Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳанафий мазҳабимизда намозга киришда қўл қулоқ баробарида кўтарилади. Бошқа мазҳаб соҳиблари наздида эса қўл елка баробарида кўтарилади. Бунга улар бир қанча ҳадисларни далил қилишган. Ҳусусан, Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кирганларида, қўлларини елка баробарида кўтарганларини кўрдим", дедилар. Бу ва шунга ўхшаш ривоятларни ҳужжат қилиб, имомлар Молик, Шофеий ва Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Намозга кирганда қўллар елка баробарида кўтарилади”, дейишади.
Ҳанафий уламолари бунга кўплаб ҳадисларни ҳужжат қилиб келтиришади. Жумладан, Абу Довуд Сунанида келтиради. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кириш учун такбир айтсалар қўлларини то қулоқларининг юмшоғига яқин бўлгунча кўтарардилар”. Абдурраззоқ, Ҳумайдий, Имом Аҳмад, Бухорий ва Дорақутний ҳам шунга ўхшаш ривоят қилишган.
Уч мазҳаб соҳибларининг далилларига эса бирқанча жавоблар беришган:
1. Қўлни елка баробарида бўлиши қулоқ баробарида кўтаришни инкор қилмайди. Чунки кафт қулоқ баробарида бўлса, қўлнинг бир қисми елка баробарида бўлади. Буни Абу Довуднинг сунанларида келган ҳадис қўллаб қувватлайди.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турганларида, қўлларини елкагача кўтариб, бош бармоқларини қулоқлари баробар қилиб сўнг такбир айтганларини кўрганман.
2. Қўлларини елка баробарида кўтарганликларига, совуқ сабабли устларидаги кийимдан қўлларни қулоқ баробаригача чиқариш имконсизлиги сабаб бўлган. Шунинг учун қўлларни елка баробар кўтаришларига тўғри келган. Бунга ҳам Абу Довуднинг Сунанида келган ҳадис далил бўлади:
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кирганларида қўлларини қулоқ баробарида кўтарганликларини кўрдим”. Бир муддатдан сўнг уларнинг (саҳобаларнинг) ҳузурига келдим. Намозга киришишда устларида бурнус ва кийимлари бўлган ҳолда қўлларини кўксилари баробарида кўтаришарди”.
Изоҳ: Бурнус – пахтадан бўлган узун либос.
Ҳадисдан кўриниб турибдики, қўлларнинг қулоқ баробар кўтарилмаслигининг сабаби устларидаги либослар бўлган. Бу борада келган ҳадисларни ана шундай жамлаш мумкин. Қоида борки, ҳадисларнинг барчасига жамлаб амал қилиш имкони бўлса, ҳаммасига амал қилиш: бирини олиб бошқасини тарк қилгандан авлороқдир. Шунинг учун ҳанафий уламоларимиз ҳадисларни жамлаш йўлига юрганлар.
Қиёс жиҳатидан олиб қарасак ҳам бу тўғри бўлади, чунки намоз олдидан қўлларни кўтариш намозга киришганлигини билдириш учун қилинади. Ҳатто орқада кар киши турган бўлса ҳам имомнинг намозга киришганлигини билиш имкони бўлиши керак. Бу эса қўллар қулоқ баробарида кўтарилгандагина яққол кўринади. Шу ва бунга ўхшаш кўплаб далилларни ҳанафийлар ҳужжат қилиб бу масалада қўллар қулоқ баробарида бўлишини ихтиёр қилишган ва бу Ато ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим Нахаий, Абу Майсара, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Моликийдан бир жамоасининг ҳам мазҳабидир.
Жавоҳир Исомиддинов,
Ҳадис илми мактаби талабаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рўза тутиш инсоннинг қандли диабет касалига чалинмаслигига сабаб бўлади. Доктор Аҳмад Фанжарий айтади: “Рўза тутганда қондаги қанд(шакар) миқдори энг паст даражагача тушади. Бу эса ошқозон ости бези фаолиятини меъёрига келтиради. Маълумки, ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаради. Бу қанд моддасини тиндириб ёғга айлантиради ва тўқималарда тўплайди. Агар ортиқча овқат истеъмол қилинса, ошқозон ости бези фаолияти бузилиб, ўз вазифасини бажара олмайди. Натижада, қондаги қанд миқдори ортиб, вақт ўтган сари қандли диабет касаллигини пайдо қилади. Ошқозон ости безининг меъёрда ишлаши ва қандли диабет касаллигининг олдини олинишида рўзанинг ўрни беқиёсдир”.
Рўза тутиш билан қон ва теридаги сув миқдори камаяди. Натижада:
Тиббиёт мутахассислари тадқиқотлар натижасида рўзанинг “Экзема”(тери касаллиги, терида пуфакчалар ҳосил бўлиши, қўтир-қўтир ва катта-кичик пўст пайдо бўлиши билан кечади) ва “Подагра”(моддалар алмашинуви бузилганда учрайдиган касаллик. Бу касаллик кўп овқатланиш ва вазн ортиб кетиши туфайли келиб чиқади) касалликларига энг яхши муолажа бўлишини аниқлаганлар.
Даврон НУРМУҲАММАД