Бугун бутун дунё мўмин-мусулмонлари катта шодиёна ва хурсандчилик билан қарши олган Рамазони шариф ойини юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ билан ўтказяпти.
Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.
Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиляпти. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришди. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати — таровеҳ намозини адо этишмоқда. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этиляпти, фитр садақаси ҳамда фидялар бериляпти. Қутлуғ ойда 2 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилмоқда, 1600 дан ортиқ жомеда Қуръони карим хатм қилиниб, мухлис халқимиз Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлмоқда.
Бундай шукуҳли дамларда Юртбошимиз муборак Рамазон ойи билан бутун Ўзбекистон халқини муборакбод этгани дилимизга яна бир шодлик улашди. У киши ўз табрикларида элимизни қутлар экан, ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз, дедилар.
Дарҳақиқат, мана шундай фазилатли кунларга шукроналар айтиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир. Зеро, бу кунларга етган бор етмаганлар бор. Энг асосийси, тинчлик-омонликда бунац раҳмат ойига етганимиздир. Чунки Юртдошимиз табрикларига қайд этганидек, бугун жаҳон рўё бераётган нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар оқибатида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Неча минглаб инсонлар очлигу қийинчиликни бошдан кечириб, аҳволлари танг бўлиб турибди. Уларни ҳаққига дуолар ижобат бўладиган кунларда дуо қилиш ва борига шукроналар айтиш лозимдир.
Чунки кейинги йилларда янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар қалбимизни яшнатиб, умримизни нурга тўлдирмоқда. Мамлакатимизда азалий қадриятларимиз саналган, муқаддас динимизнинг асосий мезони бўлган ўзгаларга яхшилик қилиш, йиқилганни суяш, кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар кенг қулоч ёзаётгани барчамизга мамнуният бағишламоқда.
Бу борадаги ишлар муборак Рамазон кунларида янгича мазмун билан бойийди. Маҳаллалар, хонадонлар тоза-озода ҳолга келтирилади. Қариндош-уруғлар, етимлар, бевалар, кекса ва имконияти чекланган инсонлар, беморлар ҳолидан хабар олинади. Уларнинг кўнглини кўтариш, оғрини енгил қилишга кўмаклашилади. Ўзаро совға-саломлар улашилади. Шу боисдан муборак кунларда кўпроқ шукроналар айтиб, дуолар қилмоқ жоиздир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳадиси шарифда рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат қилинади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, астойидил дунё ва охират саодатини сўраб дуолар қилишимиз, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, жонажон юртимизга тинчлик, хотиржамлик, дастурхонларимизга тўкинлик касбу коримизга барака тилашимиз лозим бўлади. Бундай фурсатларни ғанимат билаб, тоат-ибодатларда Аллоҳ таолодан бўладиган мукофотни қўлга киритайлик!
Шу билан бирга Рамазон ойида эзгу амалларни кўпайтириш, муҳтожларга саховат ва меҳр-шафқат кўрсатишнинг ажру улуғдир. Зотан, давлатимиз раҳбари табригида таъкидлаганидек, бугунги муборак кунларда халқимизга хос олижаноблик ва меҳр-мурувват рамзи сифатида нуронийларимиз, ёлғиз ва эҳтиёжманд бўлган опа-сингилларимиз, ака-ука ва фарзандларимизга эътибор кўрсатиш, ҳолидан хабар олиб, дардига малҳам бўлиш, Яратганга ҳам, халқимизга ҳам, албатта, хуш келади.
Бундай хайриялар “Инсон қадри – улуғ” деган олижаноб тамойили асосида бугун жамиятимизда кенг қулоч ёяётгани элимизда эгу фазилатлар ортаётганидан далолатдир. Хусусан, шу кунларда диний соҳа ходимлари Рамазоннинг шукуҳли кунларида кишилар қалбига қувонч улашиши мақсадида, эҳтиёжманд, етим, бева-бечора ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни хабар олиб, ифторликлар ташкил этиб, уларга “Рамазон ҳадяларини улашмоқдалар. Бундай меҳр-мурувват тадбирлари ой охиригача давом этади, иншааллоҳ.
Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу фазилатли кунларда қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Она-Ватанимиз тинч-осойишта, хонадонларимиз файзу баракали ва фарзандларимиз бахту саодатли бўлсин. Ҳақ таоло кексаларимизга узоқ умр, ёшларимизга илму маърифат ва беморларимизга шифои комил берсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомини еб бўлгач:
الحمدُ للهِ الذي أطعَمَني هذا الطَّعامَ ورَزَقَنيه من غيرِ حولٍ مِنِّي ولا قوةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоъама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: “Бу таомни менинг куч-қувватимсиз менга таомлантириб, у ила мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким янги кийим кийганда
الحمدُ للهِ الَّذي كساني هذا ورزقنيه من غيرِ حوْلٍ منِّي ولا قوَّةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки азонни эшитганида:
أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا
“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Расулан” деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роббим, Исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади, юзтанинг тамом бўлишига:
لا إلهَ إلاَّ اللَّه وحْدهُ لاَ شَرِيكَ لهُ لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحمْدُ وَهُو عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيرٌ
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўрнига ётаётганида:
لا إله إلا اللهُ وحده لا شريك له له الملكُ وله الحمدُ وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ لاحولَ ولا قوةَ إلا بالله العليِّ العظيمِ سبحان اللهِ والحمدُ لله ولا إله إلا اللهُ واللهُ أكبرُ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм. Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам кечирилади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида кимда-ким:
لا إلهَ إلَّا اللهُ واللهُ أكبرُ ولا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” дер экан, унинг барча гуноҳларига каффорат бўлади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки:
أسْتَغْفِرُ اللهَ العَظِيمَ الَّذِي لاَ إلَهَ إلاَّ هُوَ الحَيُّ القَيُّومُ وَأتُوبُ إلَيهِ
“Астағфируллоҳал ъазиймиллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуби илайҳ” деса урушдан қочган бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД