Бугун Малайзия Ислом санъати музейида икки томонлама маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ислом цивилизациясини ўрганишда илмий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган "Маданий мерос: Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўприк" мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда Малайзиянинг энг йирик "Ал-Бухорий" жамғармаси, Малайзия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Исломни англаш институти, Малайзия Ислом маданияти институти, Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти, Ислом фанлари университети, Халқаро ислом университети ҳамда бошқа етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақдим этилди. Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий марказлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар эътиборига ушбу илмий муассасалар фаолиятига бағишланган махсус ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Шунингдек, Малайзия илмий жамоатчилигига Ўзбекистон Президентининг "Малайзия ислом санъати музейи" китоб-альбомига ёзган сўзбошиси тақдим этилди.
Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти билан танишган давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг ушбу марказни ташкил этиш ташаббусини юқори баҳоладилар. Олимлар мазкур лойиҳа ёшларни маърифатпарварлик руҳида тарбиялаш ва тинчликсевар ислом қадриятларини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Тадбир доирасида махсус декларация ҳам қабул қилинди. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказида халқаро олимлар ва тадқиқотчиларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди. Ушбу муҳим қадам ислом мероси йўналишидаги етакчи мутахассислар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Марказ музейини бойитиш, шунингдек, Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.
Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти (Малайзия) Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Давра суҳбатининг асосий қарорларидан бири икки мамлакатнинг ислом цивилизациясини ўрганишга ихтисослашган етакчи тадқиқотчилари ва экспертларини бирлаштирадиган қўшма Ўзбекистон-Малайзия илмий жамиятини ташкил этиш бўлди.
Ташкилотга Ўзбекистон томонидан Ислом цивилизацияси маркази, Малайзия томонидан эса Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти раҳбарлик қилади. Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши арафасида бўлиб ўтади. Жамиятнинг асосий вазифаларига қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва нашрлар, таълим ва маданий ташаббусларни ташкил этиш, академик тажриба ва ресурслар алмашиш, шунингдек, ислом мероси масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш киради. Жамиятнинг кординаторлари этиб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори – доктор Фирдавс Абдухолиқов ва Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти директори – доктор Абдулазиз Бергут сайланди.
Ўзбекистон Президентининг ислом маданиятини асраб-авайлаш ва буюк алломалар меросини ўрганишга қўшган ҳиссасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Малайзия томони ўзбекистонлик тадқиқотчиларга 100 000 дан ортиқ қўлёзма ва нодир нашрлардан электрон фойдаланиш имконини берувчи махсус сертификат тақдим этди. Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти кутубхонасининг сертификати ва рақамли калити Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларига ҳам рухсат берилди.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон томони икки томонлама илмий, таълим ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро марказлар ўртасида радикализмнинг олдини олиш бўйича махсус дастур доирасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш таклиф этилди. Маданият соҳасидаги ташаббуслар Малайзия Ислом санъати музейида Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлари ва топилмаларига бағишланган фотокўргазма ташкил этишни, шунингдек, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан танишиш мақсадида Малайзиянинг диний ва таълим ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва жамоат арбоблари учун Ўзбекистон бўйлаб медиатур ўтказишни ўз ичига олади. Таълим соҳасида малайзиялик олимларни Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендиялар дастурларига жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Малайзия халқаро ислом университети ўртасида қўшма таълим дастурини ишлаб чиқиш, жумладан, Visiting Professor дастури бўйича ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг Малайзия олий ўқув юртларида иштирокини таъминлаш таклиф қилинди. Илмий соҳада Малайзия Ислом маданияти институти ва Имом Бухорий номидаги марказ ўртасида мусулмон олимларининг тиббиёт соҳасидаги илмий меросини ўрганиш ва қайта тиклаш ҳамда Имом Бухорий меросини тадқиқ этиш таклиф этилди. Бундан ташқари, маънавий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида малайзиялик диндорларга Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконини берувчи "Умра плюс" махсус зиёрат дастурини ишга тушириш таклиф этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) ҳамда Ўзбекистон илмий марказлари томонидан нашр этилган китоблар ва факсимиле нашрларнинг ноёб кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тақдим этилган нашрлар давра суҳбати иштирокчиларининг чуқур қизиқишини уйғотди. Илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш рамзи сифатида китоблар тўплами Малайзиянинг ҳамкор ташкилотлари кутубхоналарига, жумладан, Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти, Малайзия Ислом маданияти институти ва бошқа муассасаларга совға қилинди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар Малайзия Ислом санъати музейидаги ўзбек маданий мероси экспозициясини зиёрат қилишди. Тадбир меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой меросини акс эттирувчи ноёб тарихий ашёлар билан танишиб, музейнинг доимий экспозициясини ҳам кўздан кечиришди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) томонидан нашр этилган "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумининг 58-жилди айнан Малайзия Ислом санъати музейи тўпламларига бағишланган.
Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати
Қуръони карим мўмин бандалар учун дунё ва охират саодатига эришиш манбаидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси 185-оят).
Бу маънодаги оятлар Қуръони каримда жуда кўп: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир” (Бақара сураси, 2-оят).
“Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).
Шу боис Қуръони Каримни ўқиб, унга амал қилган банда бахт-саодатли ҳаёт кечириб, Яратганнинг розилигига эришади, иншaаллоҳ.
Қуръондаги огоҳлантириш ва эслатмалар баъзан жуда қисқа туюлса-да, мулоҳаза қилган сари маъноси кенгайиб бораверади. Бир жумлада бир-бирига алоқаси бўлмаган ҳолатлар келтирилгандек кўринса ҳам аслида уларнинг ўзаро боғлиқлиги борлигини англай олмаймиз.
Жумладан, ушбу оятдаги адолатли бўлиш, яхшилик қилиш, яқинларга ёрдамлашишнинг бир ўринда келиши уларнинг бир-бири билан боғлиқ эканини англатади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз” (Наҳл сураси, 90-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган”, деганлар.
Аллоҳ буюрган адолат – исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир.
Бу – душманга нисбатан ҳам адолатли бўлиш, демакдир. Бу ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади.
Бу эса унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди. Аммо иймон – Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида ушбу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар. Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сон-саноқсиз ўлиб, бу ерда улардан биргинасини келтирамиз:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, бу ишда ўз фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб: Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зотнинг олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди, – дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланиб: Ўзи осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу, – дейишган.
Аллоҳ учун бундай соф адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима бизга шуни ўргатади: «Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир».
Қалбида тақвоси бор инсоннинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси унинг соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади.
Инсон ҳар бир ҳолатида адолатли бўлмаса, қиёматда яхшиликлардан маҳрум қолади. Натижада зулм қилиб, бошқалар ҳақини ноҳақ егани сабаб азобланиши мумкин. Бу тўғрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.
Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда уч хислат бўлса, унга Довуд (алайҳиссалом)га берилган яхшилик ато этилибди: ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлиш; камбағаллик вақтида ҳам ва бойлик вақтида ҳам ўртача бўлиш, пинҳон ва ошкор ҳолда ҳам бирдек Аллоҳдан қўрқиш”, деганлар (Ҳаким Термизий ривояти).
Довуд алайҳиссаломга берилган нарса, Қуръони каримда хабар берилганидек, шукрдир. Демак, ушбу сифатларга эга бўлган киши Довуд алайҳиссалом каби шукр қилган бўлади.
Албатта , Аллоҳ эзгу ишларга буюради...
Бутун оламнинг Парвардигори карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради.
“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида эҳсон ва яхшилик қилишликка буюргандир. Иброхим сурасининг 31-оятида шундай мархамат қилади:
“(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”
Аллоҳ таоло эҳсон қилишга буюрган экан бу фақат моддий нарсаларда бўладими? Ундай бўлса жаннатга фақатгина бойлар кирадику? деган саволлар пайдо бўлади.
Йўқ! хайр-эҳсон қилиш фақатгина бирор нарсасини бошқа бир кишига беришдан иборат эмас. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳам-эҳсон, бировни кечириш ҳам-эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, хаттоки бировга яхши муомалада бўлиш ҳам эҳсондир.
Демак, эҳсонни бой ёки камбағал бўлишидан қатъий назар хар қандай одам қила олиши мумкин.
Манбаларда келишича, Абдуллоҳ ибн Муборак оддий бир боғбоннинг ўғли бўлиб, ўзининг саъй-харакатлари ва меҳнатининг эвазига жуда бой-бадавлат бўлган экан. У зот ақлли, диёнатли зуҳду тақвога таянган, сермулохаза, охиратни ўйлаб иш кўрадиган инсон бўлиб, унинг мақсади молу-дунёсини Аллоҳ розилигида хайрия ишлар ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Улар доимо атрофдагиларга, кўшниларга, етимларга, ночорларга, камбағал ва мискинларга ёрдам берардилар.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг бир яхудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан аввал камбағал қўшниларининг болаларига таом берар, фарзандларини кийинтирмасдан олдин яхудий қўшниларининг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: “Ховлингни бизга сот”, дейишди.
Шунда яҳудий: “Ховлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор, кейинги минг динор эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун”, деди. Кейинчалик ўша яҳудий қўшнилари Абдуллоҳнинг дуолари билан мусулмон бўлди.
Бир куни Ибн Муборакдан бир гадой пул сўраган эди, у бир дирҳам эҳсон қилди. Шунда унинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалужаз (ширинлик) каби таомлар истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берса ҳам кифоя қиларди”, дейишди. Шунда Ибн Муборак: “Худо ҳаққи, улар кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, башарти улар фалужаз ва гўшт ер эканлар, унда уларга бир дирхам етмас экан”, дейди ва хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгинда, унга ўн дирхам бер”, дея амр қилади.
Дунёдан ўтган аждодларимиз қилган бундай яхшиликлар, садақотлар, хайрли амаллар бугун барчамиз учун ибрат ва дастурул амал бўлиши керак.
Дунёда нафас олиб турибмиз экан хаёлимиз, фикримиз ва зикримиз яхшилик қилиш бўлиш керак.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам) дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқинг! Шунингдек, ўрталарингдаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш) дан қўрқинг! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир» (Нисо, 1).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан асари қолишини яхши кўрса, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Демак, қариндош-уруғларга яхшилик, ёрдам ва хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини Аллоҳ таоло кенгайтириб қўяди. Шу билан бирга вафотидан кейин яхши ном ва хотира қолади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Силаи) раҳм Раҳмон (исми)нинг бир бўлагидир, Аллоҳ (раҳмга) деди: Ким сени (маҳкам ушлаб) боғласа, мен ҳам унга (алоқамни) боғлайман, ким сени узса, мен ҳам ундан (алоқамни) узаман”, деб хабар берганлар (Имом Бухорий ривояти).
Адолатнинг фойдаларидан:
1. Адолат жамиятда бақарорликни таъминлашга хизмат қилади.
2. Адолат жамиятда хотиржамликни таъминлашда хизмат қилади.
3. Адолат мулкнинг барлавомлигидир.
4. Адолат Аллоҳ таолонинг розилигига эриштиради.
5. Адолат халойиқнинг розилигига эриштиради.
6. Адолат одамларни ўз эгасининг ёмонлигидан сақлайди.
7. Адолат соҳиблари барча яхшиликка эришадилар.
8. Адолат кўпгина хайрли ишалар ва тоатларнинг ўрнини босади.
9. Адолат Исломда комил ва шомилдир.
10. Адолат жаннатга элтувчи йўлдир.
Мўмин-мусулмон одам ўзига, қўл остидагиларга, оила аъзоларига, барча инсонларга ва махлуқотларга нисбатан адолатли бўлишга ҳаракат қилмоғи матлубдир. Бунинг учун у адолатга ундовчи оят ва ҳадисларни тез – тез ўқиб, ўрганиб туриши лозим. Адолат ҳақидаги қиссалардан баҳраманд бўлиб туриши керак. Адолатнинг фойдалари ва адолатсизликнинг зарарларини эсга олиб туриши зарур.
Манбалар асосида “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.