Бир қиз айтади: «Мен ёшлигимдан бувим билан бир хонада ётардим. Бувим ҳаётдан кўз юмгунларича, тахминан ўн йилча бирга яшадик. Шу ўн йил ичида бувимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Лекин шу ўрганганларим ичида энг яхшиси – намоздан кейинги дуо эди. Бувим фарз намозни ўқиб бўлиб, жойнамоз устида анча ўтирардилар, мен эса бувимни кузатардим. Бувим намозни хотиржам, сокин якунлаб, узоқ дуо қилардилар. Бир куни ана шундай сокин ўтиришларини кўриб, савол бергим келди: «Буви, намоздан кейин нималар деб дуо қиласиз? Қандай қилиб намоздан бунчалик роҳатланасиз?».
Бувим кулиб қўйиб, намоздан кейин қайси дуоларни ўқишларини айтиб, менга ҳам ўргатдилар. Ҳар намоздан кейин бувим билан бирга ана шу дуоларни такрорлайдиган бўлдим. Дуоларни ёдлаб олган куним менга мукофот ҳам бердилар.
Бувим алоҳида эътибор билан ўқийдиган дуо мана шу эди:
(Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳга истиғфор айтаман. Аллоҳим, Салом Ўзингсан, салом ҳам Ўзингдан. Табарруксан, эй улуғлик ва карам Соҳиби! Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уникидир, ҳамд ҳам Унгадир, У ҳар нарсага қодирдир. Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Қувват Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас).
Кўп йиллар давомида бу дуоларни бувим билан бирга ўқийвердим, бу дуолар ақлимнинг, шууримнинг бир бўлагига айланиб, ҳис-туйғуларимга қоришиб кетди.
Бувим менга шундай дер эдилар: «Жоним қизим, бу дуонинг ҳаловатини қара! «Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ!». Кўряпсанми, Аллоҳ сенга берган нарсани ҳеч ким олиб қўя олмайди. «Сен тўсганни берувчи йўқ». Аллоҳ бермаган нарсани сенга ҳеч ким бера олмайди. «Қувват фақат Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас». Ҳа, куч-қудратни фақат Аллоҳ беради, Аллоҳ бир нарсани хоҳласа, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Болам, сендаги куч-қувват ҳам фақатгина Аллоҳдан. Шунинг учун Аллоҳга ишонгин-да, хотиржам яшайвергин!»
Бувим мени бу дуолардан баҳра олишга, маъноларини ҳис қилишга тинимсиз ундар эдилар. Мен бунинг ҳаловатини икки йиллардан кейин ҳис қила бошладим. Бошланғич мактабни тамомлаб, ўсмирликка илк қадам қўйган пайтим эди. Бувимнинг ўгитлари ўсмирлик даврининг ғам-қайғулари бошланганда шунақанги асқотдики, асти қўяверасиз. Мен қайғуларимни осонгина енгар эдим, тушкунликни, умидсизликмни бувим ўргатганидек, намоздан кейинги дуолар билан даволардим. Ҳар гал «Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Қувват Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас», деганимда хотиржам бўлиб қолар эдим. Бу дуолар худди бошимга тушаётган муаммоларни даволаш учун кунда беш маҳал ичиладиган дорига ўхшар эди. Қарабсизки, Аллоҳнинг марҳамати билан ёшлик, ғўрлик, ўсмирлик даврини дугоналаримга нисбатан анча яхши ўтказдим. Қандай муаммо дуч келса ҳам, намозга шошиб, намоздан кейинги дуою зикрлар билан хотиржам бўлиб юрган вақтимда кўпчилик дугоналарим психологларга, ҳатто психиатрларга қатнаб, даволаниб юришарди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД