Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Феврал, 2025   |   27 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:02
Пешин
12:41
Аср
16:26
Шом
18:13
Хуфтон
19:26
Bismillah
26 Феврал, 2025, 27 Шаъбон, 1446

Ватанни севмоқ иймондандир

12.02.2025   6038   8 min.
Ватанни севмоқ иймондандир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортуқ суяр. Ҳатго бу ватан ҳисси туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан — уюридан айирилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар.

Биз туркистонлилар ўз ватанимизни жонимиздан ортуқ суйдиғимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимўлар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларин ташлаб ҳижрат қилурлар эди. Боболаримиз: «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл», демишлар (Абдулла Авлоний. Танланган асарлар).

Шариат манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган. Агар душман бостириб келса, аёл киши ўз эридан, қул ўз хожасидан изн сўраб ўтирмасдан жангга чиқиб кетавериши мумкин. Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб, уни ҳимоя қилмаслик оғир гуноҳ экани юқорида келтирилган фикрлардан далолатдир.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, деганлар.

Динимиз таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган.

Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Ҳар бир инсон ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”, деган.

Ҳукамолардан бири: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деган.

Уламолардан бири: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”, деган экан.

Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиши ватанпарварлик  ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривояти).

Инсон ўз Ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – динимиздаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир! Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг зиёдасига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.

Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси барча махлуқотларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя ҳам қилади.

Шундай экан, ақлу заковат ва тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим. Бу борада Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, ватандан кетганда уни соғиниш, ватан камситилганда ғазабланиш, ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир”, деган экан.

Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли, киндик қони тўкилган жой ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган инсон энг оғир дамларда уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага кўчиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, ўз ватани Маккаи мукаррамага қараб: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:

1. Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш.
2. Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш.
3. Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.

Демак, инсон ўзи туғилиб ўсган ватанини қадрига етиши, ҳаққига дуо қилиши ва ободлигига ҳисса қўшиши билан бирга биринчи ватани бўлмиш – жаннатга бориш сабаб ва омилларини бажариб, уларни унутмаслиги зарур. Чунки Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мирқотул мафотиҳ” китобларида: “Инсоннинг биринчи ватани – жаннат” деганлар. Зеро, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз биринчи жаннатда яшаганлар ва ундан маълум сабабларга кўра тушурилганлар.

Биз ҳаётимиз давомида дунёдаги Ватанимизни обод қилиш билан бирга, охиратдаги ватанимизга ҳам захира қилиб боришимиз даркор. Маҳмудхўжа Беҳбудий: Ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиротда маълум бўлур. Ҳақиқатан, ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ва ўлғунча айрилмасға керакдур”, деган эди.

Халқимизнинг ҳам кўп минг йиллик тарихи аждодларимизнинг юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида юксак матонат ва мардлик намуналарини кўрсатганлар. Улар аҳамонийлар, македонияликлар, араблар, мўғуллар ва кейинчалик Чор Россияси босқинлари чоғида ёвга қарши курашда кўрсатган жасурлиги ва мардлиги ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Аёл бўлишига қарамай малика Тўмарис Ватан учун жангга кириб босқинчиларни тор-мор қилгани, Широқ кучли ақл-идроки ва ботирлиги билан душман қўшинларини сувсиз чўлу биёбонларда маҳф этгани, Спитамен бошчилигида юрт мудофаасига бел боғлаган аждодларимиз озодлик ва мустақилликни ҳимоя қилиб, юксак мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатганлари бизда чексиз ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ватанга бўлган меҳру муҳаббат ҳар қандай муаммони ечишга, ҳар қандай ёвуз кучни енгишга қодир. Ана шундай муҳаббат Жалолиддин Мангубердини тақдирнинг оғир зарбаларига дош беришга, метин ирода ва ҳарбий салоҳиятни намойиш этиб, чингизийлар билан муросасиз кураш олиб боришга ундаган эди.

Кубровия тариқати асосчиси Нажмиддин Кубронинг “Ё ҳаёт, ё шарафли ўлим” дея ғаним билан жангга кириб, мардларча ҳалок бўлгани эса, Ватан озодлиги, мустақиллиги, юрт тинчлиги ҳамма нарсадан улуғлигини кўрсатувчи ёрқин ҳаётий мисол бўла олади. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

Ватан ҳимояси йўлида ҳарбийларимизнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳар бир виждонли инсон  ҳақиқатни тан олиши даркорки, барчамиз хотиржам тинч ором олиб ухлаб ётганимизда, ҳарбийрлар сархадларимизни қўриқлаб, жонларини юртимиз тинчлигига фидо қилиб, қийинчилик ва машаққат билан оила яқинларидан ҳам аввал барча ватандошларимиз хавфсизлиги билан туну-кун хизматдалар. Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбий юртдошларимизни турли бало ва офатлардан, ёмон кўз ва сўзлардан Аллоҳ ўз панохида асрасин.


Дониёр НОРХЎДЖАЕВ,
Мустақил тадқиқотчи. Шарқшунос, филолог.

Бошқа мақолалар

Судхўрлик қилиб қўйманг!

26.02.2025   1486   1 min.
Судхўрлик қилиб қўйманг!

Касблар ҳақидаги Ислом таълимотлари ва кўрсатмалари жуда фойдалидир. Ризқ талабида қилинган ҳар бир меҳнат ҳам мақтовга сазовор бўлавермайди.

Агар фақат машаққат чекишнинг ўзи мақтовга сазовор иш бўлганида, ўғри ҳам, қароқчи ҳам, турли бузуқ ишлар билан машғул бўлувчи ҳам: “Мен буни топгунимча не машаққатлар чекмадим”, деб фахрланиб юрар эди. Лекин барча чекилган машаққатлар ҳам ножоизни жоиз қилиб қўёлмайди.

Шунинг учун бирор касбни танлаш ёки бирор иш билан шуғулланишдан аввал унинг шариатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ва қандай қилинса, тўғри бўлишини ўрганиш лозим. Ҳар бир касбнинг сир-асрорини, шариатдаги ҳукмини билишимиз керак.

Умар розияллоҳу анҳунинг бир сўзлари ҳам жуда машҳурдир: “Бозоримизда савдо илмини яхши билган кишигина тижорат қилсин, акс ҳолда, судхўрлик қилиб қўяди” (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳнинг одати шундайки, қайси иш Унинг буйруқларига мувофиқ қилинса, барака беради. Ҳаромдан келган молда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳам ойлик маош олиб ишлайдиган ҳамма ишчилар ойлигини қадрлашларига, “оз бўлса ҳам, бунда барака бор”, деб қўйишларига гувоҳ бўламиз.

Мусулмон қиладиган иш шариат ҳалол қилган амал бўлиши лозим. Шариат эса инсонга, жамият, ватан, атроф-муҳитга зарар етказадиган барча нарсаларни ҳаром қилган.

Шунинг учун ҳам иш танламоқчи бўлган одам аввал бу борадаги таълимотларни яхшилаб ўрганиб, билмаса, биладиганлардан сўраши, шундан кейингина иш танлаши зарур. Мана шунинг ўзи ишдаги энг катта баракадир.

"Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар" китобидан