Ҳикмат эгаларининг оғзидан чиққан энг гўзал гаплар:
- Отлар ичган ердан сув ичинг, чунки отлар ҳеч қачон ифлос сувни ичмайди.
- Ётоғингизни мушук ухлайдиган жойга солинг, чунки мушук хотиржам жойда ухлайди.
- Қурт тушган, лекин тешиб чиқмаган мевани енг, чунки қурт доимо меванинг пишганини танлайди.
- Дарахтни юмронқозиқ кавлаган ерга ўтқазинг, чунки ўша ер ҳосилдор бўлади.
- Уйни илон исиниб ётган жойга қуринг, чунки ўша жой мустаҳкам ва чўкмайдиган бўлади.
- Қушлар иссиқ кунда панага қочган ерни қазисангиз сув чиқади, чунки қушлар сув бор ерни билади.
- Қушлар билан бир вақтда ухлаб, улар билан бир вақтда уйғонинг - зеро бу муваффақият йўлдир.
- Кўпроқ сабзавот истеъмол қилинг, шунда ўрмон ҳайвонлари каби оёқларингиз кучли ва юрагингиз бақувват бўлади.
- Имкон топганингизда сувда сузинг, шунда ерда ўзингизни ҳудди сувдаги балиқдек енгил ҳис қиласиз.
- Имкон қадар осмонга кўпроқ қаранг, шунда фикрларингиз равшан ва тиниқлашади.
- Ўзингизни хотиржам ва сокин тутишга одатланинг, шунда қалбингизга сакинат кириб, руҳингиз ором топади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Аҳли сунна валжамоа ақидасига кӯра Аллоҳ таоло макондан пок деб эътиқод қилинади. Бу борада аҳли сунна валжамоа имомларидан нақл қилинган айрим жумлалар билан танишиб олишимиз мақсадга мувофиқдир:
1. Ҳижрий 285 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Язид ал-Мубаррид "Ал-Комил фил-луғоти вал-адаб" асарида келтиришича, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бир киши деди: "Роббимиз осмонлар ва ерни яратишидан олдин қаерда эди?" Шунда Алий розияллоҳу анҳу: "Қаерда? деган сӯз макон ҳақидаги сӯроқдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло макон мавжуд бӯлмаганда ҳам бор эди", дедилар.
2. Абу Мутиъ ал-Балхий "Ал-Фиқҳул абсат" китобида айтади: "Аллоҳ таоло қаерда? дейилса, нима деб жавоб берасиз? дедим. Шунда у зот (яъни, устозим Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ): "Бундай савол берган кишига, Аллоҳ таоло макон йӯқлигида ҳам бор эди, махлуқотларни яратишидан олдин ҳам У бор эди. На қаер, на бирор махлуқ, на бирор нарса вужудга келмаганида ҳам Аллоҳ таоло мавжуд эди. У барча нарсанинг яратувчисидир, дейилади", дедилар".
3. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ "Ал-Олим вал-мутаъаллим" китобининг хутбасида айтадилар: "У (яъни, Аллоҳ таоло) азалда ҳам шундай бӯлган (яъни, барча комиллик сифатлари билан сифатланиб, барча айбу нуқсонлардан пок бӯлган). У ҳамиша азалда бӯлганидек бӯлиб қолади".
4. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Китоб ат-тавҳид" асарида айтадилар: "Бу борада асл қоида шуки, макон йӯқлигида ҳам Аллоҳ таоло бор эди.Маконларнинг йӯқолиши ҳам, ҳозиргидек қолиши ҳам жоиз. Аллоҳ таоло эса (оламни, хусусан, маконларни яратганидан кейин ҳам) азалий сифатларига кӯрадир, азалда ҳам ҳозирда (биз Аллоҳ таолони унга кӯра таниган) сифатларига кӯра бӯлган. У ӯзгаришдан, заволга учрашдан, муҳоллик ва ботилликдан олийдир. Зеро, булар (яъни, ӯзгариш ва заволга учраш) оламнинг кейин пайдо бӯлганлиги у орқали билинган яратилганлик белгиларидир".
5. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Таъвилот ал-Қуръон" асарида айтадилар: "Балки, макон йӯқлигида ҳам У (Аллоҳ таоло) бор эди. Бас, У азалий сифатларига кӯрадир, У муҳоллик ва ӯзгаришдан олийдир".
Аллоҳ таоло барчамизни Ӯзи ҳақидаги тӯғри эътиқодда собит қадам қилсин!
Мир Араб олий мадрасаси катта ӯқитувчиси
Асрорхон Маҳмудов тайёрлади