Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, энг кўп саховатли бўлганлар. Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Айниқса, Рамазонда саховатлари янада ошарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазонда эсаётган мўътадил шамол каби одамларга саховат кўрсатардилар”, дейилган.
Давлатимиз раҳбарининг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан бу йилги қутлуғ ой "Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилмоқда. Имом-хатиблар саъй-ҳаракати билан аҳолининг маънавий-моддий кўмакка муҳтож қатламига кўрсатилаётган ёрдамлар салмоғи тобора ортмоқда. Муборак ойда марғилонлик имом-хатиблар ҳам тарғибот гуруҳи фаоллари билан шаҳардаги ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий кўмак ва ҳимояга муҳтож шахслар, ўзга дин ва миллатга мансуб кишилар ҳолидан хабар олдилар. Улар билан мулоқот ўтказиб, муаммолари ўрганилди. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тилга олинди, турли миллат ва дин вакиллари бағрикенглик руҳида ва дўстона муносабатда яшаётганлар эътироф этилди.
Дарҳақиқат, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, қандай дин ва эътиқодда бўлишдан қатъий назар аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.
Ташриф давомида халқимизни Рамазон ойи билан муборакбод этилди, тинчлик ва хотиржамликка яна бир бор шукрона келтириб, дуо қилинди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Наманган вилоятида фаолият юритаётган имом-ноиблар учун йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, маҳаллаларда фуқаролар билан мунтазам ишлашлик ва ёт ғоялар таъсирига берилмаслик, айниқса, ижтимоий тармоқлар имкониятидан оқилона фойдаланиш, унда айрим динни ниқоб қилиб олган кимсалар томонидан тарғиб этилаётган мазҳабсизлик, радикализм ва бошқа экстремистик ғоялардан ўзимизни ва фарзандларимизни ҳимоялаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳада эҳтиёжларини қондириш учун доимо изланиб, хизмат қилишларига алоҳида ўрғу берилди.
Учрашув мобайнида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Олимжон Жўраев тўғри йўлдан адашганлар қисматини ўз ҳаётий мисоллари ва ёшларда ёт ғояларга қарши иммунитетини шакиллантиришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида таъсирли суҳбат қилиб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати