Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Жаҳл: «Муҳаммад сизнинг олдингизда юзини тупроққа теккизадими (сажда қиладими)?» деди. «Ҳа», дейишди. «Лот ва Уззо билан қасамки, агар шундай қилганини кўрсам, албатта, бўйнини оёғим билан босаман ёки юзини тупроққа ишқайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намоз ўқий бошладилар. Бўйинларига оёғи билан босади, деб ўйлашди. Аммо бирдан у ортига қараганча қўли билан юзини тўсиб қоча бошлади. Шунда унга: «Сенга нима бўлди?» дейишди. «Мен билан унинг орасида оловли хандақ бор. Анавилар... қанотлар бор», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у менга яқинлашганида уни фаришталар парча-парча қилиб олиб кетишар эди», дедилар.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла – билмадим, Абу Ҳурайранинг ҳадисидами ёки унга етган нарсадами – «Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади»дан «Йўқ! Унга итоат этма»гача нозил қилди ва у зотга амр қилган нарсасини амр қилди» (Муслим ривоят қилган).
Ўқилиши: Шаҳидаллоҳу аннаҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал ъазийзул ҳакийм.
Маъноси: "Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким Зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айттириб қўяди".
У зот алайҳиссалом бошқа ҳадисда бундай деганлар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар".
Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин: "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим.
Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб бундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".