Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2025   |   5 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2025, 5 Ражаб, 1447

Фақиҳ ва муҳаддис олим

06.12.2024   7772   1 min.
Фақиҳ ва муҳаддис олим

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Милодий тўққизинчи аср бошларида Ислом оламида ҳадисларни тўплаб, китоб қилиш кенг ривож топди. Улар орасида Имом Доримийнинг алоҳида ўрни бор.

Имом Доримий дастлаб ўз юртида, сўнгра Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина каби илм-фан ва маданият тараққий этган шаҳарларда сабоқ олиб, билимларини оширди.

Аллома Муҳаммад ибн Иброҳим: “Имом Доримий ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эди. У зотнинг ёд олиш зеҳни, ҳалимлиги, босиқлиги, тиришқоқлиги зарбулмасалдир”, деб таъриф берган.

Илм йўлида узоқ йиллар олиб борган тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида Имом Доримий ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилди ва йирик муҳаддис сифатида шуҳрат қозонди.

Имом Доримийнинг “Сунан” асари – кенг қамровли ва серқирра манба бўлиб, олимнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари бўйича эгаллаган барча билимларининг асосини ўзида мужассам этган. Асарда бўлим ва бобларнинг фиқҳий тартибда берилиши муаллифнинг фиқҳий салоҳияти юксак даражада эканини исботлайди.

Муҳаддис Шамсуддин Заҳабий: “Имом Доримийнинг асари ўз даврининг энг мукаммал ва ишончли ҳадис тўпламларидан саналган”, деган.

Олимнинг илмий мероси ичида алоҳида ўрин тутган, кенг қамровли “Сунан” асари асрлар давомида долзарблигини йўқотмай, шу кунга қадар муҳим асарлардан бири сифатида алоҳида қадрланади. Имом Доримийининг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, хусусан, унинг “Сунан” асари юртимиз илм-фани ва маданияти тарихини чуқур ўрганиб, халқимизга етказишда, миллий қадриятларимизнинг тикланишида катта аҳамиятга эга.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муҳими қалбдаги нарса, чўнтакдаги эмас

27.06.2025   15088   3 min.
Муҳими қалбдаги нарса, чўнтакдаги эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.

Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:

— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!

Хотин деди:

— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.

Эр деди:

Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.

Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:

— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:

«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.

Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.


Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!

Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.

Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!

Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!


Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!

Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.

Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар