Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,
Янгиликлар

Ҳайрат ва ҳавас, ибрат ва маърифат маскани

30.01.2025   9157   4 min.
Ҳайрат ва ҳавас, ибрат ва маърифат маскани

Бу ердан деярли ҳар куни ўтамиз. Кўпинча хизмат юзасидан, баъзан қадрдонларни йўқлаб, ҳол-аҳвол сўраймиз, табаррук масканларни зиёрат қиламиз. Тошкентнинг қоқ юрагида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тааллуқли муҳташам, муаззам, салобатли мажмуа ҳар кимнинг - хоҳ юртдошларимиз, хоҳ дунёнинг нариги чеккасидан келган сайёҳ бўлсин, барининг эътибори, ҳайрати ва ҳаваси, ҳаяжонига сабаб бўлаётган бетакрор, гўзал, улуғвор, файзли маскан.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қад ростлаган бу мажмуа  аслида давлат раҳбарининг халқчил, эзгулик ва савобга, ибратга йўғрилган ташаббусининг меваси. Негаки, азалдан халқимиз қалбида ислом маърифати яшаб келган. Бу ёғду энг оғир шароитларда ҳам одамлар онгу шуури, юрагини асло тарк этмаган. Ҳатто серзуғум шўролар даврида ҳам покиза имон-эътиқод, ислом нури ота-боболаримизга мудом ҳамроҳ бўлган.  
 


Хонадонлар тўрида авайлаб сақланган Қуръони Карим, дастурхон устидаги дуолар, савобли анъаналар, юмушларнинг бардавомлиги бунинг ёрқин далилидир. Оналаримиз умрининг поёнида ҳам муқаддас китоблар мутолаасига шўнғиганлар. Зеро, Ояти калимадаги мўъжизакор сатрлар ҳар қандай ғамгин, изтиробли, ғуссага тўлган қалбларга таскин, ҳузур, сокинлик бағишлайди. Демоқчи бўлганимиз, исломнинг ҳаётбахш қуввати, зиёсидан баҳраманд бўлиш бизларни бир лаҳзага бўлса-да, сира тарк этмаган.  
 


 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида бундан бир неча йиллар аввал тамал тоши қўйилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази наинки буюк аждодларимиз меросидан фахрланиш, балки тараққиёт сари юз тутган янги Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс  асосларини барпо этишдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан қадрлидир.  
 

Айтиш керакки, уч қаватли, ғоят кўркам ушбу бино мукаммал тарзда барпо этилиши билан бирга, ундаги илмий-маърифий контентлар, экспозиция заргарона, мукаммал, чуқур илмий-фундаментал асосда  шакллантирилган. Бу ерда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади.  
 


 

2024 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган халқаро форумлар, анжуманлар, Маданий мерос ҳафталиклари, мулоқотлар, машваратлар мажмуа фондини бафуржа, тўкис, асосли, қизиқарли, ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта яратиш учун яхшигина пойдевор бўлди.  
 

Мамлакатимизнинг дин соҳаси билимдонлари, олимлар, уламолар, тарихчилар, реставраторлар, музейшунослар, кутубхоначилар, ношир ва хаттотлар, дизайнерлар, манбашунослар, рақамли технологияларнинг билимдонлари, рассомлар, моҳир уста ва ҳунармандлар, муҳандислар бундай эзгу ишга ўз ғоя ва таклифлари, фикрлари, ижодий лойиҳалари билан муносиб ҳисса қўшдилар.  
 


 

Айни пайтда юртимиз олимлари билан бирга, энг етакчи давлатларнинг олим ва мутахассислари, йирик университетлар, музей ва кутубхоналарнинг, илмий марказлар вакиллари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий экспозицияси концепциясини яратишга оид ташаббуси атрофида фаол бирлашдилар.  
 

Ушбу мажмуани халқимизга тўлақонли тақдим этиш ғояси Президентимизни доимий ўйлантириб, яхши маънода ташвишга солиб келаётгани, унинг ҳаётга жорий этилиши йўлида доимий амалий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиб келинаётгани мамлакатимизда халқнинг маърифати, маънавий юксалиш масалалари эҳтимолки, ҳар қандай соҳалардан устувор, муҳим ва долзарб эканини кўрсатмоқда.  
 

Давлатимиз раҳбарининг 29 январь куни  улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишуви чоғида юртимизда ислом маданияти билан боғлиқ қўҳна тарих бир жойда – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мужассам бўлишини алоҳида таъкидлади.  
 

Шубҳасизки, ушбу табаррук мажмуа янги Ўзбекистоннинг улуғ бунёдкорлик рамзи, бетакрор маънавий-маърифий меросимиз,  бой тарихимиз, келажакка интилаётган она-Ватанимизнинг ўзига хос кўзгусига айланажак. 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Бемор зиёратида бажариладиган суннатлар

05.12.2025   11530   4 min.
Бемор зиёратида бажариладиган суннатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Бемордан ҳол – аҳвол сўраш, унинг ҳақига дуо қилиш.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморнинг олдига келсалар ёки у ҳузурларига олиб келинса: “Азҳибил баъса Роббан нааси ишфи ва анташ шаафий лаа шифааъа иллаа шифааъука шифааъан лаа юғодиру сақоман”, деб дуо қилардилар.

Маъноси: “Ё инсонларнинг Робби! Зиённи кетказ. Шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо(бер)!”.


Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Касал бўлганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Уъийзука биллаҳил аҳадис сомад, аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якуллаҳу куфуван аҳад. Мин шарри ма тажиду”, деб менинг ҳақимга дуо қилардилар (Имом Ибн Суний ривояти).

Маъноси: “Якка, беҳожат, туғмаган, туғилмаган ва бирор тенги йўқ Аллоҳ номи ила етадиган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”.

 

2. Бирор ҳадя, кўнгилни хушнуд этувчи нарса олиб бориш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кишини кўргани кириб: “Кўнглинг бирор нарса тусаяптими? Бирон нарса ейишни хоҳлайсанми?” деб сўрадилар. У киши: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор егулик келтиришни буюрдилар (Имом Ибн Можа, Имом Ибн Сунний ривояти).

 

3. Беморга яқин жойда, иложи бўлса, бош томонида ўтириш.

 

4. Яхши сўзлар билан беморнинг кўнглини кўтариш, тасалли бериш.

Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касал ёки маййитнинг олдида ҳозир бўлсангиз, фақат яхши гапни айтинглар. Чунки фаришталар айтаётган нарсангизга омин, деб туришади”, дедилар.

 

5. Дард Аллоҳнинг неъмати экани, бунинг шукронасига тавба – тазарруъ қилиш ҳақида сўзлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кўргани борсалар: “Лаа баьса, тоҳурун иншаа Аллоҳу”, деб айтардилар.

Маъноси: “Ҳечқиси йўқ, Иншааллоҳ, бу покланишдир”.

 

6. Беморга очиқ юз, хуш кўнгиллик билан муомала қилиш. Унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.

 

7. Беморга турли кинояли, кўнгилга оғир ботадиган сўзларни айтмаслик.

 

8. Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун борилмайди. Чунки одатда дард кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи таранглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.

 

9. Касални толиқтирмаслик учун унинг олдида узоқ ўтирмаслик.

 

10. Беморни овқат ейишга мажбурламаслик.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Беморларингизга овқат ва ичимликни мажбурламанглар. Чунки Аллоҳнинг ўзи уларни едириб-ичириб туради”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).

 

11. Беморнинг дуосини олиш.

Маймун ибн Маҳрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра. Чунки уларнинг дуолари худди фаришталарнинг дуосига ўхшайди”, дедилар. (Имом Ибн Можа, Имом Ибн Сунний ривояти).

 

12. Беморнинг ҳузуридан тураётганда Аллоҳдан унинг ҳақига шифо сўраб дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ажали яқинлашмаган беморни кўргани борган ҳар қандай мусулмон банда етти марта: “Асалуллоҳал аъзийма Роббал ъаршил аъзийми ан яшфийка” деб айтса, у шифо топади», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Маъноси: “Аллоҳ таоло улуғдир ва улуғ Арш эгасидир. Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, деганлар.

“Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси нима?” дейилди.

“Мевасидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД