Гувоҳи бўлмоқдамизки, юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бугунга келиб мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларга эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, уларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига кенг имконият яратиб берилмоқда. Бу эзгу ишлар замирида халқимизга хос юксак инсоний фазилатлар мужассамдир.
Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоийнинг:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай, — дея айтилган сўзларини эслашнинг ўзи мақсад эзгулик бўлса, ортидан улуғ ажр ҳам намоён бўлишига ишора бергандек.
Эътиборлиси, ислом динида жисмонан заиф, кўмакка муҳтож кишиларга меҳр кўрсатиш лозимлиги таъкидланади. Ғамхўрликка муҳтож кишиларни доимо ҳурмат қилиш, уларга ёрдам кўрсатиш буюрилади. Қуръони Каримда бир неча ўринларда уларга мушкулларини енгиллатиш, қулайлик яратиш ҳақидаги оятлар нозил бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Заифҳолларга, беморларга ва сарф харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, агар Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Яхшилик қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир”. («Тавба» сураси, 91-оят). Яъни, агар заифҳоллар ва беморлар соғлом биродарлари билан биргаликда жанг қилолмасалар, ҳеч қандай машаққат йўқдир.
Шунингдек, «Нур» сурасининг 61-оятида айтиладики: «Кўзи ожизга танглик йўқ. Чўлоққа ҳам танглик йўқ. Беморга ҳам танглик йўқ». Яъни, яқин қариндошлар уйларида еб-ичиш масаласида танглик, ноқулайлик йўқ.
«Фатҳ» сурасининг 17-оятида эса шундай дейилади: “Кўзи ожизга танглик йўқ, чўлоққа ҳам танглик йўқ. Хастага ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилса, уни остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритар. Ким юз ўгирса, аламли азоб билан азоблар”.
Ҳадиси шарифларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ўринларда эҳтиёжманд кишиларга ёрдамлашиш, беморларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур», дедилар. «Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси недир?» дейилган эди. У зот: «Боғидир», дедилар (Имом Муслим ривояти). Киши бемор биродарини зиёрат қилиб, уни кўнглини кўтариши, жаннат боғида сайр этгани кабидир.
Жисмида беморлиги бор кишилар ичида энг кўп ёрдамга муҳтожроқ киши кўзи ожизлардир. Муҳаддис уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қанчалик эътибор қилганликларини кўрсатиб, китобларида қуйидаги ҳадисларни келтирганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳ ва саллам айтадилар: «Ким бир кўзи ожизни қирқ қадам етакласа, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар.
Яна бир шундай ҳадис бор: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким кўзи ожиз кишини қирқ зироъ етакласа, унга бир қулни озод қилгандек ажр бўлади».
Яна бир ривоятда эса шундай марҳамат қилинади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким кўзи ожиз кишини хавфсиз жойига етказиб қўйса, Аллоҳ уни қирқта гуноҳини ва жаҳаннамни вожиб қилувчи тўртта гуноҳи кабирасини мағфират қиради».
Бу ҳадислардан кўзи ожиз кишига ёрдамлашиш ва уни етаклаб манзилига олиб бориб қўйиш нечоғлик улкан ажрга сабаб бўлиши очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни дастур билган салафи солиҳлар ногиронлиги бор кишиларга алоҳида ғамхўрлик қилиб, ўзларидан кейингиларга муносиб намуна кўрсатганлар. Масалан, Умар ибн Абдулазиз мусулмонлар диёрида қийин аҳволдаги кишилар ададини ҳисоблаб чиқишга буюриб, ҳар бир ногиронлиги бор кишиларга парваришловчи ва табибларни бириктирганлар.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ғамхўрликка муҳтож кишилар учун байтулмолдан нафақа ва масъул тайинлашни жорий қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Ҳижрий 88 йилда Халифа Валид ибн Абдулмалик мохов касалига чалинганлар учун биринчи касалхонани қурдирган ва ҳар бир ногирон бемор учун махсус хизматчи, кўзи ожизларга етакловчи тайинлаган.
Валид Исҳоқ ибн Қобиса Хузоъийни Дамашқдаги сурункали касалликлар девонига бош қилиб тайинлаётганда: «Албатта, сурункали касалликка чалинган кишини соғлом аҳлига қолдиришим яхшироқ», деган ва уларни аҳли билан бирга бемалол даволаниши учун шароит ҳозирлаб берган. У ерда касалларга моддий нафақалар тайинланиб, доим ҳолидан хабар олиб турилган.
Умавийлар ақли заиф, руҳий касаллар учун махсус шифохона қурдирганлар. Халифа Маъмун Боғдод ва катта шаҳарларда кўзи ожизлар ва қийналган аёллар учун бошпана, Султон Қоловун ногиронлиги бор кишиларни парваришлаш учун касалхона барпо қилган.
Кўриниб турибдики, динимизда жисмида ногиронлиги бор кишиларга кўмаклашиш улуғ иш ҳисобланади. Демак, кимнинг уйида ёки атрофида шундай беморлар бўлса, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олиш ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш лозим. Зеро, бундай гўзал амал жамиятдаги барчани бир-бири билан боғлашга, ўзаро меҳр-муҳаббатни уйғотишга ва улкан ажр савобларни ҳосил қилишга сабаб бўлади.
Хулоса сифатида айтишимиз лозимки, меҳр-мурувватли ва бағрикенг халқимиз азал-азалдан ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг муҳим қадриятлардан бири сифатида эъзозлаб келади. Ана шундай эзгу анъаналаримизни бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилаётгани янада қувонарли ҳолдир.
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД