“Дуо” арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатувчи сўз бўлиб, инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг қондирилишини сўраб Аллоҳ таолога мурожаат қилиши, Унга юксак умид ва илоҳий муҳаббат билан илтижо этиши ҳисобланади. Дуо — банданинг ўз Роббисига бўлган муҳаббатининг, иймонининг ва умидининг энг таъсирчан ифодаси бўлиб, инсоннинг қалбидаги чуқур эҳтиёж ва хоҳишларнинг Аллоҳ таолога юборилган мукаррам аризасидир.
Аллоҳ таоло Ўз каломида бандаларини дуо қилишга тарғиб қилиб бундай марҳамат қилади:
«Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан» (Ғофир сураси, 60-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларига дуо қилишни буюриб, Ўз ваъдасини аниқ баён қилган. Чунки дуо Аллоҳ билан банда ўртасидаги энг самимий ва самимиятга асосланган алоқадир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дуо ҳақида шундай марҳамат қиладилар: "Дуо қилинг, чунки дуо ибодатнинг ўзаги ва мағзидир".
Бу ҳадис инсон учун дуонинг нақадар муҳим эканлигини англатади. Дуо фақатгина сўраш ёки тиловот эмас, балки банданинг Аллоҳ таолога муҳаббат ва иймон билан юзланиши, Унинг буюклиги ва камолотини эътироф қилиши, ўзининг ожизлигини тан олиши ва Роббисига тобеликни ифодалашидир.
Дуо – қуллик мақоми
Банда дуо орқали фақат эҳтиёжларини сўрамайди. Дуо, аввало, Аллоҳ таолонинг чақириғига «Лаббайк!» деб жавоб бериш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуо ҳақидаги тавсияларини бажариш ва айни пайтда, ибодатни адо этишдир. Чунки дуо қилган инсон Аллоҳга яқинлашиш йўлини топади, қалбидаги ҳар қандай ташвишлардан қутилади ва руҳий ором топади.
Бироқ баъзан инсон дуо қилади-ю, унинг ижобати кечикканидан хафа бўлади, ҳатто дуо қилишни тўхтатиш хавфига тушади. Аммо бу — банданинг катта хатоси ҳисобланади. Дуонинг ижобати ёки кечикиши Аллоҳнинг ҳикматига боғлиқдир. Банда учун энг муҳим жиҳат — Аллоҳга дуо қилишда давом этиш ва Унга бўлган ишончини йўқотмасликдир. Чунки дуо – қулликнинг ўзи, бандалик бурчини адо этишнинг энг юксак ифодасидир.
Дуонинг ижобати ҳикмати
Тасаввуф уламоларидан бўлган Яҳё ибн Саид ал-Қаттон роҳимаҳуллоҳ бир кеча тушларида Аллоҳ таолони кўрадилар ва шундай мурожаат қиладилар:
«Аллоҳим, сенга неча марта дуо қилдим, аммо ижобат қилмадинг!»
Аллоҳ таоло шундай жавоб берган экан:
«Эй Яҳё, Мен сенинг овозингни эшитишни яхши кўраман».
Бу ҳикоя инсонга катта сабоқ беради. Аллоҳ таоло доимо бандаларининг дуоларини эшитади, уларнинг ҳар бир мурожаати Унинг ҳузурида қабул бўлади. Аммо У Зотнинг ҳикматига кўра, бандалар сўраган нарсалар ё ўша заҳоти берилади, ёки кечиктирилади, ёхуд ундан яхшироқ бир нарса билан мукофотланади.
Дуода муваффақият ва сабр
Ҳар бир дуо ибодатнинг ажралмас қисми ва қулликнинг ўзидир. Инсон дуо орқали ўзини Аллоҳнинг ҳузурида муҳтож, ожиз ва мискин эканини англайди. Шунингдек, дуо инсоннинг қалбини сукунатга, онгини равшанликка, ҳаётини баракага тўлдиради.
«Дуо қилинганида Аллоҳдан ишонч билан сўранг. Чунки Аллоҳ дуо қилувчининг илтижосини рад этмайди» деган ҳадис бу ҳақиқатни янада чуқур англатади.
Шундай экан, ҳар бир банда дуо қилишда сабрли бўлиши, Аллоҳнинг ҳикматига ишониши ва Унга бўлган муҳаббат ва иймонини мустаҳкамлаши керак. Дуо – инсон ва унинг Роббиси ўртасидаги энг гўзал ва самимий алоқадир.
Дуо билан ҳаётингизда бардавом барака ва сукунат бўлсин.
Акмалжон Раҳмонов,
Модуль таълим тизими талабаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир оқшом Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ масжидга кирдилар. У киши билан бирга аскарлари ҳам бор эди. Йўлда ўтирган кишига туртилиб қоқилиб кетдилар. У зот Умар ибн Абдулазизга карата: “Нима бало, кўрмисан?!” – дедилар. Умар ибн Абдулазиз: “Йўқ”, деди. Қўриқчилар уни уришга шайланишди. Умар ибн Абдулазиз уларни қайтарганича: “Мендан савол сўради, мен жавоб бердим”, деди ва бунга аччиқланмади ҳам, уни жазолагани ҳам йўқ, аксинча, уни кечириб, ишни босди-босди қилиб юборди.
Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни биров ҳақорат қилди. У зот бўлса ходимини чақиртириб: “Бу кишидан сўранг-чи, бирорта иши бўлса битириб берайлик”, дедилар. Шунда ҳалиги одам бошини қуйи солиб, уялиб қолди.
Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг дарс ҳалқаларида ўтирган бир одам у зотни сўкди. Имом унга қарамади ҳам, гапини ҳам бўлгани йўқ. Атрофидагиларни ҳам уни қувиб-солишларига рухсат бермадилар. Аксинча, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мажлисни якунлаб ҳовлига чиқдилар ва бояги кишига: “Бу менинг ҳовлим, агар чаласи қолган бўлса, бемалол давом этинг, яна ичингизда қолиб кетмасин”, дедилар. Киши уялганича узр сўраб кетди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биров сизда маълум бўлган айб билан айблаб, сизни сўкса, сиз уни ўзингиз биладиган унинг айби билан изза қилманг. Айтган гапининг балоси ўзига уради[1]”, дедилар.
Имом Жунайд намозга келаётганларида бир тентак у кишининг устидан ювинди тўкиб юборди. У киши бошдан оёқ шалаббо бўлди. Кейин эса: “Ҳар бир йўл қўйган камчиликларим ва қилган гуноҳларим учун Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳнинг лутфу иноятига ҳамдлар айтаман. Мен бирорта гуноҳ қилгандурманки, Аллоҳ таоло мени дунёда жазолаяпти, шунинг учун аччиқланмаслигим керак”, дея уйларига қайтиб бориб кийимларини алмаштириб, намоз ўқиш учун масжидга қайтган эканлар.
Иброҳим ибн Адҳамнинг олдидан ит етаклаб олган бир яҳудий ўтиб кетаётиб: “Эй Иброҳим, сенинг соқолинг тозами ё мана бу итнинг думими?” деб сўради.
Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ эса: “Соқолим жаннатга кирадиган бўлса, итингнинг думидан покроқ ва афзалроқ бўлади. Соқолим жаҳаннамга кирадиган бўлса, итингнинг думи соқолимдан пок ва афзал бўлади”, деб жавоб берди.
Яҳудий шаҳодат калимасини айтишдан ўзини тутиб тура олмай: “Худо ҳаққи, бу пайғамбарларнинг хулқи”, дебди. Иброҳим ибн Адҳам камтарлик қилган эди, у кишининг ҳузурида бир яҳудий мусулмон бўлди. Иброҳим Адҳамни такаббурлик қилмагани, қизишиб кетмагани учун Аллоҳ таоло у кишига (қимматбаҳо) қизил туялардан-да яхшироқ инъом ато этди. Зеро, Набий алайҳиссалом бу борада: “Сиз сабабли Аллоҳ таоло бир кишини ҳидоят йўлига солиши сизда бўладиган қизил туялардан-да[2] яхшироқдир”, деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти.
[2] Қизил туя ўша замоннинг энг яхши ва қимматбаҳо улови бўлган. Унга ҳар ким ҳам эга бўла олмаган.