Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июл, 2025   |   4 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:15
Пешин
12:35
Аср
17:34
Шом
19:47
Хуфтон
21:14
Bismillah
29 Июл, 2025, 4 Сафар, 1447

Балки бошқа масжидда намоз ўқигандир

24.02.2025   4629   1 min.
Балки бошқа масжидда намоз ўқигандир

Аёл киши таксининг орқа ўриндиқлари бўш бўлатуриб, ҳайдовчининг ёнида ўтириб кетяпти? 
Бир киши масжиднинг ёнгинасидан ўтиб кетяпти, масжидда эса одамлар намоз ўқишяпти. У киши намозга кирмай ўтиб кетаверди? 
Бир кишининг ёнидан ўтиб кетатуриб унга салом бердингиз, лекин у саломингизга алик олмади? 

Биринчи ҳолатда, эҳтимол, аёл такси ҳайдовчисининг хотини бўлиши мумкин. 
Иккинчи ҳолат, масжидга кирмаган киши, эҳтимол бошқа масжидда намоз ўқигандир. 
Учинчи ҳолат, саломингизга алик олгмаган киши, эҳтимол саломингизни эшитмагандир.

Салафи солиҳлардан бирлари айтади: "Агар мен биродарларимдан бирининг соқолидан ароқ томиб турганини қўрсам, эҳтимол устига қуйилиб кетган бўлса керак?" дейман.
Агар уни тоғнинг тепасига чиқиб: "Мен сизнинг олий Роббингизман", деб бақираётганини эшитсам, эҳтимол у Қуръон ўқиётган бўлса керак? дейман. 

Ибнул Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Банда ўзининг қилаётган амалидаги ниятини аниқ билиб олиши жуда қийин иш. Қандай қилиб у бошқаларнинг ниятидан воқиф бўлиши мумкин?".

Кўпинча сиз суратнинг бир қисмини кўрганингизда, унинг қолган қисмини ҳаёлингизда ижобий шаклда гавдалантиришга ҳаракат қиласиз. Чунки ўша суратдаги одамга зулм қилиб, унга нисбатан ноҳақлик қилмаслик учун шундай ҳаёлга борасиз. Шундай экан, ҳаётдаги инсонлар ҳақида ҳам яхши гумонда бўлинг.


Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар!

28.07.2025   2226   3 min.
Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ مِنْ أَصْحَابِي يَمُوتُ بِأَرْضٍ إِلَّا بُعِثَ قَائِدًا وَنُورًا لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларимдан ким бир ерда вафот қилса, албатта, у қиёмат куни ўша (ерлик)ларга имом ва нур бўлиб тирилтирилур», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда саҳобаи киромлар фазлларининг қирраси очиб берилмоқда. У зотларнинг вафотлари ҳам ҳаётлари каби фазлга эга экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромларидан қай бирлари қайси юртда вафот топсалар, қиёмат кунида ўша юрт аҳолисига, албатта, мўмин-мусулмон ва тақводор кишиларга имом, яъни йўлбошчи ва нур бўлиб қайта тирилар эканлар. Зотан, саҳобаи киромлар кофир ва бетавфиқларга имом бўлмасликлари турган гап.

Модомики саҳобаи киромлар мазкур фазлларга эга эканлар, биз уларни эҳтиром қилмоғимиз, уларнинг ҳаётларини яхшилаб ўрганмоғимиз ва улардан ўрнак олиб яшамоғимиз лозим бўлади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللهَ اللهَ فِي أَصْحَابِي، اللهَ اللهَ فِي أَصْحَابِي، لَا تَتَّخِذُوهُمْ غَرَضًا بَعْدِي، فَمَنْ أَحَبَّهُمْ فَبِحُبِّي أَحَبَّهُمْ، وَمَنْ أَبْغَضَهُمْ فَبِبُغْضِي أَبْغَضَهُمْ، وَمَنْ آذَاهُمْ فَقَدْ آذَانِي، وَمَنْ آذَانِي فَقَدْ آذَى اللهَ، وَمَنْ آذَى اللهَ فَيُوشِكُ أَنْ يَأْخُذَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан (қўрқинглар!) Аллоҳдан (қўрқинглар!) Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан (қўрқинглар!) Аллоҳдан (қўрқинглар!) Мендан кейин уларни мўлжал қилиб олманглар. Бас, ким уларни яхши кўрса, мени яхши кўрганлигидан яхши кўрган бўлур. Ким уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўрганидан ёмон кўрган бўлур. Ким уларга озор берса, менга озор берган бўлади. Ким менга озор берса, Аллоҳга озор берган бўлади. Ким Аллоҳга озор берса, У Зот уни (катта ҳалокат билан) тутишига оз қолади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ривоятни шарҳ қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Унда саҳобаи киромларни сўкиш қанчалар оғир жиноят эканлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Саҳобаи киромларни сўкиш Аллоҳ таолони сўкиш билан тенглаштирилмоқда. Албатта, Аллоҳ таолони сўкиш дунёдаги энг катта жиноят эканлиги ҳаммага маълум.

Ким Аллоҳ таолога тақво қиладиган бўлса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига сазовор бўлишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёмон кўришларидан сақланишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккан одам бўлиб қолишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Аллоҳ таолони сўккан одам бўлиб қолишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди