Бош котиб, Мусулмон уламолари уюшмаси раиси, шайх доктор Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исо ушбу қарор дунёда хавотирли салбий қараш кучайиб бораётган бир шароитда жуда муҳимлигини таъкидлаб, “Ислом раҳм-шафқат, бағрикенглик, адолат ва осойишталик дини сифатида тинчлик, поклик, инсонийлик, меҳр-мурувват, ватанпарварлик, илм олишга чақирувчи дин” эканини қўшимча қилди.
Уюшма экстремистик ғояларга қарши кураш, тинчлик, биргаликда яшаш, дин ва цивилизациялар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва қадриятларни рағбатлантиришга қаратилган ҳар қандай халқаро саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 март куни БМТ Бош Ассамблеяси исломофобияга қарши кураш резолюциясини қабул қилди. Покистон томонидан тақдим этилган ҳужжатда, жумладан, ушбу масала бўйича махсус вакил тайинлашга чақирилган.
Муслимларга нисбатан зўравонликка қарши курашга мувофиқлаштирилган ёндашувни ҳам талаб қиладиган резолюцияни 113 давлат ёқлади. 44 давлат бу масалада бетарафлигини билдирди. Ҳеч бир давлат қарши овоз бергани йўқ. Бош Ассамблея Европанинг бир неча давлати томонидан таклиф қилинган, резолюция матнига жузъий ўзгариш киритиш, масалан Махсус вакил ўрнига Координатор тайинлаш, муқаддас китобни таҳқирлаганга қарши чора кўриш тўғрисидаги ҳаволани олиб ташлаш чақириғидан иборат тузатишларни қабул қилмади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз баёнотида одамларни ажратувчи, фактни бузиб кўрсатувчи риторика бутун аҳоли қораланишига олиб келиши, халқаро ҳамжамият муросасизлик, стереотип ва тарафкашликка қарши курашиш учун бирлашиши кераклигини уқтирди.
“Онлайн нафрат сўзлари реал ҳаётда зўравонликни кучайтиради”, дея рақамли платформалар нафратни ифодалайдиган контентни ўзгартириши, фойдаланувчиларни таъқибдан ҳимоя қилиши шартлигини таъкидлади.
– Биз ақидапарастликка қарши туришимиз, ҳар қандай салбий кўринишларни йўқ қилишимиз керак, – таъкидлади БМТ раҳбари. – Раҳбарлар ғазаблантирувчи сўзни қоралаши, диний эркинликни ҳимоя қилиши лозим.
Дарвоқе, 15 март – Халқаро исломофобияга қарши кураш куни. БМТ бу санани 2019 йил Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги масжидларга 51 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар уюштирилиши муносабати билан белгилаган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун ҳам кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан