Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Самарқанд вилояти, Булунғур тумани "Сулувқўрғон" жоме масжиди имом ноиби Раҳмонберди домла Умрзоқовнинг ҳамда Тойлоқ тумани "Ўрта" масжиди мутаваллиси Дилмурод Ғаффаровнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумларни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум диний соҳа ходимларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумларни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Раҳмонберди Умрзоқов ҳамда Дилмурод Ғаффаровнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Мусулмон ўз ризқига сабаб бўлаётган касбига меҳр қўяди ва унга вафодор бўлади. Тажриба инсон ўз касбига меҳр қўймагунча, бирор яхши натижага эришмаслигини такрор-такрор кўрсатган. Аксинча, касб-ҳунарига меҳр қўйган ва уни ўзига лозим тутганлар баракага сазовор бўлганларини ҳам кўпчилик яхши билади.
Бундан ўзга ризқ топиш учун сабаб бўлиб турган нарсани то у фойда бермайдиган бўлиб қолмагунча тарк қилмаслик кераклиги англанади. Нофеъ айтади: "Мен Шом ва Мисрга тижорат моли юборар эдим. Аллоҳ менга кўп яхшиликни ризқ қилиб берарди. Бир гал Ироққа (мол) юбордим. Сармоям ҳам қайтмади. Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирган эдим: “Ҳой болам, тижоратингни лозим тут. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирингизга бир эшикдан ризқ очилса, ўшани лозим тутсин”, деганларини эшитганман” деди".
Ҳа, мусулмон киши ризқи келиб турган эшикни ёпиб, ўзини бошқа эшикка уришга шошилмаслиги керак.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан