Қачонки Аллоҳ таоло: "Ҳар бир нафс ўлимнинг мазасини тотгувчидир" (Оли Имрон сураси, 185-оят) оятини нозил қилганида, фаришталар: "Биз нафс эмасмиз, балки биз покиза руҳлармиз", дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: "Унинг устидаги (яъни ердаги) барча нарса ҳалок бўлгувчидир" (Раҳмон сураси, 26-оят)ни нозил қилди.
Шунда фаришталар: "Биз ерда эмас, балки осмондамиз", дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло: "Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз" (Қасас сураси, 88-оят)ни нозил қилди.
Шунда фаришталар Роббиларига сажда қилиб: "Фақат Унинг Ўзи абадийдир", деб тасбиҳ айтдилар.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
#xabar #qabul #murojaat
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан олиб бораётган очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабуллар жараёнида ҳар бир мурожаат эътибор билан ўрганилиб, аксарияти ўз вақтида ижобий ҳал этилаётгани қувонарлидир.
Жумладан, бугун 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар. Қабул давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра масалалари, оилавий муаммолар ҳамда моддий ёрдам билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, оилавий масалалар бўйича мурожаат қилганларга муаммолар ечими юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга атрофлича тушунтиришлар қилинди ҳамда моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш ва унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати