Муҳтарам Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги Қарорларига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон - саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда.
Зеро, бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунчадир. Юртимизда 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик, толерантлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.
Дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенгдир. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб аждодлар шундай йўл тутганлар ва бизларга ҳам шундай ўргатганлар.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни турли-туман халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик” дея марҳамат қилган.
Муборак ойнинг улуғ кунларида муҳтарам Юртбошимиз қарорлари амалда эканлиги исботи ўлароқ бугун, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарход ака Кушаков, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи жисмоний имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, кам таъминланган турли диний конфессия вакиллари ҳолидан хабар олишиб, улар муборак Рамазон ойи билан қутлашди ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари билан ҳамкорликда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқаришиб, синиқ кўнгилларга хурсандчилик улашишди.
Бу каби саховат тадбирлари муборак Рамазон ойи охирига қадар давом этади.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Рамазон ойининг фазилатлари баён этилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимда ким шу ойда рўза тутганга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўза тутганнинг савобидан ҳеч кам бўлмаган савоб берилади”. Демак, ким рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Қиёматда Аллоҳ унга кавсар кўлидан бир қултум сув ичиради, натижада у жаннатга киргунча чанқамайди.
Ифторлик деганда, албатта, дастурхон ёзиб, кўп одам чақиришни тушунмаслик керак. Ёрдамга муҳтож одамларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик ҳисобланади.
Рамазон ойи муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, имом-хатиблар, нуронийлар, маҳалла фаоллари жойлардаги муҳтож оилалар, кекса ёшдаги нуронийлар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, ҳомийлар кўмаги билан уларга моддий ёрдамлар берилмоқда.
Аллоҳ таоло тутаётган рўза, тоат-ибодат ва хайрли амалларимизни даргоҳида қабул айлаб, барчамизни улуғ савобларга эриштирсин!
Бегис АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими