Мол-дунё масаласида ўзингиздан пастроқдагиларга қаранг, дедик. Лекин дину диёнат масаласида доим ўзингиздан олдиндагиларга қаранг, улардан ибрат олинг, уларга етиб олишга интилинг. Дунё, бойлик, соғлик ва гўзаллик борасида ўзингиздан қуйидагиларга қараб, чексиз марҳамати учун Аллоҳга шукр қилсангиз, ҳаётингиз бахт-саодатга тўлади, Аллоҳ таоло сизни шукр ва сабр қилувчилар сафига ёзиб, фазлу марҳамати билан уларга бериладиган мукофотларидан сизга ҳам беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Кимда икки хислат бор бўлса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Кимда бу икки хислат бўлмаса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди. Дину диёнатда ўзидан юқоридагиларга қараб, уларга эргашса; мол-дунёда эса ўзидан пастдагиларга қараб, ўзини улардан афзал қилган Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Ким дин борасида ўзидан пастдагиларга, дунё борасида эса ўзидан юқоридагиларга қараб, ўзи етиша олмаган нарсага афсусланса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди» (Имом Термизий ривояти).
Уч хил қараш қалбингиздаги маҳзунликни кетказади:
- бировлардаги нарсаларга розилик кўзи билан қараш;
- мусибатга учраганларга ибрат кўзи билан қараш;
- аҳволи сиздан ёмонроқ, ҳоли хароброқ одамларга қараш.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Жорий йилнинг 2 июнь куни ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, отинойилар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган бош отинойилар ва тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Матлуба Қаҳҳарова, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Ирода Аҳмедова, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Эгамова иштирок этишди.
Йиғилишда “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”нинг мазмун-моҳияти, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, “Виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш тўгрисида”ги фармон мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Отинойилар фаолияти бўйича янги ишлаб чиқилган қўлланма ўқиб эшиттирилиб, ҳар бир бандига изоҳ бериб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати