«Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билуб, иқрор қилуб тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроғи йўқдур. Мўмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутиб ибодат қилган кишилар даражасига етар”, демишлар».
Абдулла АВЛОНИЙ
Фарзанд тарбияси бугун ҳар бир ота-она учун, ўқитувчилар учун жуда оғриқли масала. Чунки уларнинг одоб-ахлоқи, дарсларни ўзлаштириши қониқарли эмас. Юнусобод туманидаги 117-ўрта мактаб ўқитувчиси Сумбула АЛМАНОВА бунинг сабаблари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Бугун юртимиздаги ҳар бир мактабнинг ўзига хос муҳити бор. Таълим жараёнлари ҳам, болаларнинг юриш-туриши, ўзлаштиришлари ҳам турлича. Ўқувчиларнинг хулқида кўзга ташланаётган умумий иллатлар жамиятимиз олдида турган катта муаммодир. Зеро, биргина беадаб ўқувчи бутун синф муҳитига таъсир қилади.
Эрталаб яхши кайфиятда дарсга келасиз. Биринчи соатдан одобсиз ўқувчи сизни беҳурмат қилса, қолган дарсларни қандай ўтиш мумкин?! Синфда шунақа болалардан бир нечаси бўлса-чи? Дарс тарбиявий соатга айланиб кетмайдими? Афсус, бугун кўплаб ўқитувчилар иш кунини шу тарзда бошламоқда.
Баъзи ўқувчилар дарсларга мутлақо эътиборсиз. Мактабга фақат давомат учун келади. Дарсларни ўзлаштирмаслиги оддий ҳолга айланган. Айрим юқори синф ўқувчилари ҳижжалаб ўқиб турса, бу менга фожиа бўлиб кўринади. Аксар ўқувчиларнинг фикру зикри қўл телефонида. Камсонли ўқувчиларгина қаноатли. Қолганларида доимий норозилик кайфияти устун бўлади.
Яна бир жуда оғриқли нуқта – бу ўқувчиларнинг ибо-ҳаё масаласи. Шундай муаммога йўлиққан ўқувчига ахлоқдан сўз очсангиз, сизга “ақл” ўргатади.
Афсуски, кейинги пайтда ота-оналарнинг мактаб ишига аралашиши кўп учрайди. Фарзанди яхши ўқимаса, дарсларга қизиқмаса ҳам, ўқитувчиларни айбдор қилишади. Боласи ножўя иш қилса-да, ёнини олади. Шундай қилиб, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жарлик пайдо бўлмоқда. Аслида устоз ва ота-онанинг мақсади бир бўлиши лозим!
Бу муаммоларнинг ечими, дарднинг давоси тарбия ишидир. Бола ота-она, бобо-бувилар қўлида улғаяди. Ҳозир-чи? Тан олиш керак, кўпчиликнинг фарзандлари телевизору телефон билан кун ўтказмоқда. Ота-оналар эса бунга бефарқ. Ҳолбуки, болалар, аввало, оилада тўғри тарбияланиши лозим, Таълим масканлари ота-онага ёрдамчи бўлади, холос. Таълим дарсликларида тарбияга оид ўқув дастурларимиз бор. Лекин унинг пойдевори оилада бўлиши керак. Ўқитувчига ортиқча масъулиятни юкламаслик керак. Чунки фарзанд учун биринчи галда ота-она масъул. Шунинг учун ота-оналар фарзандини ўқишга қизиқтириши, уни тинглаши, дарсларни ўзлаштиришига ёрдам бериши зарур. Шундагина ундан бирор яхшилик кутиш мумкин. Ўқувчи дарсни ўз вақтида ўзлаштира олмаса, орқада қолиб кетади. Бора-бора дарсга умуман қизиқмай қолади.
Демак, ота-оналар фарзандларининг тарбиясини яхшилаши, дарсларни қандай ўзлаштираётгани билан ҳар куни қизиқиши, ҳеч бўлмаганда смартфонларда нималар кўраётгани, қанча вақтини унга сарфлаётганини назорат қилиши лозим. Ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш, мутолаа маданиятини шакллантириш олдимизда турган бирдек муҳим вазифадир.
Бобур МУҲАММАД ёзиб олди.
"Ҳидоят" журналининг 2-сонидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сабаблари кўп...
Нега эркаклар ўз жонига қасд қилишмоқда? Оила бошлиғининг ҳаётдан тўйишига сабаб нима? Баъзилар уни оилавий можаролар билан боғлайди. Афсуски сабаб фақат шу эмас, унинг омиллари жуда кўп.
Бутун дунёдаги ҳолат шу...
Дунёдаги барча ўз жонига қасд қилишларнинг тўртдан уч қисми эркаклар ўртасида содир бўлмоқда. Афсуски, юртимизда ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ эркаклар билан юз бермоқда, яъни аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ суицидга қўл урмоқда.
Муаммонинг илдизи қаерда?
Асосий сабаб – оиладаги нотўғри тарбияга бориб тақалади. Фарзанд тарбиясига бефарқ, ҳар куни уруш-жанжал, ичкиликбозлик бўладиган оилаларда улғайганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.
Бола тарбияси учун фақат Она масъул(ми)...
Афсуски аксар оилаларда фарзанд тарбияси билан фақат оналар шуғулланади ва шунга масъул саналадилар. Барча машаққатлар ожизалар зиммасига юкланади. Отанинг вазифаси эса пул топиш, рўзғорни бус-бутун қилиш, хуллас оилани фақат моддий тарафдан таъминлаши керак деган нотўғри тушунча кенг тарқалган.
Агар фарзанд ота меҳри ва эътиборисиз улғайса....
Ўғил боланинг эркаклик фазилатларининг шаклланишида отанинг ўрни беқиёс. Чунки ҳар бир ўғил бола ўз отасини қаҳрамон деб билади. Фарзанд учун ҳаётидаги энг мукаммал инсон бу унинг отасидир.
Ҳаётидаги қаҳрамонидан намуна олмаган фарзанд жамиятда ўз ўрнини топишга, мақсад сари интилишга, машаққатларни енгиб ўтишга, синовларда сабрли ва иродали бўлишга қийналади. Бундай вазиятлардан қандай қутилишни, мусибатлани енгишни, кимдан маслаҳат олишни ёки кимга эргашишни билмай қолади.
Оғир кунларда яқинларининг, хусусан, отасининг қўллаб-қувватлашини, далда бўлишини, тасалли беришини, ишончини кутади. Афсуски бу бўшлиқ айрим оталар томонидан тўлдирилмайди.
“Кучли портлаш”га олиб келади
Аксинча жуда кўп оталар фарзандига берадиган ягона тасаллиси: “сен ўғил боласан”, “ўғил бола йиғламайди”, бўлади. Наҳотки, ўғил бола йиғламаса ёки унга йиғлаш мумкинмас бўлса?
Йўқ, асло. Аслида ўғил бола ҳам ўз муаммолари ёки ҳиссиётлари сабабли йиғлаши мумкин. Аксинча кечинмаларни ичга ютиш бир кун келиб “кучли портлаш”ларга сабаб бўлади. Шу тариқа муаммолар бартараф этилишининг ўрнига, фарзанд ўз ёғига янада баттар қовурилади.
“Жонимга тегди”
Эркак киши бир кунда ўз жонига қасд қилиш қарорига келмайди. У ёшликдан муаммолар гирдобидан чиқа олмаган, ўзини ҳатто ота-онасига ҳам керакли деб ҳис қилмаган бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини топишга, муаммоларини ечишга ҳаракат қилади. Аммо ҳеч кимдан далда топа олмаганидан кейин шу қарорга келади. Унгача анча босқичларни босиб ўтган, лекин ҳеч ким унга эътибор бермаган бўлади. “Ҳаммаси жонимга тегди”, “Яшагим келмаяпти”, “Эплолмаяпман” деган гапларини эса афсуски яқинлари “эшитмаган” бўлишади.
Тушкунлик – ташвиш келтиради
Шу тариқа эркак киши муаммолар, мусибатлар ёки қийинчиликларининг ечимини топа олмай ичини кемиради. Биров уни эшитмайди ёки тасалли бермайди. Натижада яна бир ташвиш – касалликка чалинади.
Ўлим – сўнгги чора эмас
Оғир вазиятларда муаммолар ечимсиз туюлади. Бундай ҳолатда баъзилар муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилмайди, балки муаммони оғирлаштирни ўйлайди. Масалан, қарзга ботган ёки иши юришмай турган бўлиши мумкин. Айримлар ушбу муаммоларнинг “ечими”ни – ўлим деб билишади.
Мусибатлар ҳеч кимни четлаб ўтмайди, аяб ўтирмайди ҳам...
Ҳамма гап унга муносабатда, уни қандай қабул қилишда. Сиз учун дунё зимзиё, қоронғими? Сабрли бўлинг, тонг отишига оз қолди, қуёш ҳам ҳадемай чарақлаб чиқади!
Қарзга ёки ғамга ботган бўлсангиз
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига: “Аллоҳ ғамларингни кетказадиган ва қарзларингни узадиган калималарни ўргатиб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули!” деди у. Набий алайҳиссалом: “Тонг отганда ва кеч кирганда: Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман, дегин”, дедилар.
Барча муаммолар ечими, барака калити
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар.
Ҳали ҳаммаси яхши бўлади...
Агар солиҳларнинг амал қилишида беллаша олмасангиз, гуноҳкорларнинг истиғфор айтишида мусобақалашинг! Шунда ҳаммаси яхши бўлади, инша Аллоҳ.
Даврон НУРМУҲАММАД