Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2025   |   7 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:05
Хуфтон
18:23
Bismillah
27 Декабр, 2025, 7 Ражаб, 1447

Зоҳирийлик мазҳаби

14.12.2024   15425   22 min.
Зоҳирийлик мазҳаби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Зохирийлик» арабча «зоҳир» сўзидан олинган бўлиб, бизнинг тилимизда «юзакилик» деган маънони ифода этади. Яъни бир нарсанинг жавҳарига, моҳиятига ва асл маъносига эътибор бермасдан, сиртига юзаки қараш деганидир. Ушбу ҳолат баъзи саҳобаларда ҳам бўлиб ўтган. Гапимизнинг далили сифатида оят ва ҳадисни юзаки тушунишга айрим мисолларни келтирамиз.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...» ояти нозил бўлганда:

«Эй Аллоҳнииг Расули, мен кечадан кундузни ажратиш учун ёстиғим остига икки чилвирни: бир оқ чилвирни, бир қора чилвирни қўйганман», дедим.

Бошқа ривоятда:

«Кечаси қарасам, ажратиб бўлмаяпти-ку!» дейилган.

Ул зот алайҳиссолату вассалом:

«Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бу ривоятда рўза ибодати янги жорий қилина бошлаганда бўлиб ўтган латиф ҳодисани келтириш орқали оғизни қачон беркитиш кераклигининг ҳукми баён қилинмоқда. Маълумки, Аллоҳ таоло оғизни қачон беркитишнинг ҳукмини маълум қилиш учун Бақара сурасининг 187-оятида:

 «Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг», деган ҳукмни нозил қилган.

Ушбу оят нозил бўлганида баъзи кишилар, жумладан, Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ҳам зикр қилинган «ип»дан мурод мажозий «ип» эканлигини англаб етмаганлар. Шунинг учун ҳам саҳарлик вақтида битта оқ рангли, битта қора рангли чилвирни олиб, қоронғида уларнинг ранги ажралиб кўрингунча саҳарлик қилишга ўтганлар. Лекин у киши ўзларининг бу ишларида камчилик сезиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилганлар ва у зот оятда зикр қилинган ипдан мурод ип, чилвир ёки арқон эмас, кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлиги эканини тушунтириб берганлар.

Демак, рўза тутмоқчи бўлган одам саҳарликни тонг отгунча қилиши мумкин экан. Тонг отгандан сўнг эса мазкур саҳарликни тўхтатиши вожиб бўлади. Акс ҳолда рўзаси рўза бўлмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг менга тезроқ етиб оладиганингиз қўли узунингиз», дедилар. (Ул зотнинг аёллари) қайсиларининг қўли узунлигини ўлчаб кўришар эди. Ичимизда энг қўли узунимиз Зайнаб эди, чунки у ўз қўли билан меҳнат қилиб, садақа қилар эди».

Имом Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.

Бошқа бир санад билан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, қачон бирортамизнинг уйимизда тўпланиб қолсак, қўлимизни деворга чўзиб, кимминг қўли узун экан деб ўлчаб кўрар эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Зайнаб бинти Жаҳш вафот этгунча шундай қилдик. У (Зайнаб) паст бўйли аёл эди. Биздан узун эмас эди.

(У вафот қилганидан кейин) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлнинг узунлигидан садақани ирода қилганларини билиб олдик.

Зайнаб қўли моҳир аёл эди. У тери ошлар, тикар ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида садақа қилар эди».

Ҳоким ривоят қилган.

Бу ривоятда мўминларнинг оналари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бир гапни сиртидан тушуниб, хатога йўл қўйганлари ва кейинроқ гапнинг мақсадини англаб етганлари баён қилинмоқда.

Аллоҳнинг охирги Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёни тарк қилганларидан сўнг, у зотнинг саҳобалари орасида масалани ҳарфма-ҳарф тушуниб, маҳкам туриб олиш ҳам ва динимизнинг мақсадларига, ҳикматларига ҳамда бошқа омилларга қараб ҳал этиш ҳолатлари ҳам бўлиб ўтган. Бундай ҳолатларда муаммони Исломнинг мақсадларига, ҳикматларига ҳамда бошқа омилларга қараб ҳал этиш тарафдорлари тутган йўл маъқул кўрилган.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Мазкур жангларда Қуръонни тўлик ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Қуръонни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш маслаҳатини берди. Аввал бошда ҳазрати Абу Бакр бунга кўнмадилар, чунки бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарурлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширдилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам аввалига масалани тор олиб, бу таклифга кўнмадилар. Кейин эса асл мақсадни, кўзланган ҳикматни тушуниб етиб, фикрларини ўзгартирдилар. Келинг, гапни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитайлик.

3aйд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ямомадагилар ўлдирилганда Абу Бакр менга одам юборди. Ёнида Умар бор экан. Абу Бакр менга шундай деди: «Умар менга келиб, «Ямома куни жангда Қуръон қорилари ичида ўлим кўп бўлди. Ҳамма жойда Қуръон қорилари ичида ўлим кўпаяверса, Қуръоннинг катта қисми йўқолиб кетишидан қўрқаман. Менимча, Қуръонни жамлашга буйруқ беришингиз керак», деди. Мен: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қиламан?» дедим. Умар: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», деди. Умар менга шу тўғрида қайта-қайта айтаверди, ниҳоят, Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Умарнинг қалбини очган нарсага очди. Бу борада Умар келган фикрга келдим. Сен ёшсан, ақллисан, сени айблайдиган жойимиз йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (нозил бўлган) ваҳийни ёзиб юрардинг. Қуръон(оятлари)ни қидириб топиб, уларни жамла!»

Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни кўчиришни юклаганида, мен учун Қуръонни жамлашга буюрганидан оғир бўлмас эди.

«Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қигансизлар?» дедим. Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», деди. У мени қайта-қайта ундайверди, ниҳоят Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Абу Бакр ва Умарнинг қалбини очган нарсага очди. Қуръонни суриштириб, уни хурмо пўстлоқлари, қоғоз парчалари, ясси тошлар ва одамларнинг кўксиларидан жамладим. Тавба сурасининг охирини – «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган Расул келди...»- ни охиригача Ҳузаймада [ёки «Абу Ҳузаймада»] топдим ва уни ўша суранинг охирига қўшиб қўйдим.

Саҳифалар Абу Бакрнинг ҳаёти давомида, Аллоҳ уни вафот эттиргунча унинг ҳузурида, кейин Умарнинг ҳаёти давомида, Аллоҳ уни вафот эттиргунча унинг ҳузурида, сўнгра Ҳафса бинт Умарнинг ҳузурида бўлди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, саҳобалар даврида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган ишни қилиш жоиз эмас, деган гапни олға сурганлар бўлган. Ушбу ривоятда Абу Бакр ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳулар ушбу йўналиш тарафдорлари бўлишган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса масалани атрофлича таҳлил қилганлар ва динимиз олға сурган мақсадлар, ҳикматлар асосида фикр юритганлар. Энг қувончлиси, эркин баҳсдан кейин ҳаммалари иттифоқ қилиб, ҳарфпарастликни тарк этиб, шариатимиз мақсадлари ҳамда умумий ҳолат ва маслаҳат асосида иш юритишга ўтганлар. Кейинги даврлардаги мусулмон авлодлари ҳам худди шу йўлни тутганлар.

Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги баъзи бир зоҳирийлик йўлини тутганлар тамоман бунга тескари иш тутишни ўзларига шиор қилиб олганлар.

Зоҳирийликнинг ушбу луғавий маъноси эътиборидан, Қуръон ва Суннатни англашда, улардан шаръий ҳукмларни чиқаришда оят ва ҳадисларнинг чуқур маъносига, сирларига назар солмай, динимизнинг мақсадлари ва ҳикматларига қарамай, юзаки маъносига қараб ҳукм чиқарадиган кишилар «зоҳирийлар» дейилади. Бу борада улар тутган йўл «зоҳирийлик мазҳаби» дейилади.

Зоҳирий мазҳабининг ўзига хос белгилари бўлиб, улар асосий эътиборни жузъий матнларга қаратиб, ҳарфма-ҳарф фаҳмлашга эътибор берадилар. Шариатда кўзланган мақсадлар билан ишлари йўқ. Зоҳирийлар шаръий ҳукмларнинг сабаби, ҳикмати ва мақсадига алоҳида эътибор бермайдилар. Зоҳирийларнииг энг бош аломатларидан бири қиёсни инкор қилишдир. Уларнинг бундан бошқа ўзига хосликлари ҳам мавжуд. Аммо бизнинг мақсадимиз уларнинг тафсилотини ўрганиш бўлмагани учун гапни чўзиб ўтирмаймиз.

Ҳижрий икки юз етмишинчи санада вафот этган Довуд Зоҳирий зоҳирийликнинг асосчиси сифатида танилган. Зоҳирийларнииг энг катта олимларидан бири эканлиги билан машҳур бўлган шахс Муҳаммад ибн Ҳазмдир. У киши ҳижрий тўртинчи асрда яшаган. Бу икки шахс ақл ва илм жиҳатидан кўзга кўринган билимли одамлар бўлиб, ёзган бир нечта асарлари билан кишилар орасида машҳур бўлишган. Аммо Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришда зоҳирий йўл тутганлари учун аҳли илмларни ҳайратга соладиган бир қанча ғаройиб ҳукмлар, гаплар ва шарҳлар қолдиргамлар. Тушунарли бўлиши учун Довуд Зоҳирийнинг ғаройиб ижтиҳодларидан намуна келтирамиз.

Биринчи мисол:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз оқмайдиган турғун сувга бавл қилмасин, (чунки) кейин унда ғусл қилади», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Сўнгра ундан таҳорат қилади», дейилган».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, барча уламолар оқмай турган сувга нажас тушса, ўша сув нажасга айланиши ҳақида ижмоъ қилганлар. Аммо Довуд Зоҳирий ҳудди шу ҳадиси шарифни далил қилиб, ҳаммага хилоф ўлароқ ақл ҳам, накл ҳам кўтармайдиган ғаройиб гапларни айтган. Кўплаб уламолар унинг бу ҳақдаги гапларига қарши қаттиқ раддия билдирганлар.

Имом Нававий ўзининг «Ал-мажмуъ» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Соҳибларимиз Довуд ибн Али Зоҳирий Асфиҳоний раҳимаҳуллоҳудан ажиб мазҳабни нақл қилганлар. Уларнинг хабар беришича, Довуд ёлғиз ўзига хос бўлган қуйидаги гапларни айтган:

«Бир киши оқмас сувга бавл қилса, унинг ўша сувдан таҳорат қилиши жоиз эмас. Чунки «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз оқмайдиган турғун сувга зинҳор бавл қилмасин. Сўнгра унда таҳорат қилади», деганлар. Бу ҳадис саҳиҳдир. Ундан (бавл қилгандан) бошқаси (таҳорат қилса) жоиз. Чунки у (сув) унинг учун нажас эмас. Ва агар бир идишга бавл қилиб, уни сувга қуйса ёки қирғоққа бавл қилса-ю, у оқиб, сувга тушса, у ундан таҳорат қилса бўлади. Чунки у сувга эмас, бошқа ёққа бавл қилди. Шунингдек, сувга қазои ҳожат қилса, ўша сувда таҳорат қилса бўлади. Чунки у бавл қилмади, қазои ҳожат қилди».

Бу жуда ҳам ғариб ва ғоятда бузуқ гапдир».

«Итҳофул киром би шарҳи Умдатил аҳком» китобининг соҳиби Абдурраҳмон Суҳайм юқоридаги масалада мазкур ҳадиси шарифни шарҳлаб, ундан чиқадиган ҳукмларни келтириб бўлганидан кейин қуйидагиларни айтади:

«Шу ерда зоҳирийлар хато қилишган:

Аввало, улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирортангиз оқмайдиган турғун сувга зинҳор бавл қилмасин», деган қавллари:

а) бир идишга бавл қилиб, уни сувга қуйган ва ундан фойдаланишни ирода қилган инсонни қайтаришни ўз ичига олмайди, дейишган;

б) агар сувга яқин жойга бавл қилса ва у оқиб, сувга тушса, уни ҳам қайтаришни ўз ичига олмайди дейишган.

в) шунингдек, ўша сувни ишлатишни ирода қилмаган инсонни қайтаришни ҳам ўз ичига олмайди, дейишган.

Бу билан зоҳирийлар масхара бўлдилар. Қолаверса, уламолар уларга раддиялар қилдилар ва баъзилари уларни қаттиқ сўкдилар. Мен эса бу масалани толиби илмларга ибрат бўлсин деб киритдим».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирортангиз оқмай турадиган зинҳор сувга бавл қилмасин. Сўнгра унда ғусл қилади», бошқа ривоятда эса «Таҳорат қилади», деган ҳадисларидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

– Фуқаҳолар жумҳури бундан «оқмай турган сувга нажосат тушса, сув ҳам нажосатга айланади» деган ҳукмни чиқарганлар. Улар бошқа барча нажас нарсаларни пешобга қиёс қилганлар. Ҳадисда фақат пешоб зикр қилинган бўлса ҳам, шариатнинг кишиларга манфаатни раво кўриш мақсадини ишга солиб, одамларга зарар келтириши мумкин бўлган барча нажасларни ҳам унга қўшганлар. Ҳадиси шарифнинг мақсади, ҳикмати ва ҳукмнинг иллатини ҳисобга олганлар.

–  Зоҳирийлар эса ҳадиси шарифнинг зоҳирига, сўзларнинг ўзигагина назар солганлар. Уларнинг зоҳирийлиги – юзакилиги хатога етаклаган. Пешоб ва сувга бевосита бавл қилишнигина ўйлаганлар. Оқибатда бир неча хатога йўл қўйганлар:

1. Идишга бавл қилиб, пешобни оқмай турган сувга қуйса, ўша сувдан пешоб эгаси ҳам, бошқалар ҳам фойдаланиши мумкинлиги. Чунки ҳадисда «сувга бавл қилса» дейилган, «пешоб идишдан сувга қуйилса», дейилмаган.

2. Сувга якин жойга бавл қилса-ю, пешоб сувга оқиб тушса, ўша сувдан пешоб эгаси ҳам, бошқалар ҳам фойдаланиши мумкинлиги. Чунки ҳадисда «пешоб сувга ердан оқиб тушса», дейилмаган.

3. Биров оқмайдиган турғун сувга бавл қилса, ўша одамдан бошқа киши бу сувдан фойдаланиши мумкинлиги. Чунки ҳадисда «ким оқмайдиган турғун сувга бавл қилса, ундан таҳорат қилмасин», дейилган, «бавл қилмаган одам ҳам», дейилмаган.

4. Сувга бавл қилинганда тушган пешобдан бошқа барча нажаслар сувдан фойдаланишни ман қилмаслиги. Чунки ҳадисда пешобдан бошқа нажаслар айтилмаган.

5. Сувга қазои ҳожат қилинса, ундан таҳорат қилиш ва бошқа манфаатлар учун фойдаланиш жоизлиги. Чунки ҳадисда қазои ҳожат ҳақида сўз келмаган.

Иккинчи мисол:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жувондан маслаҳат сўрамай туриб никоҳлан мас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, (қиз боланинг) изни қандай бўлади?» дейишди.

«Сукут сақлаши», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда:

«Жувон ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса изн сўралади. Унинг изни сукутидир», дейилган».

Бу ҳадиси шарифдан уламолар жумҳури қуйидаги ҳукмларни чиқарганлар:

–  Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган шахс эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила қурган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқчасига маслаҳатлашишдан уялмайди.

–  Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бироз боншқча йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукут розилик аломати бўлади.

–  Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганлари сабабли отаси, яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида гаплашишга уялиб, индамаслиги мумкин. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг розилиги ҳисобланади.

–  Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни «розилик» деб бўлмайди.

Зоҳирийларнинг энг кўзга кўрннган намояндаси Ибн Ҳазм Зоҳирий эса ҳаммага хилоф қилиб: «Агар қиз бола розилигини англатувчи гап айтса, никоҳ дуруст бўлмайди», дейди. У ўзининг «Ал Муҳалло» номли китобининг «Аёлнинг никоҳдаги изни масаласи» бобида қуйидагиларни ёзади:

«Масала: Ҳар бир жувоннинг никоҳдаги изни фақатгина розилигини билдирадиган каломи билан бўлади. Қиз боланинг изни эса фақатгина сукут сақлаши билан бўлади. Агар сукут сақласа, батаҳқиқ, изн берган бўлади ва унга никоҳ лозим бўлади. Агар розилик ёки монелик, ёҳуд бошқа гапни гапирса, бу билан унинг ақди никоҳи боғланмайди. Бунинг далили бикр ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унинг изни сукут сақлашидир», деган қавлларидир. Ва яна Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифдир: «...Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жувондан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, изни қандай бўлади?» дейишди. «Сукут сақлаши», дедилар».

Муҳаммад ибн Ҳазм Зоҳирий ўзининг «Сукут сақламай, никоҳга розилигини ёки бошқа бирор гапни айтган қиз боланинг никоҳи дуруст бўлмайди» деган ажабтовур ҳукмини ёзибгина қолмасдан, унга хилоф гапни айтган уламолар жумҳурини фаҳмсизликда ва Набий алайҳиссаломга, саҳобаи киромларга хилоф қилишда айблаб, бир қанча гапларни ҳам ёзган.

Учинчи мисол:

Жума куни ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва мисвок қилиш ҳақидаги масала.

Бу масалада ҳам зохирий мазҳаби билан қолган барча мусулмон фиқҳий мазҳаблари орасида ихтилоф бўлган. Мазкур ихтилоф ҳам шаръий матнни тушуниш услубидаги фарқдан келиб чиққан. Мазкур шаръий матн қуйидаги ҳадиси шарифдан иборат:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Гувоҳлик бераманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни ғусл қилиш, мисвок қилиш, агар топса, хушбўй нарса суриш ҳар бир эҳтилом бўлувчига вожибдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ривоятни далил қилиб, Ибн Ҳазм Зоҳирий ўзининг машҳур «Муҳалло» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Жума куни ғусл қилиш ҳар бир балоғатга етган эркак ва аёл учун фарздир. Шунингдек, хушбўй суртиш ва мисвок қилиш ҳам».

Бу маънодаги ҳадислар жуда кўп. Уларда мазкур амалларни бажариш фарз даражасида эмаслиги кўриниб туради. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган. Ҳанафий мазҳабида эса жума кунги ғусл суннат дейилган.

Тўртинчи мисол:

Бомдоднинг икки ракъат суннатидан кейин ўнг тарафга ёнбошлаш ҳақидаги масала.

Бу масалада ҳам барча мусулмон фиқҳий мазҳаблари билан зоҳирий мазҳаби орасида ихтилоф бўлган. Бу ихтилоф ҳам шаръий матнни тушуниш услубидаги фарқдан келиб чиққан. Мазкур шаръий матн қуйидаги ҳадиси шарифдан иборат:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз субҳдан олдин икки ракъат намоз ўқиса, ўнг тарафига ёнбошласин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Зоҳирийлардан бошқа мазҳабларнинг фақиҳлари бу амал ҳақидаги барча далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб, унинг ҳукмини мустаҳаб дейишган.

Ибн Ҳазм эса «Муҳалло» китобида бу ҳақда қуйидагиларнн ёзади: «Ким бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқиган бўлса, унинг учун бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқиб бўлиб, берган саломи билан бомдоднинг фарзига такбир айтиши орасида ёнбошлаб олмасдан, бомдоднинг фарзини ўқиши жоиз эмас. Бизнинг наздимизда бунда ёнбошлашни қасддан тарк қилганми ёки унутибми, намозни вақтида ўқиганми ёки унутганидан кейин қазо қилибми, ёҳуд ухлаш ниятидами, барибир. Агар бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқимаган бўлса, ёнбошлаши лозим бўлмайди. Агар хавф ёки беморлик, ёҳуд бошқа сабаб туфайли ўнг тарафга ёнбошлай олмаса, тоқати етгунча ишора қилади».

Ибн Ҳазм ўзининг бу гапига юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтиради. Ўзининг гапини қувватлаб, ўзгаларни танқид қилади ва яна қуйидагиларни ёзади:

«Кимдан унутиш ёки уйқу туфайли бомдод намози ўтиб кетган бўлса, биз унга ихтиёр қиламизки, қачон уни эсласа, ҳаттоки қуёш чиққанидан кейин бўлса ҳам, кўп ёки оз ўтган бўлса ҳам, аввал бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқисин, кейин ёнбошласин ва ундан кейингина бомдоднинг фарзини ўқисин».

Бешинчи мисол:

Эҳромдаги кишининг соч-соқолни олиш, тирноқни қисқартириш, хушбўй ҳидлаш каби ишларни қилиши ҳақидаги масала.

Муҳаммад ибн Ҳазм «Муҳалло» номли китобида бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: «Эҳромдаги кишига қуйидагилар жоиздир: ҳаммомга кириш, уқалатиш, бошини тийн ва хитомий билан ювиш, сурма қўйиш, мисвок қилиш, ойнага қараш, райҳон ҳидлаш, кийимини ювиш, тирноқларини ва мўйлабини қисқартириш, қўлтиқ остидаги юнгни юлиш, қовуғини кириш. Ушбу нарсаларнинг бирортасида ҳеч қандай танглик йўқ. Уларни қилган одамга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Чунки биз зикр қилган нарсаларнинг бирортасини ман қилиш ҳақида Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам далил келмаган. Улардан бирортасида ижмоъни даъво қилувчи умматнинг барчаси ёлғончидир ва илми йўқ нарсани гапирувчидир. Ким «Бу нарсада жарима лозим бўлади» деса, динда Аллоҳ изн бермаган нарсани шариат деб вожиб қилган бўлади».

Қолган барча мазҳабларнинг уламолари эса эҳромдаги кишига ман қилинган амаллар борлигини таъкидлайдилар ва барчалари ўзларииинг ҳаж ва умрага оид китобларида «Маҳзуротул эҳром»«Эҳром ман қиладиган нарсалар» деган боб очиб, уларни ҳужжатлари билан баён қилиб ўтадилар. Биз бу масалада ҳанафий мазҳабида келган маълумотларни эътиборингизга тақдим этамиз.

Кейинги мавзулар:
Эхром ман киладиган нарсалар.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шариъат номидан гапиришга шошилманг!

24.12.2025   5350   7 min.
Шариъат номидан гапиришга шошилманг!

Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.

 

Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.

21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.

Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).

Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

МАҚОЛА