Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жуда муҳим анъана йўлга қўйилган. Бу институт раҳбариятининг талабалар билан доимий мулоқотда бўлиб туришини ўз ичига олади. Куни кеча мазкур анъананинг амалий кўриниши сифатида долзарб мавзуда навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
Институт ректори Уйғун Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод Примов, “Қуръон илмлари” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов талаба-қизлар билан бугунги куннинг муҳим масалалари, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларида янгича ёндашувларни қўллаш юзасидан давра суҳбати ўтказди.
Учрашув илмий, маънавий-маърифий, ахлоқий ва сиёсий соҳаларни ўз ичига қамраб олди. Талаба-қизларнинг иш самарадорлиги нафақат институт ёки диний соҳа доирасида, балки уларнинг жамият олдидаги фуқаролик позицияси, Янги Ўзбекистоннинг маърифатли аёли тимсолини шакллантириш юзасидан масъулиятлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Талабаларга маҳаллий ва халқаро миқёсда амалга оширалаётган муҳим сиёсий жараёнлар ҳақида маълумот берилиб, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Давра суҳбати қизғин ва фаол мулоқот шаклида ўтказилиб, устозлар талабаларни илмий жиҳатдан шижоатлантирди ҳамда юқори муваффақиятларга эришиш усуллари ва уларнинг тадрижий босқичлари борасида тавсиялар берилди.
Шунингдек, учрашувда институт ректори У.Ғафуров талабаларнинг илмий изланишлари муҳимлигини таъкидлаб, Давлат Раҳбарининг Ўзбекистонда ислом цивилизацияси марказига қилинган ташриф доирасида диний-маърифий соҳа вакиллари олдига қўйган муҳим вазифаларини ва ҳамда талабаларнинг бу вазифаларни бажаришга салоҳиятли кадр бўлишлари муҳимлигини эслатиб ўтди.
Суҳбат хайрли дуо билан якунланди. Унда устозлар Яратгандан талабаларнинг илмий фаолиятларига муваффақият ва барака сўради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йил 2-4 апрель кунлари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спортнинг Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш турлари бўйича барча ёш тоифалари ўртасида беллашув ўтказилди.
400 дан ортиқ полвонлар ўртасида Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Бобоназаров Муҳаммад Содиқ тош кўтариш тури бўйича 18-23 ёшлилар орасида 95 кг+ вазн тоифасида фахрли 2-ўринни олди.
Шунингдек, Муҳаммад Содиқ 2025 йил 26 апрель санасида ўтказиладиган Жаҳон кубогида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Мусобақани Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш федерацияси президенти Вохиддин Нажмиддинов, гиннес рекордчи ва профессионал спортчилар кузатиб бордилар. Мусобақа якунида ғолибларга Спорт вазирлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.