Ибн Ато раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматида бундай дейилган:
"Кимки неъматга шукр қилмаса, унинг йўқолишига сабабчи бўлади, кимки шукр қилса, уни маҳкам боғлаб қўйган бўлади".
Яъни, агар инсон берилган неъматни қадрламаса, унинг йўқолишига сабаб бўлади, лекин агар шукр қилса, у неъмат сақланиб қолади ва янада ортади.
Неъматга шукр қилиш — Аллоҳ таолонинг яхшиликларини тан олиш, Унга шукр айтиш ва буйруқларига амал қилишдир. Шукр сўз билан чекланмаслиги, амалларда ҳам намоён бўлиши лозим. Фақатгина "Алҳамдулиллаҳ" деб айтиш кифоя эмас, балки Аллоҳ берган неъматлардан тўғри фойдаланиш ҳам зарур.
Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ шукрни бундай таърифлайдилар:
"Шукр — Аллоҳнинг неъмати бандада зоҳир бўлиши, бу неъматга ҳамду сано айтиб, Аллоҳдан эканлигини тан олишдир".
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"Аллоҳ банданинг овқат еб, Унга ҳамду сано айтишидан, сув ичиб, Унга шукр айтишидан рози бўлади."
Шукр қилишга мисоллар
1. Уч киши ҳақидаги ҳикоя (Бану Исроилдан)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Исроилдан бўлган уч киши ҳақида ҳикоя қилганлар:
Биринчи киши пес касалига чалинган эди, одамлар ундан нафратланар эди. Унга фаришта келиб, "Сен нима истайсан?" деб сўради. У: "Пес касаллигимдан халос бўлишни ва чиройли бўлишни истайман", деди. Фаришта унинг танасини тоза қилди ва унга туя берди.
Иккинчи киши кал бўлиб, сочлари тўкилган эди. Фаришта ундан "Нима истайсан?" деб сўради. У: "Сочларим қайта ўсишини ва мол-дунёга эга бўлишни истайман", деди. Фаришта унинг бошига қўлини қўйди, сочлари ўсди ва унга сигир берди.
Учинчи киши кўр эди. У ҳам кўришни ва бой бўлишни истади. Фаришта унинг кўзини очди ва унга қўйлар берди.
Кейинчалик уччаласи ҳам бой бўлди. Бир куни фаришта камбағал кийимда уларнинг олдига келиб садақа сўради. Биринчи иккита одам беришдан бош тортди ва Аллоҳ уларни аввалги аҳволига қайтарди. Аммо учинчи киши: "Мен аввал камбағал ва кўр эдим, Аллоҳ менга бойлик ва кўришни берди. Мендан хоҳлаганингни олиб, хоҳлаганингни қолдир", деди. Фаришта унга: "Аллоҳ сендан рози бўлди, лекин икки дўстингдан норози", деди.
2. Шукр қилган бир киши
Бану Исроилда бир киши оғир синовларга дуч келган эди, аммо ҳар доим шундай дерди: "Алҳамдулиллаҳ, мени кўпгина одамларга берилган балолардан асраган ва улардан афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!".
Ундан: "Сен қандай қилиб шукр қиласан, ахир сен мусибатга дучор бўлгансан?" деб сўрашганда, у: "Менда шукр қилувчи қалб, зикр қилувчи тил ва мусибатга сабр қилувчи тана бор. Бу катта неъмат эмасми?" деб жавоб берган.
Шукр қилган пайғамбарлар
1. Иброҳим алайҳиссалом:
Аллоҳ Қуръонда айтади: "Албатта, Иброҳим бир уммат эди, У Аллоҳга тўла итоат қилувчи ва мушриклардан эмас эди. У Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи эди, Аллоҳ уни танлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилди" (Наҳл, 120-121-оятлар).
2. Нуҳ алайҳиссалом:
Аллоҳ шундай деган: "Биз Нуҳни шукр қилувчи банда деб топдик" (Исро, 3-оят).
3. Мусо алайҳиссалом:
Аллоҳ унга шундай дейди: "Эй Мусо! Мен сени Ўзимнинг рисолатим ва сўзлашувим билан инсонлардан афзал қилдим. Энди сен Ўзим берган нарсани ол ва шукр қилувчилардан бўл!" (Аъроф, 144-оят)
4. Сулаймон алайҳиссалом:
Аллоҳ унинг сўзини шундай келтиради: "Бу менинг Роббим томонидан бир синовдир. Мен шукр қиламанми ёки куфр келтираманми? Ким шукр қилса, шукри ўз фойдаси учундир, кимки куфр қилса, менинг Роббим Бениёз ва Каримдир" (Намл, 40-оят).
5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар намоздан кейин дуо қилар эдилар: "Аллоҳумма аъинний аъла зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика."
(Аллоҳим! Менга Сенинг зикринг, шукринг ва гўзал ибодатинг учун ёрдам бер!).
Ўзлари пайғамбар бўлишларига қарамай, кечаси ибодат қилиб, кўп вақт тик туриб, оёқлари шишиб кетар эди. Бир куни у зотдан: "Нега бунча ўзингизни қийнайсиз?" деб сўрашганда: "Аллоҳга шукр қилувчи банда бўлмайинми?" деб жавоб берганлар.
Аллоҳ Қуръонда айтади: "Агар шукр қилсангиз, албатта, Мен сизларга янада кўпроқ берурман" (Иброҳим, 7-оят).
Аллоҳ бизни ҳам шукр қилувчилардан қилсин!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари бажарилмоқда. Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Имом Мотуридий халқни жипслаштиришда, унинг билимини мустаҳкамлашда, бағрикенглик тамойилларини ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг адашган тоифалар билан кескин тортишувлари, соғлом эътиқод асосларини ҳимоя қилиши мусулмонлар орасида илиқ қабул қилинган. Бугунги кунда ҳам Мотуридийнинг илм-маърифатга бўлган муносабати халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Мотуридий таълимотлари нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларга ҳам асосланган. У инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни алоҳида таъкидлаб, мусулмонлар орасида тинчлик ҳамда тотувликка чақирган. Бу ғоялар бугунги кунда жамиятимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493-1100)нинг “Усул ад-дин”, Абу Муин Насафийнинг (508-1114) “Табсират ал-адилла”, Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг (749-1348) “Масолик ал-абсор фи мамолик ал-амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қурашийнинг (775-1373) “ал-Жавҳарат ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлубуғонинг (879-1474) “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидийнинг (1205-1791) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин би-шарҳи Иҳё улум ад-дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг (1304-1887) “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сўнмас Қутлуғ, Ҳамза Бакрий, Саъд Аҳмад Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар эълон қилган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333-944) – ислом оламининг буюк олимларидан бири бўлиб, унинг номини тилга олган ҳар бир мусулмон илму ирфон ва маърифат оламининг беқиёс нурини ҳис этади. Мотуридий ўз даврида нафақат ақида ва калом илмида, балки умумий ислом илмларини шакллантиришда ҳам беқиёс ҳисса қўшган буюк зотдир. У танлаган йўл бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ва мусулмон умматининг маънавий мероси сифатида ўрганилиб келмоқда.
У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайди. Уларнинг аксари иймон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 йй.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик калом мактабининг бири сифатида танилди.
Манбаларда Имом Мотуридийнинг “Раббоний олим ва зоҳид” деб васф этилиши, тасаввуфда уни юқори мартабаларга чиққанини англатади. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирининг бир қатор ўринларидаги оятлар шарҳида илоҳий муҳаббат, зуҳд, тақво, дунёга берилмаслик каби тасаввуфнинг нозик қирралари ҳақида сўз юритган. Мазкур оятларнинг тафсирида келган маълумотлар Имом Мотуридийнинг тасаввуф пешвоси сифатида баҳолаш имконини беради.
Хусусан, у “Аҳзоб” сурасининг 113-ояти шарҳида зуҳдни икки қисмга тақсимлаб, уни батафсил изоҳлаган. Шунингдек, Имом Мотуридий: “Ер юзи набий ёки валийдан холи бўлмайди” деган. Абул Юсур Паздавий (ваф. 493-1100) ўзининг “Усул ад-дин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни қайд қилган: “У каромат соҳиби ва аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бўлган. Бобом Зоҳид Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилишича, Мотуридийнинг кўплаб кароматлари бўлган”.
Алишер Навоий ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”.
Бугунги кунда мотуридийлик таълимотини изчил ўрганиш, манбаларини атрофлича таҳлил қилиш хорижий ва маҳаллий мутахассислар олдида турган улкан вазифалардан биридир. Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши юртимизда мотуридийлик таълимоти тадқиқ қилинишининг янада ривожланиши белгиси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – барикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг хизматларини халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратади.
А.Аллоқулов, Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА