Республикамизнинг барча ҳудудларида отинойилар ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш юзасидан давомли тадбирлар ўтказишмоқда.
Ўтган ҳафта давомида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича 220 та, эрта турмуш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш мақсадида 226 та, тўй, маърака-маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича 346 та, бидъат-хурофотларга қарши курашиш бўйича 260 та, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича 264 та оила билан суҳбатлашилди.
Моддий-маънавий кўмакка муҳтож 130 та хонадонга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа ҳадялар улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кеча «Hilol Nashr» нашриётининг мажлислар залида янги чоп этилган таровеҳ мусҳафининг (https://hilolnashr.uz/taroveh-musxafi-27-29) тақдимоти ўтказилди. Тадбирда китобни нашрга тайёрлаган устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қори, Абдулҳаким қори Матқулов ва бир қанча қорилар меҳмон бўлдилар.
Суҳбат аввалида устоз Эркин Малик Ҳасанхон Яҳё Абдулмажидни янги китоб билан табриклаб, тадбирни очиб бердилар. Кейин эса Ҳасанхон қори Қуръони Каримнинг мусҳаф ҳолига келтирилиши, жуз, ҳизб каби қисмларга бўлиниши, таровеҳ мусҳафининг тайёрланиш жараёни ва унда ишлатилган белгилар ҳақида сўзлаб бердилар.
Сўнг анъанага кўра, китобхонлар билан савол-жавоб ўтказилиб, тўғри жавоб топганларга тақдимоти бўлаётган китоб − таровеҳ мусҳафи ҳадя қилинди.
Кейин Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид навбатдаги хушхабар − quran.uz саҳифасидаги ўн қироат бўйича янгилик билан ўртоқлашдилар. Эндиликда ушбу саҳифа орқали Қуръони каримни 10 хил қироат ва 20 хил ривоятда ўқиш ва тинглаш мумкинлигини тақдимот ёрдамида тушунтириб бердилар.
Сўнг устоз қорилардан Абдулҳаким Матқулов Ҳасанхон Яҳё Абдулмажидни мусҳафнинг янги нашри билан қутлаб, келгуси илмий фаолиятларига барака тиладилар.
Келган меҳмонларга нашриётнинг эсдалик совғалари улашилди.
Аҳмад Ризо қори ва Абдулбосит қори Қобиловнинг тиловатлари ҳамда Абдулҳаким қори Матқуловнинг хайрли дуолари билан тадбир ниҳоясига етди.
@hilolnashr