Шу йилнинг 15-16 декабрь кунлари Қоҳира шаҳрида халқаро фатво куни муносабати билан “Фатво ва маънавий хавфсизликни ҳимоя қилиш” мавзуси бўйича илк анжуман ўтказилди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан 100 дан зиёд уламо ва фатво мутахассислари қатнашди.
Конференциянинг асосий мақсади турли ғоявий таҳдидлардан муҳофазаланиш учун биргаликда ҳаракат қилиш ва жамиятларда тинчликни мустаҳкамлаш саналади.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Фатво маркази мутахассиси Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев иштирок этди.
Халқаро анжуманда Ҳомиджон домла мавзу доирасида маъруза қилиб, унда, жумладан, фатволар ислом оламида нақадар аҳамиятли экани, нотўғри фатволар мусулмонлар ўртасида бўлинишга олиб келаётгани, бу эса мўътадилликка асосланган Ислом руҳига зидлиги, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзаҳга журъатли бўлганингиздир", деганлари, саҳобалар эса фатво беришда жуда эҳтиёткор бўлганлари, улар хатога йўл қўйишдан қўрқиб фатво беришдан сақланганлари, шу боис, бу улуғ вазифада туриш қатъий шарт-шароитларни тақозо этиши, уларнинг энг муҳими билим ва малакани чуқурлаштириш, воқеликни англаш, ҳавойи нафслардан холи бўлиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Ҳомиджон домла мазкур йўналишдаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий академиялар ва диний идораларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, уларни илмий салоҳият ва катта тажрибага эга бўлган малакали олимлардан иборат мутахассислар билан таъминлаш зарурлиги, шунингдек, замон ўзгаришларига ҳамнафас, мустаҳкам илмий асосга эга оқилона фатво маданиятини кенг ёйиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
Маъруза давомида мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳада, жумладан, фатво йўналишида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Марказий Осиёда ягона Фатво маркази ташкил этилгани, унда 20 нафар уламо фаолият юритаётгани, кейинги йилларда қардош халқлар Диний идоралари ва Туркий давлатлар уламолари билан яқин ҳамкорлик қилинаётгани ҳақида маълумот бердилар.
Анжуман якунида тегишли қарор ва тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Котибият масъул ходими Муҳаммадамин қори Холиқовнинг падари бузруквори вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Муҳаммадамин қори Холиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси