Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчилигида Наманган туманининг Шодлик тантаналар мажмуасида ҳамда Янги Наманган туманининг “Ҳазрати Билол“ жоме масжидида йиғилишлар ўтказилди.
Вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда "Ҳаж – 2024" зиёратчилари, маҳалла аҳли иштирок этган маърифий тадбирларда динимиз жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюриши, улар ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурматга чорлаши ҳаётий мисоллар асосида айтиб ўтилди.
Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига эл-юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш масалаларига урғу берилди.
Тадбирларнинг амалий қисмида масъуллар Янги Наманган тумани масжидлари ҳудудидаги маҳаллаларнинг бир неча хонадонларига кириб, аҳоли вакилларидан ҳол-аҳвол сўрашди. Уларнинг муаммолари ўрганилди. Таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Лозим бўлган оилаларга моддий-маънавий кўмаклар кўсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида ҳожиларнинг “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган ташаббуси сабаб эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ушбу хайрли ишлар айни кунларда ҳам давом этмоқда. Жорий йил, 3 апрель куни Фарғона шаҳрида амалий-намунавий тадбир ўтказилиб, унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этди.
Ташкилий йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, вазифалар тақсимланди. Убайдуллоҳ домла амалга ошириладиган ишлар кўлами ва Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамкорлигининг муҳим жиҳатларини тушунтириб ўтди.
Ишчи гуруҳ фаолияти уч йўналишдан иборат бўлиб, бир қатор хайрли ишларни амалга оширдилар. Жумладан, ишчи гуруҳ аъзоси ҳамда имом-хатиблар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж-2024” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этдилар. Биргаликда маҳалланинг энг камида 5 тагача муаммоли хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўрадилар. Уларнинг муаммоларини ўргандилар, фикр-мулоҳазаларини тингладилар. Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 85 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар.
Қайд этиш лозимки, бу каби хайрли ишлар замирида Фарғона шаҳар “Хўжамбердибой” масжиди ҳудудида яшовчи боқувчисини йўқотган, ўз уй жойига эга бўлмаган, ижарада яшаган фуқарога ҳожилар кўмагида янги хонадон олиб берилгани қувонарли ҳолдир.
Пешин намозидан сўнг жамоатга долзарб мавзуларда маърузалар ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Бу эзгу ташаббуслар юртимизда моддий-маънавий тарғибот ишлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати