Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июн, 2025   |   7 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:30
Bismillah
03 Июн, 2025, 7 Зулҳижжа, 1446

Cени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан

19.12.2024   7314   15 min.
Cени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

6. Муҳаммад Амин
(халифалик даври: ҳижрий 193–198; милодий 809–814)

Бу халифанинг тўлиқ исми: Муҳаммад Амин ибн Ҳорун ар-Рашид. Унинг онаси – Зубайда бинт Жаъфар ибн Мансур. Бану Аббос халифаларининг ичида ҳам отаси, ҳам онаси ҳошимийлардан бўлган ягона инсон шудир. Муҳаммад Аминнинг отаси Ҳорун ар-Рашид байъат унга бўлишига аҳд қилган, кейин укаси Маъмун бўлишига қарор қилган эди. Қосимни эса Ироққа волий этиб тайинлаганди. Маъмун машриққа – Хуросонга волий бўлди. Ҳорун ар-Рашид уларнинг иккисига Маккада байъат олган ва икковларини ихтилоф қилмаслик ҳақида қасам ичтириб, ўша ерда ҳозир бўлган барча кишиларни бунга гувоҳ қилган эди. Шунингдек, байъат ҳақида ёзилган васийқани Каъбаи муъаззаманинг ичига қўйган эди. Муҳаммад Аминнинг вазири Фазл ибн Робеъ уни иғво қилиб, укаси Маъмунни бўшатишга ундади. Ўзинннг ўғли Мусога байъат олишга қизиқтирди ва Муҳаммад Амин худди шундай қилди. У гувоҳлар олдида қилинган байъат васийқасини йиртиб ташлади. Шундан кейин Маъмун унга қарши чиқди.

 

Ҳукмронлик учун кураш ва Муҳаммад Аминнинг енгилиши
(ҳижрий 195; милодий 811)

Ҳижрий 195 йилда Муҳаммад Амин укасига қарши уруш қилиш учун иккита лашкар юборди. Маъмуннинг лашкарбошиси Тоҳир ибн Ҳусайн иккала лашкарни ҳам мағлубиятга учратди. Ҳижрий 196 (милодий 812) йилда яна бошқа юриш қилиб, унда ҳам мағлубиятга учрадилар. Сўнг Тоҳир Бағдод сари юриш бошлаб, у ерни ниҳоятда қаттиқ қамал қилди. Шундан кейин Муҳаммад Аминнинг одамлари уни тарк этиб, Маъмуннинг одамлари кўпая бошлади. Ҳижрий 198 йилда Маъмуннинг қўшини Бағдодга кириб борди. Икки тараф орасида шиддатли жанг бўлди. Ниҳоят Муҳаммад Амин енгилиб қочди ва шу йили қатл қилинди. Муҳаммад Амин лаҳв ишларга берилган, ов қилишга, ўйин-кулгига ниҳоятда ўч одам бўлиб, давлат ишлари унинг учун иккинчи даражада эди. Тарих китобларида унинг салбий сифатлари ҳақида жуда кўп хабарлар келган. Муҳаммад Аминнинг халифалиги 5 йил давом этди.


7. Абдуллоҳ Маъмун
(халифалик даври: ҳижрий 198–218; милодий 814–833)

Маъмун лақаби билан машҳур бўлган бу халифанинг тўлиқ исми – Абдуллоҳ ибн Ҳорун ар-Рашид. Ҳижрий 170 йилнинг рабиъул аввал ойида туғилган. Унинг онаси Марожил исмли асли чўри аёлдир. Маъмун ҳижрий 198 йил муҳаррам ойида халифа бўлган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Ҳорун ар-Рашид икки ўғлига – Аминга ва кейинроқ Маъмунга байъат олган эди.

Амин Абдуллоҳ яъни Маъмунни халифаликдан бўшатди. Шундан кейин Абдуллоҳ Маъмун қонли, шафқатсиз жанг олиб борди ва ўз вазири Фазл ибн Саҳлнинг қурган тадбири самараси ўлароқ Аминни енгиб, ҳижрий 198 (милодий 814) йилда халифаликни ўзига ўтказиб олди.

Халифа Маъмуннинг даврида Байтул Ҳикмат ўз ривожланиш палласининг энг юқори чўққисига чиқди. Маъмун унга катта аҳамият берди, ўзининг ҳад-ҳисобсиз мол-давлатини, вақтини унинг ривожи учун сарфлади. Байтул Ҳикматга унинг ўзи раҳбарлик қилар, олимларни ўзи танлар, бошқа тарафлардан китоблар олиб келтирар эди.

Байтул Ҳикмат бир вақтнинг ўзида ҳам кутубхона, ҳам таржима ва таълиф маркази, ҳам илмий текширишлар маркази, ҳам расадхона сифатида хизмат қилар эди. У ерда устозлар ва талабалар ётоқхонаси, университет биноси ва майдони, ошхона ва бошқа зарур бинолар мавжуд эди.

Ҳижрий 656 (милодий 1258) йилда ушбу ажойиб академия мўғуллар томонидан кун-фаякун қилинди.

Ушбу ўринда Буюк Британияда Жон Фозергил режиссёрлигида «Эс де Медиа» компанияси томонидан ишланган «Шарқ ва Fарб» деб номланган етти бўлимдан иборат фильмнинг тўртинчи қисмидан олинган Байтул Ҳикмат ҳақидаги иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

 

Доктор Рим Туркманий
(Лондон империал коллежи):

«Бу ерда мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар, собиийлар ва бошқа олимлар ёнма-ён ишлашган. Турли мактаб вакиллари ҳамкорлик қилган бу эркин ижодий муҳит уларга янги-янги кашфиётлар қилиш учун барча шароитларни муҳайё этган».

Аббосийлар сулоласининг интеллектуал маданият яратиш истаги нафақат Ислом салтанати, балки дунёнинг барча бурчакларидаги олимларни ўзига жалб қиларди. Пойтахтнинг марказида халифа асос солган «Байтул Ҳикмат» («Ҳикмат уйи») номли улкан кутубхона жойлашган эди. Кинонинг ўзи аллақачонлар вайрон қилинган, бироқ ушбу кутубхона ҳақидаги маълумотлар бу ердан 5000 километр ғарбда сақланиб қолган. Оксфорддаги Бодли кутубхонасининг архивларида сақланиб келаётган қўлёзмаларда қадимий юнон ҳикматларини бағдодлик олимлар қандай қилиб сақлаб қолганлари баён қилинган.

 

Профессор Петер Адамсон
(Лондон қироллик коллежи):

«Қўлимдаги китоб – Евклиднинг «Ибтидолар» номли асари нусҳаси. Бу математика тарихида энг улкан инқилоб ясаган асарлардан биридир. Евклид уни Қадимий Юнонистонда, Арасту ва Афлотун даврида ёзган. Унинг саҳифаларида чизмалар жуда кўп, чунки бу Геометрияга оид китоб. Қадимий юнон олимлари учун ҳам, замонавий олимлар учун ҳам «Ибтидолар» китоби илмий ижод намунаси бўлиб, ундаги билимлар бирламчи асосларга суянган ҳолда хосил қилинган. Бироқ унинг қизиғи шундаки, Евклид қаламига мансуб мазкур китоб нусҳаси юнон тилида эмас, араб тилидадир. Бу қўлёзма ўрта асрларга оиддир. Унинг таржима нусҳаси IX асрда Бағдодда кенг кўламли илмий лойиҳа доирасида амалга оширилган. Аббосий халифаларнинг амрига мувофиқ қадимги юнон олим ва файласуфларининг асарлари араб тилига таржима қилинган».

Аббосий ҳукмдорларнинг ҳомийлиги остида Бағдодда қадимий юнон фалсафасига оид муҳим асарлар қидириб топилиб, режали равишда араб тилига таржима қилинган. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган иш бўлиб, бир авлоднинг бошқа эътиқоддаги авлод тўплаган илму ҳикматни кейинги авлодлар учун сақлаб қолишга уриниши эди.

 

Профессор Петер Адамсон
(Лондон қироллик коллежи):

«Таржимачилик ҳаракати кенг кўламли лойиҳа бўлиб, қўлимиздаги ушбу асарнинг нусҳаси мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилган муҳим ишлардан биридир. Ушбу ҳаракат қадимий юнон илмий хамжамиятига оид вакилларнинг деярли барчаси – математиклар, астрономлар, мусиқачилар ва албатта файласуфларнинг асарларини тўлиқ қамраб олган эди. Эрамизнинг IX асрида Европада Арасту, Галилей, Гален ёки Евклиднинг асарларини ўқиш имкони йўқ эди. У пайтда илм ва фалсафа араб дунёсида, хусусан, Бағдодда тараққий топди».

Тасаввур қилинг, бутун Бағдод ва бугунги Яқин Шарқ ҳудуди бўйлаб йирик олимлардан иборат кўп сонли гуруҳлар ташкил қилинган. Олимлар бу гуруҳларда куннинг энг долзарб мавзуларини муҳокама қилганлар, йирик илмий масалалар бўйича баҳс олиб борганлар. Масалан, Арастунинг «Метафизика»си ёки Галеннинг тиббиётга оид қарашлари устида илмий мунозаралар олиб борилган.

Бағдодлик таржимонлар бутун жаҳон илми учун янги тилни барпо қилганлар. Арастунинг фалсафаси, Галеннинг тиббиётга оид инқилобий асарлари, Птолемейнинг астрономияси, Евклиднинг «Ибтидолар»и, Пифагор геометрияси... Энди бу асарларни дунё аҳли юнон тилида эмас, балки араб тилида ўқир эдилар.

Албатта, Бағдод фақат қадимги юнон ҳикматлари билангина чекланиб қолмади. Мусулмонлар Ҳиндистонда замонавий сонлар тизимини ҳамда юлдузлар ҳаракатига оид янги илмларни ўзлаштирдилар» (Иқтибос тугади).

 

Ҳодисалар
Бағдод қўзғалони

Маъмун ўзига Ҳусайн ибн Алийнинг набираларидан ҳисобланган Алий ибн Мусо Ризони валиаҳд қилиб, байъат олди. У бу ишни рофизий мазҳабига мансуб вазири Фазл ибн Саҳлнинг гапи билан қилган эди. Бундан қаттиқ ғазабланган аббосийлар ҳижрий 201 (милодий 817) йилда уни ҳалифаликдан бўшатиб, унинг амакиси Иброҳим ибн Маҳдийга байъат қилишди. Шундан сўнг Маъмун Марвдан келган. У халифа бўлганидан буён ўша ерда қарор топган эди. Амакиси Иброҳим ибн Маҳдий қочиб кетди, Алий Ризо эса вафот этди. Шундан сўнг ишлар қарор топиб, тинчиди. Бу воқеалар ҳижрий 202 йилда бўлиб ўтди.

 

Хуррамийя

Зиндиқлар мазҳабидан бири «хуррамийя» деб аталиб, у Маздакнинг фикрларини қўллаб-қувватловчилар, уларнинг давомчилари мазҳабидир. Бу мазҳаб Хуррам деб аталмиш Форс шаҳрига нисбат берилади. Хуррамийлар барча ҳаром нарсаларни мубоҳ деб билдилар. Уларнинг энг машҳур бошлиқларидан бири Бобак Хуррамий руҳларнинг бир-бирига кўчиб юриши ақийдасини тарғиб қилар, икки илоҳ – пур ва зулмат илоҳи борлигини айтар эди. У ҳижрий 201 йилда қўзғалон кўтарди. Улар Ҳамадон ва Исфаҳон шаҳарларини эгаллаб олишди. Маъмун ўзининг халифалик даврида унга қарши тинимсиз кураш олиб борди, лекин ишни охирига етказмай туриб вафот этди.

 

«Қуръони Карим – махлуқ» деган фитнанинг тарқалиши

Маъмуннинт халифалик даврида, ҳижрий 218 (милодий 833) йилда «Қуръони Карим – махлуқ, у Аллоҳ томонидан нозил қилинмаган» деган гап тарқалди. Бу муътазилий мазҳабининг фикри бўлиб, бу эътиқодга Маъмун ҳам иймон келтирди. Ушбу муносабат билан жуда кўп уламолар азоб-уқубатга дучор этилди. Уларнинг ичида имом Аҳмад нбн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бор эди.

Имом Аҳмаднинг даври сиёсий ва ақийдавий ихтилофлар кучайган бир давр бўлди. Айниқса, ўша пайтда муътазилий мазҳаби тарафдорлари ҳукуматга яқин бўлиб олиб, кўп бузғунчиликлар қилишди. Уларнинг ўша даврдаги бошлиқларидан бири Ибн Абу Довуд халифа Маъмунни одамларга «Қуръон – махлуқ» деб мажбурлаб айттиришга уринди. Унинг маслаҳати билан халифа Маъмун волийларга Аҳли сунна вал жамоа уламоларини ҳақоратлаб хат ёзди. Уларни ҳукумат қароргоҳларига олиб келиб, «Қуръон – махлуқ» деган гапни айттиришга, буни бажармаганларни эса жазолашга амр қилди.

Мусулмонлар улкан фитнага йўлиқдилар. Ислом ақийдасининг бузилиш хавфи туғилди. Бағдодда имом Аҳмад ибн Ҳанбал бошчилигида уламолар бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Улар илмий мунозараларда муътазилийларни шарманда қилишар эди. Буни сезган халифа Маъмун Бағдоднинг еттита атоқли олимини ўз ҳузурига юборишни буюрди. Уларни мажбур қилиб, эътирофларини олди ва ҳаммага эълон қилди. Шу билан имом Аҳмаднинг қанотини кесмоқчи ва шавкатини синдирмоқчи бўлди. Лекин имом Аҳмад бу фитнага қарши салобатли тоғдек маҳкам турди. У киши фитначиларни ҳалқ орасида ҳужжат ва далиллар билан шарманда қилиб, довдиратиб қўйди.

Шунда Маъмун ўзи турган Турмус шаҳрига имом Аҳмад ибн Ҳанбални ва у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Нуҳни юборишни амр қилди. Олимларнинг қўлларини кишанлаб, беҳурмат қилиб олиб кетишди. Аммо улар йўлдалик пайтида халифа Маъмун вафот этди.

Олимларни кишанланган ҳолларида Бағдодга қайтаришди. Йўлда эса Ибн Нуҳ вафот этди. Имом Аҳмад у кишини ўзи ювиб, жаноза ўқиб кўмди. Янги халифа тайин бўлгунича имом Аҳмадни қамаб қўйишди. Афсуски, янги халифа ҳам эскисининг йўлини тутди.

Акаси Маъмуннинг васиятига амал қилган халифа Муътасим ҳам фитна йўлини давом эттирди. Имом Аҳмадни икки йилдан ортиқ, аниқроғи, йигирма саккиз ой қамоқда ушлаб қийнашди, аммо у кишининг иродасини бука олишмади. Улар имом Аҳмаднинг эътирофи кўпчиликнинг ҳузурида бўлишини хоҳлашар эди. Шунинг учун одамларни тўплаб, халифа Муътасим ўзи чиқар ва имом Аҳмадни сўроққа тутар эди.

Гап билан енга олмасликларига кўзлари етгандан сўнг калтаклашга ўтишди. Ҳар сафар гап-сўз фойда бермагандан сўнг Имомни хушидан кетиб қолгунича дарра билан уришар, кейин эса кўтариб қамоққа олиб кетишар, бу ҳол эртасига яна қайтадан бошланар эди.

Бир куни калтак зарбидан хушидан кетаёзган Имомнинг қулоғига фитнабоши Ибн Абу Довуд:

«Эй Аҳмад, қулоғимга «Қуръон – махлуқ» деб қўйгин, сени халифанинг қўлидан қутқариб оламан», деди.

Шунда имом Аҳмад бошини зўрға кўтариб:

«Эй Ибн Абу Довуд, қулоғимга «Қуръон – Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас» деб қўйгин, сени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан», деди.

Мазкур воқеа халифанинг тавба қилиши, фитнабоши Ибн Абу Довуд ва унинг шериги Башрул Мурайсийнинг боши олиниши ва имом Аҳмаднинг ғалабаси билан тугади. Бу буюк имом мусулмонларнинг катта фитнадан қутулиб қолишларига сабабчи бўлди.

Ушбу бузуқ эътиқод давом этиб келиб, халифа Мутаваккилнинг даврида Аҳли сунна эътиқоди ғолиб бўлди.
 

Фатҳлар

Аббосийларнинг даврида фатҳлар жуда ҳам камайиб кетгани, Бану Умайя давлатининг охирги пайтларига келиб тўхтаб қолгани ҳам маълум. Маъмуннинг даврида оз бўлса ҳам фатҳлар бўлди, ҳижрий 202 (милодий 818) йилда Дайламга тегишли Лоз ва Шизир каби юртлар фатҳ этилди. Шунингдек, Нуба ва Бужод юртлари ҳам фатҳ қилинди. Маъмун аскарликка туркларни ола бошлади.

 

Валиаҳд тайин қилиниши

Маъмуннинг энг катта ишларидан бири шу бўлдики, у аббосий халифалар ичида биринчи бўлиб тарих ҳодисаларидан тўғри хулоса чиқарди ва халифаликка ўғилларга мерос бўладиган хос мулк деб қарамади. Маъмун халифаликни олий мақом деб билди. У кишиларнинг бахт-саодати, фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши кераклигини тушунган ҳолда фаолият олиб борди. Шунинг учун ўғли Аббос кўзга кўринган қўмондонларидан бўлишига қарамай, уни қўйиб, укаси Муътасимни валиаҳдликка тайин қилди. Маъмун ўз ўғлининг шижоатли, шу ишга лойиқ инсон эканлигини яхши билса ҳам, уни валиаҳд қилмади.

 

Маъмунннинг вафоти

Халифа Маъмун ҳижрий 218 йилда вафот этди. Унинг халифалиги 20 йил давом этди.

 

Кейинги мавзулар:

Абу Исҳоқ Муътасим;
Ҳорун Восиқ;
Жаъфар Мутаваккил.

 

Бошқа мақолалар

Олимларга суянган соҳибқирон

30.05.2025   3926   4 min.
Олимларга суянган соҳибқирон

Амир Темур нафақат буюк саркарда, давлат арбоби, балки ўз даври илм аҳллари ҳомийси ҳам бўлган. У мамлакатни ривожлантиришда илм-фан ва ислом олимларининг аҳамияти беқиёс эканлигини яхши тушунган. “Салтанатда эришган барча муваффақиятим ва мустаҳкам жойларни забт этишим – буларнинг барчаси Шайх Шамсуддин Фоҳурий дуоси, Шайх Зайнуддин Хавофий ҳиммати ва Саййид Барака марҳамати шарофатлари ёрдамида бўлди”, деб таъкидлаган эди[1]. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, Соҳибқирон саройида таниқли мутафаккирларни жамлашга ҳаракат қилган.

 Мўғуллар давридан кейин, Амир Темур даврида исломга давлат дини мақомининг қайтарилиши янги уламолар табақаларининг шаклланишига олиб келди[2].

Темур давлатида Самарқанд сиёсий пойтахтгина эмас, балки илмий марказ ҳам эди[3]. Бу тўғрида Мовароуннарда бўлган европалик сайёҳлар ва ўша даврда яшаб ижод этган тарихнавис Шарқ олимлари етарли маълумотлар қолдирганлар.

Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрар эди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб иззату икромини изҳор қилар эди”[4]. Натижада салтанат пойтахти Самарқандда ўз даврининг турли соҳалари бўйича буюк алломалар жам бўлдики, бу жамлашни Соҳибқирондек илм-фанни яхши тушинган ва уни қадрига етган ҳукмдоргина амалга ошириши мумкин эди.

Бунга қуйидаги икки воқеани келтириш мумкин. Амир Темур Хоразмга келганида, Малик Муҳаммад Сарахсий ибн Малик Муъизиддин Ҳусайн Курт ўз жияни Пирмуҳаммад Ғиёсиддин Пиралидан Амир Темурдан Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳни Сарахсга таклиф қилишини сўрашни илтимос қилди. Амир Темур Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳнинг илмдаги фазлини билиб, у зотни Самарқандга таклиф қилишни афзал кўрди. Аввалига Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳ Амир Темурнинг таклифига жавоб бермай турди, сўнг Ҳижозга сафар қилиш нияти борлигини айтиб, узр айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо Амир Темур иккинчи бор таклиф юборганидан кейин Самарқандга равона бўлди[5].

 “Амир Темур ўта аҳмиятли ва фойдали ишларидан бири бўйича чопар юборди. Чопарга: “Агар йўлда отга ҳожат тушиб қолса, кимни кўрсанг ҳам отини ол, агар ўғлим Шоҳруҳ бўлса ҳам”, деди. Чопар у амр қилган тарафга тезлаб жўнади. Йўлда аллома Тафтазонийга дуч келди. У дам олиш учун бир жойга тушган, отлари чодирнинг олдига боғланган экан. Чопар ўша отлардан бирини олди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний чодирдан чиқиб, уни ушлаб олди. Отни чопардан қайтариб олди.

Чопар Амир Темурнинг олдига қайтиб борганида бўлган гапни унга айтди. Шунда Амир Темур қаттиқ ғазабланди. Аммо бироздан сўнг: ”Агар унинг ўрнида ўғлим бўлганида, уни қатл қилардим. Лекин қайси жойга борсам, китоблари у ерга менинг қиличимдан олдин кириб борган одамни қандай қилиб қатл қиламан”, деди[6].

Тошкент ислом институти Қуръон илмлари кафедраси

ўқитувчиси Қурбанов Содиқ

 

[1]Абулаббос Шиҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Димашқий. Ажоиб ал-мақдур фи тарих Таймур. – Байрут: Муассат ар-рисола, 1986. – Б. 48. 13

[2] Алимов У. Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Т.: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 59.

[3]Фернанд Брудил. Тарих ва маданиятлар қоидалари / Ҳусайн Шариф таржимаси. – Қоҳира. Ал-ҳайъа ал-мисрийя ал-омма ли-л-китоб, 1999. – Б. 77.

[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.7

[5]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.17

[6]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.19.