қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ва бошқа нарсаларга иймон келтирган бўлади. Бу эса уларни Исломга бошқалардан кўра кўпроқ яқинлаштиради. Шунинг учун мусулмон эри билан яхшиликда яшаши мумкинлиги умид қилинади.
Юқорида айтиб ўтилган, никоҳи ҳаром бўлган тоифаларга кирмайдиган лекин совчилик қилиш мумкин бўлмаган яна бир тоифа аёллар бор. Совчилик қилмоқчи бўлганлар бу тоифадаги аёллар кимлигини ҳам яхши билиб олишлари керак. Кўп ҳолларда бу ишга аҳамият бермаслик оқибатида турли нохушликлар чиқиши ҳам бор.
Бу тоифа бошқа биров томонидан совчи қўйиб турилган аёл-қизлардир. Бундай аёл-қизларга ҳам совчи қўйиб бўлмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг совчилиги устига, ундан олдинги совчи тарк қилмагунча ёки унга изн бермагунча, совчи қўймас», дедилар (Бешовлари ривоят қилганлар).
Биров совчи қўйиб турган жойга унинг устидан совчи қўйиш ҳаромдир. Фақат биринчи совчи қўйган одам келиша олмай, совчиликни тарк қилганидан сўнг ёки унинг ўзидан изн олгандан кейингина, совчи қўйиш мумкин. Чунки бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш биринчи совчининг ҳаққига тажовуз қилишдир. Бу иш туфайли кишилар ўртасида низо, хусумат, адоват ва уруш-жанжаллар чиқади.
Шу билан бирга, бирданига бир неча киши совчи қўйган, иш пишмай турган бўлиши мумкин. Улардан ҳеч бири билан жиддий муомала қилинмай, иккиланиш ва маслаҳат ҳолати бўлиши мумкин.
Имом Муслим келтирган ривоятда Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога бирданига уч киши – Абу Жаҳм ибн Хузома, Муовия ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум совчи қўйишган. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўраганларида у зот «Абу Жаҳм асосини елкасидан туширмайди, Муовия камбағал, моли йўқ, Усома ибн Зайдга теккин», – деганлар.
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ...». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:
«...Агар бир темир узук бўлса ҳам топ...», – деганлар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилганлар).
Агар ўн дирҳам миқдоридан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам миқдорини бериш вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади.
Саҳиҳ хилват деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
Холи жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турганлиги кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
Табиий монеълик деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, саҳиҳ хилват юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки саҳиҳ хилватдан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр‑хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушганларидан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда ҳам келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват ҳисобланаверади.
Давоми бор...
"Бахтиёр оила" китобидан