Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини Рамазон ойи учун тайёргарлик кўришга ундар ва бу ишни Рамазон ойи рўзасининг хусусиятлари, унга бериладиган улкан савоблар ҳақидаги ҳадислар билан амалга оширар эдилар. Бунга далолат қиладиган ҳадислар кўп. Қуйида уларнинг айримлари билан танишамиз:
"Агар Рамазон ойи кириб келса, осмон эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади" (Имом Бухорий ривояти, 1899-ҳадис).
«Рамазон ойининг илк кечаси кириб келганида, шайтонлар ва жинлар кишанланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, унинг бирорта эшиги очилмайди, жаннат эшиклари очилади, унинг бирорта эшиги ёпилмайди. Бир нидо қилувчи бундай нидо килади: "Эй яхшилик истовчи! Кутиб ол! Эй ёмонлик истовчи! Ўзингни тий!". Аллоҳ бу ойда бандаларни жаҳаннам оловидан озод қилади. Бу ҳар бир кечада бўлади» (Имом Термизий ривояти, 682-ҳадис).
"Сизларга Аллоҳ таолонинг фарзи ва муборак ой – Рамазон келди. Унинг рўзасини тутинглар. Бу ойда осмон эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда Аллоҳнинг минг ойдан яхшироқ бўлган бир кечаси бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, (ҳамма яхшиликлардан) маҳрум бўлади" (Насоий ривояти, 2106-ҳадис).
«Жаннатда «"Райён" номли бир эшик бор. Ундан қиёмат куни рўзадорлар киради. Улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. У кунда: "Рўзадорлар қаерда?" деб нидо қилинади. Шунда рўзадорлар ўринларидан турадилар. Улардан бошқа ҳеч ким Райён эшигидан кира олмайди. Рўзадорлар кириб бўлгач, эшик ёпилади, шундан кейин у эшикдан ҳеч ким кирмайди» (Имом Бухорий ривояти, 1797-ҳадис).
Бу улуғ суннатни тарғиб қилиш, бу чақириқ ва хушхабарларни овоза қилиш, одамларга Рамазон фазилати ва баракотини етказиш, бу ойда фурсатни ғанимат билиб, улкан савобларга эришиш ва саодат сари чорлаш барчамизнинг муносиб вазифамиз саналади. Мўмин-мусулмон бандалар Рамазон кириб келишидан қалбидан мамнуният туйиши, Рамазонга алоҳида тайёргарлик кўришга, Рамазон ойидаги савоб ва ажрлардан тўлиқ истифода этишга, турли лаззат ва таомларга маҳлиё бўлмасдан, ибодатга кўпроқ эътибор қаратишга ундаши айни муддаодир. Афсуски, кўплаб инсонлар Рамазон кириб келганини билмай қолишади, рўза тутса-да, рўзанинг мақсадини тўлиқ англамайди. Шу боис Аллоҳ таолодан ҳидоят ва тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўраймиз!
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда» китоби асосида тайёрланди.
Рўзадор кишининг чанқоқлиги унинг сабр-бардошини оширади, зеҳнни ўткирлаштириб, фикрини жамлайди ва асабни тинчлантиради.
Рўза ақлий ва нафсий иллатларни кетказиб, руҳий тушкунликдан халос қилади. Буни доктор Ю. Николаев ўз илмий тадқиқотида исботлади. У 1000 нафар беморни рўза билан муолажа қилди. Натижада, улардан 65% нинг ҳолати ижобий томонга ўзгарди. Беморларнинг ярмиси олти йилдан сўнг буткул соғайиб кетди. Шундан сўнг, у яна 35 та беморга “рўза дастури”ни қўллаб кўрди. Улардан 24 таси касалидан халос бўлди.
Баъзи шифокорлар сийдик йўли ва буйрак касалликлари билан оғриган беморларни рўза тутишдан қайтарадилар. Лекин мутахассисларнинг бу борада олиб борган тадқиқотлари бунинг аксини кўрсатди, яъни, рўза сийдик йўли касалликларига салбий таъсир қилмаслиги аниқланди.
Ислом динида бандаларга тоқати етмайдиган машаққатли, қийин амаллар таклиф қилинмайди. Хусусан, Рамазон рўзасини тутишга шаръий узри бор кишиларга енгиллик ато қилинган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”(Бақара сураси, 185-оят).
Агар рўза тутиш билан беморлар, кексалар, мусофирларга, ҳомиладор ва эмизикли аёлнинг ўзига ва гўдагига зарар етадиган бўлса, шариатимизда монеълар бартараф бўлгунча рўза тутмай туришликка рухсат берилган.
"Исломда саломатлик" китобидан олинди.