Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Суфён ибн Уяйнадан Муҳаммад ибн Маймун Маккий ривоят қилганлар: «Иброҳим ибн Адҳамга: «Уйлансангиз бўлмайдими?» – дейилганда, у киши: «Нафсим зўрлик қилмаганида, уйланмасдим», – деб айтдилар».
Халаф ибн Тамим айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳам болта олиб, тоққа бордилар ва ўтин йиғиб келиб, сотдилар. Пулига ҳар хил ҳолва сотиб олиб, дўстларига тортиқ қилдилар. Ҳолва ейилаётган пайтда шўхчан оҳангда: «Югурганники ҳам, буюрганники ҳам бўлди, маза қилиб олаверинглар!» – дедилар».
Исом ибн Раввод ибн Жарроҳ оталаридан ривоят қилганлар: «Бир кеча Иброҳим ибн Адҳам билан бирга эдим. Бир киши янги пишган мева келтирди. Иброҳим эвазига бериш учун нарса излаб, ён-атрофга қарадилар. Менинг эгаримни кўрсатиб: «Шуни ол», – дедилар. У эгарни олди. Менинг нарсам билан ўнғайсизликдан халос бўлганларига севиниб кетдим».
Али ибн Баккор айтганлар: «Бани Ижлдан бўлган олий насабли Иброҳим ибн Адҳам ўрим пайтида шеър хиргойи қилардилар:
اتخذ الله صاحبا ودع الناس جانبا
Сен Аллоҳни ўзингга дўст тут,
Одамларнинг гап-сўзин унут.
Иброҳим ибн Адҳам кўйлаксиз, яктак киярдилар. Ёзда тўрт дирҳамлик кўйлак ва иштондан бошқа нарса киймасдилар. Муқимлик пайтларида ҳам, сафарда ҳам рўза тутардилар. Кечалари ухламасдан тафаккур қилардилар. Мардикорлик қилганларида, иш ҳақларини дўстлари оларди, ўзлари пулни ушламасдилар. «Бунга кўнглингиз тусаган нарсаларингизни олиб енглар», – дердилар. Ўзлари эътибор бермай ўтирардилар. Ёрғучоқда икки муд буғдойни бир қўллари билан янчардилар».
Абу Юсуф Ғасулий айтганлар: «Авзоъий Иброҳим ибн Адҳамни овқатга таклиф қилдилар. Иброҳим камгина таом едилар. Авзоъий бунинг сабабини сўраганларида, у киши: «Таом кам бўлгани учун», – деб жавоб бердилар». (Кунларнинг бирида Иброҳим ибн Адҳам кўп овқат пишириб, Авзоъийни меҳмонга чақирдилар. Авзоъий: «Исрофгарчиликдан қўрқмайсизми?» – деганларида, у зот: «Аллоҳ хушламаган иш – исроф бўлади. Аммо кишининг биродарига эҳсон қилиши диндандир», – деб жавоб бердилар.)
Бишр Ҳофийга Яҳё ибн Ямон: «Суфён Иброҳим ибн Адҳам билан бирга ўтирсалар, кўп ўйлаб, кам гапирардилар», – деганлар.
Абдурраҳмон ибн Маҳдий Толутдан ривоят қилганлар: «Иброҳим ибн Адҳамнинг: «Шуҳратга ўч кимса Аллоҳга ишонмабди», – деганларини эшитдим».
Шуҳратни яхши кўриб, ўзи сезмайдиган кишига бу борада танбеҳ берилса, хафа бўлмайди, ўзини оқламайди, айбини тан олиб: «Камчиликларимни кўрсатганларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», – деб айтади, нафсига қул бўлиб қолмайди. Ўз айбини сезмаслик, сезишга ҳаракат қилмаслик – дарди бедаво.
Исом ибн Равводга Исо ибн Ҳозим Найсобурий айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳам билан Маккада эдик. У зот Абу Қубайс тоғига қараб: «Иймони мукаммал мўмин тоғни қимирлатишни истаса, қўлидан келади», – дедилар. Шунда тоғ қимирлай бошлади. Иброҳим ибн Адҳам: «Жим тур, мен сени назарда тутганим йўқ», – дедилар».
Ибн Абу Дунёга Муҳаммад ибн Мансур, у кишига Ҳорис ибн Нуъмон айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳам эман дарахти меваларини терардилар».
Маккий ибн Иброҳим айтганлар: «Иброҳим ибн Адҳамдан: «Мўминнинг каромати нималарга қодир?» – деб сўрашди. «Тоққа «Қимирла», деса, у қимирлайди», – деб жавоб бердилар. Шу пайт тоғ қимирлай бошлади. Иброҳим ибн Адҳам унга қараб: «Сенга айтганим йўқ», – дедилар».
Иброҳим ибн Адҳам айтганлар: «Ҳамма подшоҳ ҳам адолатли бўлмайди, адолатсиз подшоҳ ўғри билан баробардир. Ҳамма олим ҳам тақводор бўлмайди, тақвосиз олим бўри билан баробардир. Кимки Аллоҳдан бошқага қуллик қилса, у билан итнинг ўртасида фарқ йўқ».
Бизга Аҳмад ибн Иброҳим Жулудий ва бошқалар хабар бердилар. Уларга Абдуллоҳ ибн Латтий, у кишига Жаъфар ибн Мутаваккил, у кишига Абул Ҳасан ибн Аллоф, у кишига Ҳаммомий, у кишига Жаъфар Хулдий, у кишига Иброҳим ибн Наср, у кишига Иброҳим ибн Башшор айтиб берганлар. У киши Иброҳим ибн Адҳамнинг: «Фидойилари бўлган дин улуғдир. Аллоҳ йўлида илм ўрганган киши учун ўзини кўз-кўз қилгандан кўра, пинҳонлик яхшироқдир. Аллоҳга қасамки, уйқу билан ўтадиган ҳаётга ишонч йўқ. Ажалга пеш қилинадиган узр йўқ. Шундай экан, эътиборсизлик, камчилик, сусткашликка не ҳожат?! Сермазмун амалларимиз учун, бардавом тавбамиз учун, боқий ҳаётнинг мазмунли бўлиши учун фоний ҳаёт ташвишларига рози бўлдик», – деганларини эшитганлар.
Ибн Башшор юқоридаги санад билан шундай деганлар: «Бир куни Иброҳим билан бирга тунадик. Нонуштага ейдиган ҳеч вақомиз йўқ эди. «Эй Ибн Башшор, Аллоҳ таоло мискинлар ва фақирларга қандай неъматлар ва роҳатлар берган-а?! Қиёмат куни улардан закот, ҳаж, садақа ва силаи раҳм тўғрисида сўрамайди! Ғам ема, Аллоҳ таолонинг Ўзи ризқ беради. Қасамки, биз ҳар жиҳатдан боймиз. Бизга дунё роҳати берилган. Аллоҳнинг тоатида эканмиз, ҳеч нарсадан ташвишга тушмаймиз», – дедилар. Сўнгра намозга турдилар. Мен ҳам туриб, намоз ўқий бошладим.
Бир киши саккизта нон ва анчагина хурмо олиб келди. Иброҳим ибн Адҳам: «Эй ташвишга тушган биродарим, ол, е», – дедилар. Шу пайт бир тиланчи кириб келди. Унга хурмо билан учта нон бердилар. Менга учта нон бериб, иккита нонни ўзлари едилар.
Бир куни у киши билан дўмпайиб кўриниб турган қабрнинг олдига келдик. Унинг ҳаққига дуо қилдилар ва шундай дедилар: «Бу – Ҳумайд ибн Жобирнинг қабри. У мана шу диёрларнинг амири эди. Бир пайтлар мол-дунё уммонига шўнғиган экан. Кейинчалик Аллоҳ таоло уни бундан халос қилибди. Менга хабар беришларича, бир куни Ҳумайд бир нарсадан хурсанд бўлиб ухлабди. Тушига кирган киши қўлидаги китобни очибди. Унда зарҳал ҳарфлар билан: «Фонийни боқийдан устун қўйма, бойлигингга мағрур бўлма. Улар завол топганда ҳам, сен борсан. У қўлингдан кетгунича, сенинг мулкинг. У йўлдан уриб, кеккайтирмаса, хурсандлик ва шодлик. Некбин бўл: эртангга ишонилмаган кунинг кун эмас. Аллоҳнинг амрига шошил, Аллоҳ таоло «Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз» (Оли Имрон сураси, 133-оят)», деган сўзлар ёзилган экан.
Уйқусидан чўчиб уйғониб: «Бу Аллоҳдан менга танбеҳ ва мавъизадир», – дебди. Мол-мулкдан воз кечиб, шу тоққа келиб, вафотига қадар Аллоҳга ибодат қилибди».
«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Милодий XV асрнинг ярмига қадар ер юзида инсонларни ҳидоятга бошловчи, уларга илм ўргатиб, руҳий тарбия берувчи, ички оламига гўзал нақшлар солувчи, ҳидоят маёқлари бўлган уламолар, тариқат ва тасаввуф муршидлари кўп эди. Лекин вақт ўтиши билан улар бирин-кетин боқий дунёга риҳлат қилдилар. Уларнинг вафотларидан сўнг инсонларни нур юзли зотларни кўрмаслик қўрқуви чулғаб олди.
Аллоҳ таолонинг ваъдаси – ҳақ, бунга асло шак-шубҳа йўқ. Буюк Роббимиз ҳеч қачон ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматини ёрдамсиз қолдирмайди. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Мусулмон олами Ғарбий Панжобдаги Жҳанг шаҳридан уфққа ҳидоят маёғи бўлиб кўтарилган ойни кўрди. Унинг нури жуда тезлик билан бутун уфқни ёритди. Қақраб ётган диллар раҳмат булутининг ёмғиридан қониб-қониб ича бошлади. Қўрқув ва ноумидлик ўрнини ишонч ва умид эгаллади. У улуғ зот уламолар ва солиҳлар суюклиси, шариат ва тариқат пири ҳазрат Мавлоно Пир Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий Мужаддидий эди.
Таваллуд топишлари ва ёшлик йиллари
Ҳазрат 1953 йил 1 апрелда Ҳиндистоннинг Панжоб вилояти Жҳанг шаҳрида туғилган. Отасининг исми Аллоҳ Деета ҳофизи Қуръон бўлиб, Аллоҳ розилиги учун Қуръондан дарс берарди. Ҳар куни таҳажжуддан кейин Қуръони каримдан 3-4 пора тиловат қилиш одати бор эди. Ҳазратнинг волидаси ҳам обида, солиҳа, тақводор аёл эди. У зот оналарини бунлай хотирлайди: “Мен уч ёшимгача онам билан бирга ухлардим. Кечалари уйғониб қолсам, волидам олдимда бўлмас эди. Ҳар гал онамни жойнамоз устида таҳажжуд намозини ўқиётганини кўрардим. Онам намозини тугатишини анча кутардим. Намоздан сўнг йиғлаб узоқ дуо қиларди. Онамнинг таҳажжуд намозида йиғлаганидек бировнинг бунчалик кўп йиғлаганини кўрмаганман. Баъзан менинг исмимни тилга олиб, дуо қиларди, бундан жуда хурсанд бўлиб ухлар қолар эдим.
Бошланғич таълим ва тарбия
Ҳазратнинг таълим ва тарбиясида у зотнинг акаси Малик Аҳмад Алининг ҳиссаси катта бўлган. У киши қаттиққўл ва меҳрибон эди. Ҳамиша укаларини ёмон хулқли болалар билан дўстлашиш ва суҳбатлашишдан узоқ қилган.
Мавлоно Зулфиқор Аҳмад мактаб ва коллеж дарсларидан ташқари, Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, Қуръон ҳофизи бўлди. Форс ва араб тилидаги асарларни, сарф-наҳв (араб тили грамматикаси)ни, айниқса, ҳадиси шарифга доир бир қанча китобларни қунт билан ўқиди.
Илоҳий муҳаббат оташи
Бу даврга келиб ҳазрат “Ғунятут толибийн”, “Кашфул маҳжуб” ва шу каби китобларни ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланади. Қалбида муҳаббат учқунлари аланга ола бошлайди.
Ҳазратга Шайхул Ҳадис Мавлоно Закариё раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фазоили зикр” номли китобида келган бир воқеа жуда қаттиқ таъсир қилади. Ушбу ҳикояда Сирри Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен Журжоний ҳазратларини қуруқ талқонни чайнамасдан тановул қилаётганини кўрдим. Шунда мен “Ахир, бу қувват бўмайди. Нон есангиз-чи”, дедим. Шунда у зот: “Нонни чайнаш ва талқон ейиш учун сарфланадиган вақтни ҳисоблаб чиқиб, жуда кўп вақт исроф бўлишини билдим. Бу вақтда етмиш марта “Субҳаналлоҳ” деб зикр қилиш мумкин. Шу боис, етмиш йилдан бери нон емайман”, деб жавоб беради.
Бу воқеа ҳазратнинг ҳассос табиатига шу даражада таъсир этадики, у зот эртаю кеч, ҳар ҳолатда “Субҳаналлоҳ” зикрини тилидан туширмайди. Бунинг натижасида ҳазрат ўзига камгаплик, оз ейиш, кам ухлашни одат қилди. Ҳазрат икки ярим йил “Субҳаналлоҳ” зикрини тилидан қўймади. Икки йил давомида ҳар кун ҳожат намозини ўқиб Аллоҳдан: “Ё Илоҳий, бирор-бир комил пири муршидга учраштиргин, унинг суҳбатини менга насиб этгин”, деб дуолар қилди.
Илоҳий раҳмат жилваси
Аллоҳ таоло ҳеч қачон холис дуони рад қилмаган, қилмайди ҳам. 18 ёшида ҳазрат билан боғлиқ ажойиб воқеа юз берди. Мавлоно Зулфиқор Аҳмад масжидда эътикофда эди, таҳажжуд намозидан сўнг зикрлардан фориғ бўлгач, тонг отишига чамаси бир соатча вақт қолганда, жойнамоз устида ухлаб қолади ва тушида ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўради. У зот бармоқларини ҳазратнинг қалбга қўйиб, “Аллоҳ…”, “Аллоҳ…” “Аллоҳ…”, дейдилар. Ҳазрат уйғониб кетади, бутун бадани эса титрар эди.
Устоз тутишлари
Бу воқеадан сўнг ҳазрат намоз, зикр, тиловатларида ажиб бир лаззат туя бошлайди. Қалби қаттиқроқ, лекин ёқимли тарзда ура бошлайди. Ҳатто бир неча кун кўксларини боғлаб юради. Охири университетдаги дўстлари Жаноб Муҳаммад Аминга бўлиб ўтган воқеани айтиб беради. У киши Лоҳурга бориб, Шайх Важиҳуддиндан маслаҳат олади. Унга пири комил Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳга хат ёзишни тавсия қилишади. Хатга бир неча кундан кейин бундай мазмундаги жавоб келади: “Маълум бўлган нарса шуки, сизнинг қалбингиз равшан бўлибди. Дарҳол бир устоздан таълим олинг, Аллоҳ таоло сиз билан юз минглаб инсонларни ҳидоятга бошлайди. Агар устоз тутмасангиз, лаънатланган шайтон сизни фитнага солиши мумкин”.
Бу хатни ўқигач, ҳазрат Зулфиқор Аҳмад ўша даврнинг машҳур нақшбандия тариқатининг Шайхи Мавлоно Саййид Заввор Ҳусайн Шоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига бориб, у зотни устоз тутиб, таълим олади. Устозлари вафотидан сўнг, ўша давр нақшбандия тариқатининг етук муршиди ҳазрат Хожа Ғулом Ҳабибдан таълим олишни давом эттиради.
1983 йил устозидан халфалик мақомини олади ва нақшбандия тариқати асосида инсонларга таълим бера бошлайди. Натижада нақшбандия тариқатининг етук шайхларидан бирига айланади.
Албатта, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Бундан бир неча йил олдин Хожа Мавлоно Абдуллоҳ: “Аллоҳ сизни сабабчи қилиб юз минглаб инсонларни ҳидоятга бошлайди”, деган эди. Ҳозирги кунда Шайх Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратнинг шогирдлари ва издошлари миллион нафардан ошиб кетди.
Ҳазрат замонамиз муаммоларини нақшбандия тариқатининг таълимотига кўра, моҳирона ва замонавий мисоллар билан тушунтириб беради. Шайх ҳазратнинг нутқ ва маърузалари дилтортар бўлиб, руҳий тарбияни ислоҳ қилишга қаратилган. Ҳазратнинг маъруза ва суҳбатларини инсонлар кўзда ёш билан тинглаб, гуноҳларига чин кўнгилдан тавба қилишади. Энг муҳими, ҳаётда суннатга амал қилишни одат тусига киритишади.
Шайх Зулфиқор Аҳмад ҳазратнинг асарлари китобхонлар орасида қўлма-қўл, севиб мутолаа қилинади. У зот диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллагани, бир неча хорижий тилларда бемалол маъруза қилиши туфайли XXI асрда нақшбандия тариқати таълимотларини нафақат Осиё, балки Европа ва АҚШда ҳам кенг тарғиб қилмоқда. Ҳазрат етмишдан ортиқ мамлакатларга, хусусан, бир неча марта Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган. У зот сафарларини хотирлаб “Лоҳур се то хаке Самарқанду Бухоро” (Лоҳурдан Самарқанд ва Бухоро тупроқларигача) номли китоб ёзган.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазрат Хожа Муҳаммад Абдулмолик Сиддийқийнинг Қуръон ҳофизи бўлган кичик қизларига уйланган. Улардан икки ўғил: Мавлоно Пир Ҳабибуллоҳ Нақшбандий ва Мавлоно Сайфуллоҳ Нақшбандий дунёга келган.
Таълим олган жойлари
– 1967 йил – ўрта мактаб
– 1971 йил – Панжобда ўрта махсус таълим (коллеж)
– 1976 йил – Лоҳурда электр муҳандислиги ихтисослиги
– 1990 йил – Швецияда ўз соҳаси бўйича малака оширган
Диний таълим йўли
– Отасидан Қуръонни тўлиқ ёд олган.
– Жомия Реҳмания Жаҳания Манди университетида ҳадис фанидан тўлиқ ҳадис даврасида билим олди.
– Жомиа Қасим ул-улум Мултан университетида ҳам ҳадис фанидан тўлиқ ҳадис даврасида иштирок этди.
– 1971 йил Нақшбандия тариқати ва тасаввуф таълимотидан Шайх Мавлоно Саййид Заввор Ҳусайн Шоҳ раҳматуллоҳи алайҳдан сабоқ олади.
– 1983 йил Нақшбандия тариқати ва тасаввуфдан ҳазрат Хожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳдан таълим олади.
Ёзган китоблари
“Илоҳий ишқ”, “Ишқи Расул”, “Ҳабибимиз ҳаётлари”, “Сулук даражалари”, “Сулук мақомотлари”, “Нақшбандия тариқатининг зикрлари”, “Нақшбандия шайхлари силсиласи”, “Дил давоси”, “Қалб хотиржамлиги”, “Фойдали илм”, “Намунали аёл”, “Гуноҳлардан қандай сақланамиз?”, “Эркак камолотида аёлнинг ўрни”, “Ноумид бўлманг”, “Имоннинг аҳамияти”, “Қалбни поклаш усуллари”, Мағфират қилиниш шартлари”, “Аёллар учун ислоҳий тарбиялар”, “Турмушнинг намунали кўриниши”, “Муслима аёллар учун йўриқнома”, “Тасаввуф ва сулук”, “Одобли насибалидир”, “Ўлимга тайёрланиш”, “Лаҳурдан Бухоро ва Самарқанд тупроқларигача”, “Исломнинг аёлларга меҳрибонлиги”.
Хулоса ўрнида шундай дейиш мумкин, инсоният тараққиёти тарихида шундай шахслар бўлганки, уларнинг фаолияти маҳаллий, маданий ҳудуд чегарасидан ташқарига чиқибгина қолмай, балки даврлар чегарасини ёриб ўтиб, ғоялар ривожланишида умумжаҳон жараёнининг бир қисмига ҳам айланган. Уларнинг асарлари барча нодир ҳодисалар сингари аввал ўтганлар тажрибаларни энг қимматли томонларини ўзида гавдалантиради, жамият илмий фикри ҳамда маънавий маданиятнинг кейинги кўп асрларда содир бўладиган олға ҳаракатини белгилаб беради. Мана шундай буюк сиймо бу сўзсиз шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийдир.
Нодир Одинаев