Масжидлардаги таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлардан кейин мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилаётган дуолар шарофатидан ўлкамизга осудалик, файз-барака ёғилмоқда. Зеро, Қуръон ўқилган жойда фаровонлик бўлади. У жойларга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади, бало-офатлар арийди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Шу йил 3 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари пойтахтимиздаги "Кулолқўрғон" жоме масжидида жамоатга ёшларни илм ва касбга йўналтиришнинг аҳамияти мавзусида маъруза қилиб бердилар. Муфтий ҳазратлари фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан ота-онасига боғлиқлиги, шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлиши лозимлиги борасида оят ва ҳадисларга таянган ҳолда сўзладилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай маънавий-маърифий суҳбатлар юртимизнинг барча масжидларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосарлари, имом-домлаларимиз томонидан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросини кенг оммалаштириш мақсадида илмий-оммабоп ҳужжатли фильм ва спектакль сахналаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.
Шу муносабат билан шу йил 5 март куни Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида драматург Шавкат Пардаев қаламига мансуб Имом Термизийнинг ибратли ҳаёти ва илмий меросини ўз ичига олган “Имом Термизий” номли асар сахналаштирилди.
Ушбу спектакль Жамоатчилик кенгаши томонидан мақулланди ва томошабинларга намойиш этишга тавсия этилди.
Мазкур асарнинг сахналаштирилиши, Имом Термизий шахсининг тарихий аҳамиятини янада очиб бериш ва ёш авлодга унинг илмий меросини танитишда катта аҳамиятга эга.
Имом Термизий халқаро илмий
тадқиқот маркази
Матбуот хизмати