Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Ноябр, 2025   |   27 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:52
Қуёш
07:15
Пешин
12:13
Аср
15:20
Шом
17:05
Хуфтон
18:21
Bismillah
18 Ноябр, 2025, 27 Жумадул аввал, 1447
Мақолалар

Ўзбекистон халқига табрик

01.03.2025   15521   2 min.
Ўзбекистон халқига табрик

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.

Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.

Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

Азиз ватандошлар!

Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!

Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!

Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Таомнинг тасбиҳ айтганини эшитганмиз

17.11.2025   1204   1 min.
Таомнинг тасбиҳ айтганини эшитганмиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Биз оят-аломатлар (мўъжизалар)ни барака деб билар эдик, сизлар эса уларни қўрқинч билан қабул қиласиз. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Сувимиз тугаб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Озгина сув топиб келинглар, дедилар. Бир идишда озгина сув олиб келишди. Расулуллоҳ идишга қўлларини тиқдилар, сўнгра: Келинглар, муборак сувга келинглар, Аллоҳ азза ва жалладан барака бўлди, дедилар.

Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан сув қайнаб чиқаётганини кўрдим. Дарҳақиқиат, биз таом ейилаётган вақтда тасбиҳ айтганини эшитганмиз” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривоят қилганлар).

Имом Табароний ва Имом Байҳақий Абу Усайддан ривоят қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг ҳақларига дуо қилганларида эшикнинг кесакиси ва уйнинг деворлари “омийн”, “омийн” деб турган.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ