Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Инсоният азал-азалдан жамоа бўлиб яшаб келган. Ҳар бир инсон бошқалар билан ҳамкорликда ҳаёт кечириши, мулоқот қилиши ва муносабат ўрнатиши табиий ҳодисадир. Дини, ирқи, миллати ёки тилидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўзининг бошқа биродарлари билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга муҳтож. Ислом таълимотида барча инсонлар Одам Ато (а.с.) ва Ҳавво (а.с.)нинг фарзандлари эканлиги таъкидланади, бу эса улар ўртасида биродарлик алоқаларининг табиийлигини кўрсатади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Бу оятда инсонларнинг хилма-хиллиги табиий бир ҳикмат эканлиги ва бу фарқлар фитратга зид эмаслиги баён этилмоқда. Шунинг учун ҳар бир инсон, у қайси дин ва миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, инсонийлик жиҳатидан ҳурматга лойиқдир.
Ислом дини инсонларни ўзаро биродар деб билади ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўз ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қиладилар: "Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўрмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳақиқий иймон соҳиблари нафақат ўзлари учун, балки бошқа инсонлар учун ҳам яхшилик тилашлари керак. Агар инсоният ўзаро муҳаббат, тинчлик ва бағрикенгликка асосланган муносабат ўрнатса, дунёда фитна-фасод, адоват ва урушлар камаяди.
Ислом дини бошқа дин вакиллари билан билан тинчлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатда бўлишга буюради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларида у ердаги турли дин вакиллари – мусулмонлар, яҳудийлар ва бошқа диний гуруҳлар билан тинч-тотув яшаш учун "Мадина ҳужжати" деб номланган шартномани имзолаганлар. Бу ҳужжат мусулмонлар ва бошқа диний гуруҳлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солган. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинган:
لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳина сураси, 8-оят).
Бу оятдан кўриниб турибдики, мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан адолат ва яхшилик асосида муомала қилишлари керак.
Ислом дини таълимотида динлараро мулоқот ва ҳамкорлик қуйидаги асосларга таяниши баён этилган:
1.Ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик – Ҳар бир инсон ўз динига амал қилиш ҳуқуқига эга. Айни пайтда ўзгаларни динга мажбурлаш мумкин эмас. Қуръонда шундай дейилади:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди” (Бақара сураси, 256-оят).
2.Адолат ва тенглик – Барча инсонларга адолатли муносабат кўрсатилиши лозим. Қуръони каримда айтилади:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا
“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
3.Дўстона мулоқот ва ҳамкорлик – Дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш учун динлар ўртасида мулоқот бўлиши зарур. Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) насронийлар билан ҳурмат асосида дўстона муносабат қилганлар. Нажрон насронийлари билан мулоқотда бўлиб, уларга ҳимоя ва кафолат берганлар. Шунингдек, Халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) Қуддусга кирганларида насронийларнинг ибодатхоналарини ҳурмат қилиб, уларни ҳимоя қилишга ваъда берганлар.
Маълумки, 2019 йил 4 февральда Папа Франциск ва Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Мҳаммад Тоййиб Абу-Дабида "Инсоний биродарлик ҳужжати"ни имзолаб, динлараро ҳамкорликни тарғиб қилдилар. Турли халқаро ташкилотлар ва давлатлар диний бағрикенглик ва ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Буларнинг барчаси, ҳозирги замонда ҳам дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш учун динлараро мулоқот нақадар зарур эканлигини кўрсатмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонларни тинчлик ишига ёппасига киришишга чақирган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).
Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот нафақат ахлоқий, балки диний бурч ҳамдир. Барча инсонлар тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга интилиши, бир-бирини ҳурмат қилиши ва адолатли муносабатда бўлиши керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари
Ҳомиджон қори Ишматбеков
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.
Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз!
Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон туманидаги
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби