Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муовия Қурайший розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: «“Ё Расулуллоҳ, бизларнинг биримизда хотинининг қандай ҳақлари бор?” дедим. У зот: “Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойга ҳижрон қилмайсан”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Бу ҳадис аёлнинг эрдаги ҳақларини баён қилмоқда. Эр аёлига нафақа бериши вожиб. Ҳадисдаги ибора эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ҳақларига тегишли. Хотиннинг нафақасини беришда эрнинг молиявий ҳолати эътиборга олинишини шу ҳадисдан билиб олсак бўлади.
“Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан”. Эр нима еса, аёлига ҳам шундан едиради. Бу борини бирга баҳам кўриш деганидир. Шариат бандани тоқатидан ортиғига буюрмайди.
“Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан”. Кийиниш масаласида ҳам шундай: эр ўзига қанча сарф қилса, аёлига ҳам шунча сарфлайди. Яъни, иссиқ ва совуқдан ҳимояланиш, авратини ёпиш учун зарур бўлган кийим-кечак билан таъминлайди. Албатта, имконияти доирасида. Унинг миқдори ҳар бир диёр ва шаҳар урф-одатига қараб белгиланади. Чунки ҳар ернинг вазияти, урф-одати турлича. Кийим-кечак масаласида ақл билан иш тутиб, Аллоҳга тақво қилинса, одамларга кўз-кўз қилиш ва мода ортидан қувиш четга суриб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Аёлларга нафақа бериш, уларга яхши муносабатда бўлишнинг бир қисмидир. Бундан ташқари, очиқ чеҳра билан муомала қилиш, яхши гаплар билан кўнглини олиш эрнинг вазифаси ҳисобланади.
Эрнинг зиммасида аёлини таом ва кийим билан таъминлаш мажбурияти бор экан, ўз навбатида, аёл зиммасида ҳам эрига итоат этиш, хизматини қилиш вазифаси туради. Модомики, эр ўз вазифасини масъулият билан адо этар экан, аёл эрига итоатсизлик қилмаслиги, ҳурматини сақлаши лозим. Акс ҳолда, эр баъзи чораларни қўллашга мажбур бўлади.
“Юзига урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойга ҳижрон қилмайсан”. Аёлдан итоатсизлик, хатолар содир бўлганида, эр қўполликка йўл қўймаган, кўнглини қолдирмаган ҳолда уни ислоҳ қилмоғи, одоб бермоғи керак. Дастлаб насиҳат қилиб нотўғри иш қилаётганини тушунтиради. Бу услуб кор қилмаса, аёли билан бир тўшакда ётмай, ҳижрон қилади. Яъни, шу йўл билан эр аёлидан норози эканини билдиради. Агар бу ҳам фойда бермай, аёл итоатсизлик этаверса, эр баъзи тарбия услубларини, чораларини қўллайди: жароҳат етмайдиган, азоб бермайдиган қилиб юзидан бошқа жойига уриши мумкин. Албатта, бу услуб сиёсат маъносидаги чора, холос. Аёлни азоблаш, таҳқирлаш, хўрлаш мутлақо назарда тутилмаган. Чунки бошқа бир ҳадисда аёлини (азоблаш, таҳқирлаш, хўрлаш маъносида) уришдан қайтарилган.
Ҳурмуҳаммад НУРБОЕВ
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди