Кеча, 19 февраль куни Баҳрайн Подшоҳлиги шафелигида Мусулмон донишмандлар кенгаши ташаббуси билан ушбу давлат пойтахти Манама шаҳрида бошланган халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқдалар.
Мазкур халқаро конференцияда Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб, Баҳрайн ислом ишлари бўйича олий кенгаш президенти Шайх Абдураҳмон бин Муҳаммад бин Рошид ал-Халифа, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд, Дорул улум Карачи Ислом университети профессори Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхул-ислом Аллоҳшукур Пошозода, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин каби таниқли уламолар, давлатлар муфтийлари, дин ва давлат арбоблари қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бутун дунёда тинчлик-осойишликни қарор топтириш, мусулмон уммати бирлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ва турфа миллат-элатлари аҳил-иноқлигига эришиш жуда ҳам муҳим экани, исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалаларни таъкидладилар. Шунингдек, ҳозирги кунда мусулмон уммати олдида турган долзарб муаммолар, келгусидаги истиқболли режалар тўғрисида фикр алмашдилар.
Конференция эртага, 20 февраль куни ҳам давом этади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Мусулмон донишмандлар кенгаши мустақил халқаро ташкилот бўлиб, 2014 йилда Бирлашган Aраб Aмирликларининг Aбу Даби шаҳрида ташкил топган. Кенгашга Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб раислик қилади. Муҳаммад Абдуссалом эса унинг бош котиби ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсади мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни биргаликда ҳал этиш, бағрикенгликни таъминлаш, бошқаларга ҳурмат сақлайдиган фаровон жамият барпо этишдир.
Кенгаш аъзолигига ўзининг серқирра фаолияти билан обрў-эътиборга эришган дунёнинг энг нуфузли мусулмон олимлари жалб қилинади. Ана шу уламолар қаторида Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам аъзо қилинган эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Авваламбор, саратон касаллиги босқичини ва даъволаш кетма-кетлигини билиб олиш керак. Саратон касаллигининг бирламчи даво муолажасини олаётган ёки операция ўтказилганидан кейин ҳали икки ой тўлмаган бўлса ёки кимё ва нур терапиялари олиниб, орадан икки ой ўтмаган бўлса рўза тутиш тавсия қилинмайди.
Қачон рўза тутиш мумкин?
Ҳар қандай саратонга қарши олинган муолажалардан кейин, икки ойдан ошган бўлса яъни биз бу касалликни якунига етган, ремиссия (уйқу ҳолатига ўтган касаллик) ҳолати деб баҳоланади. Шундай ҳолатларда рўза тутиш мумкин.
Кичик эслатма
Айнан ошқозон-ичак тракти саратони билан касалланган беморларда операциялар, мисол учун: ошқозон, ошқозон ости бези олиб ташланган ҳолатлар, ўт йўллари, жигар саратони билан оғриган беморларда ремиссия ҳолатида ҳам рўза тутиш, касалликни уйғотишга ёки организмни кейинги кутиладиган даво муолажаларини олишга тайёргарлик қисмини тўхтатиб қўйишига олиб келади. Бу билан бизнинг даволаш натижаларимиз нормал ҳолатдан кўра пасайиб кетиши мумкин.
Унутманг
Ҳар қандай қарорга келишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашинг!
Мақсуд Маллаев,
Онколог шифокор.