Шу йил 16 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Фахрийлар кенгаши янги таркибини тасдиқлаш, кенгашнинг ҳудудлардаги бўлинмаларини ташкил этиш, кенгаш фаолиятини янада кучайтириш ва бир қанча масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган ва нафақа ёшидаги фахрийларни давлат мукофотларига тавсия этиш масаласи муҳокама қилинди. Якунда кенгаш аъзоларидан муносиб номзодлар тавсия этилиб, иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш давомида Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур сўзга чиқиб, кенгаши таркибига Наманган вилояти вакиллиги тизимида узоқ йиллар хизмат қилган уламо Абдулҳай домла Турсунов номзодини киритишни тавсия қилиб, у кишининг динимиз равнақи йўлидаги хизматларини эътироф этдилар. Сўнгра Фахрийлар кенгаши аъзолигига Абдулҳай домла Турсунов номзоди тасдиқланди.
Шунингдек, Фахрийлар кенгашининг ҳудудлардаги бўлинмаларани ташкил этиш масаласи муҳокама қилиниб, вилоятларда ҳам динимиз равнақига муносиб хисса қўшиб келаётган уламолар салмоқли экани қайд этилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши ҳудудларда меҳнат қилаётган кўплаб фахрий имом-хатиблар ва дин пешволарини учун манфаатли бўлиши таъкидланди.
Йиғилишда Фахрийлар кенгаши аъзолари йил давомида диний таълим муассасаларига ташриф буюриб, талабалар билан учрашувлар ўтказгани, бу тингловчиларда катта таассуротлар қолдиргани таъкидланиб, келгусида бундай суҳбатларни кўпайтириш ва Фахрийлар кенгаши фаолиятини янада жадаллаштириш лозимлигига урғу қаратилди.
Мажлис якунида мазкур масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати