Фолбинлик – бу келажакни башорат қилиш, ноёб билимларга эга эканлигини даъво қилиш ёки ғайриоддий усуллар билан кимнидир даволаш иддаоси. Баъзилар қўллар, кафт чизиқлари ёки карта билан, бошқалари эса турли сеҳрли амалиётлар билан одамларни ишонтиради.
Ислом динида фолбинлик ва сеҳрдан қатъий қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай ишлардан қайтарган: “...Сенга зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга дуо қилма. Агар шундай қилсанг, албатта золимлардан бўласан” (Юнус сураси, 106-оят).
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким фолбин ёки кўзбойлоғичга бориб, унинг сўзини тасдиқласа, у Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил қилинган нарсага кофир бўлибди” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Бу ҳадис фолбинларга ишониш қанчалар оғир гуноҳ эканини кўрсатади.
Баъзилар қийинчиликлардан чиқиш йўлини қидириб, ҳеч қандай далилсиз фолбинларга югуради.
Кўпинча инсон ўз ҳаёти ҳақида “махфий маълумот” билишни хоҳлайди ва буни фолбинлардан излайди.
Кимдир фолбинларнинг сўзларига ишониб, уларни ҳақиқат деб қабул қилади. Ваҳолангки, фолбинга бориш дунё ва охират учун хатарлидир.
1. Иймонни заифлаштиради – Фолбинларга ишониш Аллоҳга бўлган таваккулни камайтиради.
2. Одамларни алдайди – Фолбинлар кўпинча ёлғон айтади ва одамларнинг пулларини ноҳақ йўллар билан олади.
3. Жамиятни бузади – Фолбинларга ишонган одамлар ўз ҳаётларини уларнинг гапларига қараб йўналтиради ва ҳақиқатдан узоқлашади.
Фолбинлардан ҳимояланишнинг йўллари:
1. Қуръон ва ҳадисларни ўрганиш – Исломда тақдир ва таваккул ҳақидаги тушунчаларни билиш фолбинларга ишонишдан сақлайди.
2. Истиғфор ва дуо қилиш – Қийинчиликда Аллоҳга юзланиш керак, чунки ҳақиқий ёрдам фақат Ундан келади.
3. Саҳиҳ илмга таяниш – Ҳар қандай масалада илмли уламолардан маслаҳат олиш керак.
Фолбинларга ишониш нафақат одамнинг ақлига, балки иймонига ҳам зарар етказади. Ҳақиқий ҳидоят фақат Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидандир. Шунинг учун ҳамма вақт Аллоҳга таваккул қилиб, Ундан ёрдам сўрайлик.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бугун, 4 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Самарқанд шаҳридаги "Намозгоҳ" жоме масжидида адо этдилар.
Жамоат намозидан олдин Муфтий ҳазратлари жомега йиғилганларга қадим Самарқанд шаҳрида бўлаётган "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммити халқаро иқлим форумининг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида “Ўзгаларга озор бермаслик – динимиз талаби” мавзусида суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазрат маъруза давомида аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган юртда тараққиёт, равнақ ва эл-юрт осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм суриши, аксинча қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олиб, юрт вайрон, эл пароканда бўлишини баён этдилар. Шунингдек, ўзга дин вакилларига ҳам озор бермаслик, улар билан жамиятда тинч-осуда, аҳил-иноқ бўлиб яшаш зарурлиги ҳақида сўз юритдилар.
Мавъиза асносида ўзгаларга озор бериш динимизда катта гуноҳлардан бири саналиши, Қуръони каримдаги: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят), деган мазмундаги ояти каримани шарҳлаб, унда ўзгаларга озор етказиш ножоизлиги, бу озор етказишнинг ҳар қандай кўринишини ўз ичига олиши, ўзгаларга озор бермаслик садақанинг бир тури эканини ҳаётий мисоллар билан сўзлаб бердилар.
Мазмунли суҳбат якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таоло барчага икки дунё саодатини насиб қилишини сўраб, элу юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати