Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зиёратчи Уҳуд тоғи ва Уҳуд шаҳидлари қабристонини зиёрат қилиши мустаҳаб ҳисобланади. Уҳуд шаҳидлари қабристони кичик қабристон бўлиб, у ерда Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларнинг қабрлари бор.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ ва Уҳуд шаҳидлари ётган қабристонни тез-тез зиёрат қилиб турардилар.
Бу қабристонда қилинадиган амаллар тартиби Бақиъ қабристонидаги кабидир. Уҳуд тоғи фазилатига келсак, бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғига қараб: “Дарҳақиқат, Уҳуд бизни, биз уни яхши кўрадиган тоғдир”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғини яхши кўрардилар. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғида юрганларида унинг шавқи келиб қимирлади. Шунда ул зот оёқлари билан тоғни тепиб: “Сокин бўл, эй Уҳуд!” дедилар», дейилган.
Суҳайлийнинг ривоятида айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли фаъл (яхшиликка йўйиб қўйиш) ва чиройли исмларни яхши кўрар эдилар. “Аҳадийя” калимасидан ясалган исм (Уҳуд)дан чиройли исм йўқ. “Уҳуд” сўзидаги ҳаракатлар (ҳарфнинг ости ва устига қўйиладиган белгилар) рафъдир. Рафъ (биздаги “у” ҳарфига тўғри келади) сўзи кўтариш, юксалтириш маъноларини англатади. Шу лафздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳаднинг дини қадри баланд кўтарилиши, олийликка юксалишини ҳис қилардилар. Шунинг учун унга бўлган муҳаббатлари ҳам сўзда, ҳам маънода боғланган эди.
Демак, биз ҳам юқорида айтилганлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб, қўлдан келганча ҳаётимизга татбиқ этиб боришимиз лозим. Биз ҳам ҳар доим азиз инсонлар ва қадрли нарсаларни яхши кўришимиз даркор. Бу борада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга ўрнак – намунадирлар.
“Умра – улуғ амал” китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ботирхон домла Рўзиевнинг падари бузрукворлари Жониқул отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ботирхон домла Рўзиевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz