Қачонки Аллоҳ таоло: "Ҳар бир нафс ўлимнинг мазасини тотгувчидир" (Оли Имрон сураси, 185-оят) оятини нозил қилганида, фаришталар: "Биз нафс эмасмиз, балки биз покиза руҳлармиз", дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: "Унинг устидаги (яъни ердаги) барча нарса ҳалок бўлгувчидир" (Раҳмон сураси, 26-оят)ни нозил қилди.
Шунда фаришталар: "Биз ерда эмас, балки осмондамиз", дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: "Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз" (Қасас сураси, 88-оят)ни нозил қилди.
Шунда фаришталар Роббиларига сажда қилиб: "Фақат Унинг Ўзи абадийдир", деб тасбиҳ айтдилар.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бугун, 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги элчиси Юсуф ал-Утайбийни қабул қилдилар.
Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Саудия Арабистони алоқалари тарихий даврга қадам қўйгани, айниқса, мана шундай илиқ муносабатлар натижасида олий даражадаги мулоқотлар, ташрифлар, келишувлар амалга оширилгани, кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг кўламли шериклик кенгайгани, шунингдек, қўшма корхоналар сони ортгани ва икки давлат ўртасидаги авиақатновлар кўпайгани таъкидланди.
Айниқса, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, хусусан, ҳаж ва умра тадбирлари намунали тарзда ташкил этилаётгани, кенг кўламли хайрия тадбирлари ва ижтимоий лойиҳалар муваффақиятли йўлга қўйилгани, халқаро анжуман ва кўргазмаларда икки томонлама фаол иштирок ва ҳамкорлик қилинаётгани каби жиҳатларга урғу қаратилди.
Томонлар ҳаж-умра, зиёрат туризми, илмий-тадқиқот, тажриба алмашиш ва диний-маърифий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати