Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июн, 2025   |   19 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
15 Июн, 2025, 19 Зулҳижжа, 1446

Сизни дўзахдан халос этадиган ҳасана

27.01.2025   4125   2 min.
Сизни дўзахдан халос этадиган ҳасана

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қадрдоним, тасаввур қилинг, сиз қиёмат кунидасиз. Гуноҳларингиз билан савобларингиз палласи тенг келиб қолди, энди сиз дўзахдан қутулиш пайида битта ҳасанани излаш кераклигини тушуниб турибсиз... Ўша яхшиликни қўлга киритиш учун бор-будингизни сарфлашга ҳам тайёрсиз. Шу зайл ўша узун кун йўлида нима қилишни билмай қоласиз. Ўша куннинг миқдори  эллик минг йил. Яна у кун қуёш одамларнинг бошига яқин келиб қоладиган, тафти эса бир неча баробар кучайтириладиган ҳисоб кунидир. Сиз ана шу вақтда миллиардлаб уст-бошсиз одамлар билан бирга жонингиз чиққудай хавфу хатар ва ашаддий қийинчиликлар гирдобида қолгансиз.

Мана шу даҳшат уммонидаги одамлар орасидан  сизнинг савоб паллангизни тош бостирадиган бир амални сўрагани меҳрибон отангизни қидириб юрибсиз. Ҳолбуки ҳамма ўзи билан ўзи овора, жонини сақлаб қолиш илинжида турибди, ҳамма ҳам сиз қидираётган нарсани қидираяпти. Энди тасаввур қилинг-чи, шунча одам орасидан ўша бир яхшиликни топишга қанча вақт кетаркин?! Сиз учун дунёда мол-давлатини устингиздан тўкиб-сочган меҳрибон отангиз ўша яхшиликни беради деб ўйлайсиз, таассуфки унинг “вой жоним, вой жоним” деганини эшитганингизда ҳафсалангиз пир бўлади. Шу он сиз учун жонини фидо айлаган мушфиқ онангиз хаёлингизга келади.

Энди сиз терингиз сел бўлиб онаизорингизни излаяпсиз, ундан марҳамат сўрайсиз-у, зора у сизга бир ҳасана берса... Дунёдалик пайтингиз назарга илмаганингиз бир ҳасанани... Аммо онангиз ҳам “ўзим, ўзим, ўзимни қутқарай” дейишдан нарига ўтмайди. Бир неча юз йиллар битта ҳасанани излаб топа олмайсиз. Бироқ дунёда қанчадан-қанча савобни бир ондаёқ қўлга киритишга имкониятингиз бор эди, шундай эмасми?!

Не ажабки, савоблар бозорининг нархи ошиб кетганини кўринг!

Фаразан сиз ўша бир савобни маҳшар майдонидагиларнинг бирортасидан қўлга киритган тақдирингизда ҳам, унинг эвазига қанча ҳақ тўлашга тайёрсиз?! Бир савоб учун барча қимматбаҳо нарсаларингизни бериб юборадиган кун эмас бу,  тўғрими? Албатта, ҳа, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир сиз унинг сабабидан жаннатга кириб, жаҳаннамдан қутулиб қолмоқчисиз!..

Кофирларнинг ҳолини баён қилиб Аллоҳ таоло Моида сурасининг 36-оятида айтади: «Дарҳақиқат, куфрда бўлганлар қиёмат кунининг азобидан қутулиш учун мабодо Ер (юзи)даги (ҳамма) нарсанинг икки баробарига эга бўлганларида ҳам, улардан қабул қилинмагай. Улар учун аламли азоб (тайёрлаб қўйилгандир)».

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

Бошқа мақолалар

Кийим ўғирлаган тош

13.06.2025   3550   1 min.
Кийим ўғирлаган тош

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:

"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.

Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.

Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.

У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.

Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.

Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."

Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).