Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида бошингиздан оғир дамлар кечади. Шу пайтларда сиз “бўлди, кучим етмайди, чарчадим” деб ўйлайсиз. Курашиш, сабр қилиш ва доимий маҳкам туришга тоқатингиз етмайдигандай кўринади. Бундай пайтда асло таслим бўлманг! Чунки ҳар жоннинг иқболию инқирози бўлади. Бу инқироз ўз ортидан иқболни эргаштириб келса, ажаб эмас...
Баъзи пайтларда шуурингизда қулаш ҳиссини туясиз, ишончсизлик ҳамда камчиликни ҳис этасиз. “Мен ҳеч ишга ярамай қолдим”, деб ўйлаб қоласиз. Бунда ҳам сира таслим бўлманг! Доимо ёдингизда бўлсинки, ихлос ила тинимсиз ҳаракатда бўлар экансиз, йиқилиш уят ҳисобланмайди. Киши мағлубиятини тан олмагунича ва қайта уриниб кўришдан воз кечмагунича муваффақиятсизликка учраган, деб ҳисобланмайди. Буни ҳам ёдингизда сақланг! Қайта-қайта уриниб кўраверинг, ҳужумни, зарбани яна ва яна амалга оширинг. Аллоҳ насиб этса, тез орада кўзлаган мақсадингизга эришасиз.
Гоҳида сизни манманлик ва “қойил, ўзимдан жуда ажабланяпман” деган ҳислар ҳам чулғаб олади. Бунинг ортидан сиз ўзингизни “ягона” эканлигингизни ўйлаб қоласиз. “Насиҳатгўй, маслаҳат берувчининг менга нима кераги бор” деган хулосага келасиз. Мабодо, ўзингизда шундай туйғуларни сеза бошласангиз, унга таслим бўлманг!
Мағрурликдан эҳтиёт бўлинг, у сизнинг қотилингиздир. Иблис сиздан аввалгиларни ҳам йўлдан оздирган ва унинг ўзи-да, Аллоҳнинг даргоҳидан қувиб-солинган. Ўзингиздаги камчилигу нуқсонларни, заифлигингизни эсдан чиқарманг. Тавфиқ фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолодандир.
Баъзи вақтларда ғам-ташвишлар сизни таъқиб қилади. “Бутун умр мана шу ғам-ташвишлар ичра яшасам керак” деган хаёл билан, олдиндаги кунларингизнинг барчасини нурсиз қаро тундек бўлишига гумонда бўласиз. Буларнинг ортида ҳеч бир хайр йўқ деб ҳам ўйламанг ва бу каби ўйларга ҳеч ҳам таслим бўлманг! Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.
Доим тўғриликка интиласиз, бировнинг ҳаққида хатога йўл қўймасликнинг пайида бўласиз. Чоҳга тушишдан қўрқасиз. Феълингиздаги бу каби ҳолатлар сизни камолот зинапоялари сари етаклайди.
Лекин гоҳида бирор гуноҳ ишга ҳам қўл урасиз. Шунда шайтон: “Ҳайр-барака сендан узоқда, сен бахтсизликка маҳкумсан”, дея ичингизга ғулғула солади. Сиз бу шайтоний васвасаларга таслим бўлманг! Одам боласи хатокор эканини ҳамда хатокорларнинг энг яхшилари тавба қилувчилар эканини эсланг. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 201-оятида: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар”, дея марҳамат қилади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
1. Шайтон инсонларнинг қўлидаги нарсага таъмагирлик қилишга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъдасини эсланг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).
2. Шайтон узун орзулар қилишга васваса қилиб, ўлимни унуттиради.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир (Луқмон сураси, 34-оят).
3. Шайтон бу дунёни ўйин-кулгу, маишат билан ўтказишга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “(Эй, Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр сураси, 3-оят).
4. Шайтон инсонлардан умидвор бўлишга, уларга суянишга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар...” (Талоқ сураси, 2-3 – оятлар).
5. Шайтон мусулмонлар устидан мазах қилишга, уларни камситишга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Ҳолбуки, куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” (Мунофиқун, 8-оят).
6. Шайтон обрў-эътибор қозониш, одамларнинг олқишларига учишга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “(Эй, Муҳаммад!) Роббингизнинг раҳматини (пайғамбарликни) улар тақсимлайдиларми?! Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйин сундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз. Роббингизнинг раҳмати эса улар тўплайдиган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Зуҳруф сураси, 32-оят).
7. Шайтон зиқналик қилишга, мол-дунё тўплашга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 96-оят).
8. Шайтон ғурурга кетишга, бошқаларни паст санашга васваса қилади.
Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир..." (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўли – ҳидоятида собит қадам қилсин. Шайтон васвасасидан ўз паноҳида сақласин.
Даврон НУРМУҲАММАД