Суҳбат давомида Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти директори Абдулазиз Бергҳоут Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолади.
Ушбу илмий муассаса Малайзияда алоҳида нуфузга эга институт бўлиб, бу ерда дунёнинг турли мамлакатларидан келган тадқиқотчилар ислом илм-фани, замонавий диний жараёнлар, қадимий қўлёзмаларга оид тадқиқотларни амалга оширади.
Таъкидлаш керакки, мазкур институт ўзининг ноёб архитектурага эга биноси билан Куала-Лумпур шаҳрида алоҳида ажралиб туради. У Испанияда жойлашган мусулмон меъморлигининг ноёб намунаси – Алгамбра (ал-ҳамро) асосида бунёд этилган. Бу ерда ислом илм-фанига оид минглаб қўлёзмалар сақланади. Улар орасида Беруний асарларининг қадимий нусхаларини кўриш мумкин.
Институт директори Ўзбекистондаги халқаро тадқиқот марказлари билан биргаликда давра суҳбатини ўтказиш таклифини билдирди.
Шунингдек, А.Бергҳоут ушбу институт имкониятларидан фойдаланиб, Малайзия илмий жамоатчилиги учун Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихи, зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти ҳақида кўргазмалар, илмий семинарлар ва тақдимотлар ўтказиш истагида эканини таъкидлади.
Н.Усмонова, ЎзА
IQNA сайти хабарига кўра, Мисрдаги машҳур “Қуръон карим” радиоэшиттириши раҳбари Исмоил Дувайдар узоқ танаффусдан сўнг машҳур “Мусҳаф муаллим” дастури яна эфирга қайтганини маълум қилди. Дастур ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 09:45 да эфирга узатилади. Уни Саъд ал-Мутъаний олиб боради.
Ушбу дастур Қуръон каримни янги ўрганаётган ва ёд олишни истаган кишилар учун мўлжалланган бўлиб, унда тажвид қоидаларига мувофиқ тўғри талаффуз ўргатилади. Дастурда Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарийнинг тиловатлари асос қилиб олинган.
Шунингдек, Қуръон карим радиоэшиттириши Миср Вақфлар вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар куни диний танлов ҳам ўтказмоқда. Ғолиблардан икки нафарига 2 500 миср фунти миқдорида мукофот берилади. Тингловчиларнинг саволига жавобни (сура ва оят рақами) вазирликнинг “Facebook” саҳифасидаги махсус ҳавола орқали юборишлари лозим.
Исмоил Дувайдар таъкидлашича, радиоэшиттириш ҳозирда Мисрнинг етук қори ва машҳур уламолари марҳум шайх Абдуфаттоҳ Шаъшаъийнинг илгари эфирга узатилмаган ноёб тиловатларини ҳам тақдим этмоқда. Бу тиловатларни шайхнинг оиласи радиоэшиттиришга совға қилган.
Шунингдек, шайх Мустафо Исмоилнинг набираси томонидан берилган 18 та ноёб тиловат ҳам ушбу бой жамғармага қўшилди. Шу билан бирга, Шайх Муҳаммад Рифъат, Шайх Абдулбосит Абдуссомад ва Шайх Муҳаммад Табловий каби машҳур етук қориларнинг тиловатлари ҳам эфирда янграмоқда.
Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.